Ўзбекистон | 13:38 / 16.12.2019
38519
2 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов Иқтисодиёт ва саноат вазирлигини тугатишни таклиф қилди

Фото: KUN.UZ

Иқтисодчи Юлий Юсупов Иқтисодиёт ва саноат вазирлигини «зарарли ташкилот» сифатида тугатишни таклиф қилди. Бу ҳақда у Facebook’даги саҳифасида ёзган.

Унинг фикрича, вазирлик тугатилмаса, мамлакатда ривожланиш бўлмайди. Экспертнинг бундай изоҳига муҳокама учун эълон қилинган ҳужжат лойиҳаси сабаб бўлди, унда вазирлик «ўрта бизнес» тоифасини жорий этиш ва бундай корхоналарни ҚҚС тўлашдан озод қилишни таклиф этган.

«Афтидан, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги иқтисодиёт қонунларига зид бўлган ҳамда мамлакат иқтисодий ривожига тўсқинлик қиладиган меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда биринчи ўринни эгаллашга қатъий қарор қилган. Бу ўн минглаб корхоналарни ушбу ёқимсиз ва қийин солиққа ўтказиш бўйича саъй-ҳаракатлардан кейин, ҚҚС ставкасини пасайтириш ва кўплаб имтиёзлар ҳамда истисноларни бекор қилиш тўғрисида (бир йил кечикиш билан) қарор қабул қилингач рўй бермоқда. Энди буларнинг барчасини унутиш ҳамда ислоҳотдан олдинги ҳолатга қайтиш таклиф этилмоқда. Ажойиб!» - деб ёзади Юсупов.

Унинг таъкидлашича, бундай чоралар фақат солиқ юкининг ошишига олиб келади, сабаби ҚҚС тўлашда бирон-бир имтиёз ва истиснолар бўлмаслиги лозим.

«ҚҚС тўлашнинг моҳияти ва механизмларини тушунмаслик ҳам шу даражада бўладими. Агар ушбу солиқни тўлаш занжирида тўламайдиганлар пайдо бўлса, унда солиқ юки кейинги ҳалқаларга тушади. Яъни, ҚҚС йўқ бўлиб қолмайди, у барибир тўлиқ миқдорда тўланади, фақат бошқа тадбиркорлар томонидан. Шунингдек, тўлов занжиридаги тафовут туфайли, илгари тўланган ҚҚС ҳисобга олинмайдиган ҳолатлар ҳам юзага келади. Солиқларнинг умумий юки янада ошади. Шунинг учун, ҚҚСни тўлашда ҳеч қандай имтиёзлар ва истиснолар бўлмаслиги керак. Бу алифбо, аммо вазирлик амалдорлари бу алифбони билишмайди шекилли», - дея хулоса қилган эксперт. 

Мавзуга оид