Жамият | 18:26 / 03.05.2022
17175
2 дақиқада ўқилади

«Дўконда савдо қилиб, иссиқхонадан ҳам даромад оляпман» — ёзёвонлик ёш тадбиркор йигит

Фарғона вилояти Ёзёвон тумани Хонобод қишлоғи Лимончилар кўчасида яшовчи 25 ёшли Абдулла Ҳомидов дўконлардан бирида сотувчилик қилади. У оила учун қўшимча даромад бўлсин деб томорқасида иссиқхона ташкил қилган. Сотувчиликдан ташқари иссиқхонага помидор ва бодринг экиб яхшигина даромад кўряпти.

«Иссиқхона бизнеси билан 3 йилдан бери шуғулланамиз. Бошида 2 та иссиқхона қилдик. Бодринг ва помидор экиб олган даромадимиздан яна ёнига 3-иссиқхонани ташкил қилдик. 8 сотих еримизга феврал ойи охирида помидор ва бодринг экамиз. Оилавий меҳнат қилиб экиб-пишириб шундан фойда оляпмиз.

Бу йил иссиқхонага қўшимча даромад бўлсин деб лимон кўчат экдик. Лимон кўчатларимиз кўклаб барг ёзиб қолди.

3 йил аввал иссиқхонанинг 2 сотихи 5 миллион сўмдан қурилган. Помидор Яратган берадиган деҳқончилик, эътиборли бўлиб яхши қарасангиз 1 туп кўчатдан 4 кгдан 6 кггача ҳосил беради. Ўртача 20 миллиондан ортиқроқ даромад оламиз. Кузда яна бўшаган жойга бодринг ва бақлажон экамиз. Улардан ҳам камида 10 миллион сўм фойда олинади. Бир сўз билан айтганда 8 сотих иссиқхонадан йилига ўртача 30 миллион даромад олса бўлади.

Бу ишга ўзимиз қизиққанимиз учун ҳам меҳнати ортиқча билинмайди. Эрталаб салқинда кириб бир қатор шохларини ипга ўраб сувини қуйиб, витаминлар берилади. Иссиқхона усти очиқ бўлмагани учун ўсимликларга витаминлар кам тушади. Шунинг учун ўсимликларга микроэлементлар сепилади.

Иссиқхонанинг ортиқча иши йўқ. Оилавий қилса бўладиган ишлар. Ўзим дўконда сотувчи бўлиб ишлайман. Эрталабда ишга кетишдан аввал 1 соат, ишдан келиб 1 соат ўсимликларга қарайман», – дейди ёш тадбиркор Абдулла Ҳомидов.

Ёш тадбиркорнинг ота-онаси давлат ташкилотида ишлайди. Оила аъзолари ишдан бўш вақтларида иссиқхонада ўсимликлар биргаликда парвариш қилинади. Абдулла Ҳомидов ёшларга иссиқхона ташкил қилиб қўшимча даромад топишларини тавсия қилади.

Сарвар Зияев, Kun.uz мухбири
Монтаж устаси: Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид