Жаҳон | 16:08 / 21.07.2024
49402
3 дақиқада ўқилади

Бруклинда ўзбекистонлик оила аъзолари ўлдирилди

Ню Йоркнинг Бруклин шаҳрида АҚШга 2007 йилда кўчиб борган ўзбекистонликлар оиласининг тўрт аъзоси — она, келин ва икки ёш боланинг жасади топилди. Полиция гумонланувчини қўлга олган. У оиланинг кичик ўғли бўлиб чиқди.

Фото: Kevin C Downs forThe New York Post

Бруклин шаҳрида (Ню Йорк) Ўзбекистондан бўлган 24 ёшли шахс оиланинг тўрт нафар аъзоси — ўз онаси, акасининг рафиқаси ва уларнинг кичик ёшли фарзандларини ўлдиришда гумонланиб қўлга олинди, дея хабар бермоқда CBS телеканали.

Қурбонлар Мавлуда Файзиева (56 ёш), Мафтуна Ҳакимова (27 ёш), шунингдек, Камила Шавкатова (5 ёш) ва Тимур Шавкатов (4 ёш) экани аниқланган. Гумонланувчининг акаси полицияга қўнғироқ қилган.

The New York Post нашри ёзишича, гумондор бўйнидан пичоқ тортилган онасининг жасадини адёлга ўраб қўйган, болаларнинг жасадларини эса кийимлар саватига солиб, шкафга яширган. Болаларнинг онаси ҳам тиғ билан етказилган жароҳатлар билан уй яқинида топилган.

Айбдорлик ҳисси қийнаётган қўшнилардан бирининг айтишича, ўша тунда болалар «Мама» ва «Mom» дея бақиргани эшитилган. «Мен нега дарҳол полиция чақирмадим? Нима учун эшикка яқин бормадим? Аммо мен эшикка борганимда у ерда жасадлар бешта бўларди» дейди ўз шахсини очиқламаган қўшнилардан бири.

Ўзини Пол деб таништирган гувоҳлардан бири кўчада турганида гумонланувчи бинодан чиқиб кетганини кўрганини айтади.

Маълум вақт ўтиб болаларнинг отаси унинг ортидан чиққан ва қўшнилардан «менинг оиламни кўрмадингизми» деб сўраган.

«У чопиб чиқди ва деди: менинг онам полда ётибди, қон кўп. Оилам йўқолди», дея эслайди гувоҳлар.

Ота 911 хизматига қўнғироқ қилган ва детективлар келгач, улар билан биргаликда квартирага кирган.

Кўп ўтмай гумонланувчи қайтиб келган. «Мен айбсизман. Мени ҳибсга олинг. Бу мен эмасдим», дея унинг сўзларини эслайди Пол.

Унинг қўлини кишанлаган ҳолда олиб кетишган. Якшанба куни унга айблов эълон қилиниши кутилмоқда.

The New York Post нашри гумонланувчи руҳий касал бўлиши мумкинлиги ҳақида ёзган. Қўшнилар уни танишган, бироқ оила уни кўчага тез-тез чиқишига рухсат бермаган.

«У қўрқинчли эди. Мен ундан узоқроқ юрардим. У йирик гавдали, тажовузкор, жаҳлдор булдогники каби кўз қарашига эга одам эди», дейди Пол.

Шунингдек, қўшнилардан бири у гиёҳванд моддалар истеъмол қилган бўлиши мумкинлигини тахмин қилган.

Хабар қилишларича, оила АҚШга 2007 йилда келган. Улар сўнгги 10 йил давомида Бруклиндаги квартирада яшаган.

Мавзуга оид