Ўзбекистон | 21:50 / 06.02.2023
9734
3 дақиқада ўқилади

Бу йил ўтган йилга қараганда 2 баробар кўп хонадон қуриб фойдаланишга топширилади

Бундан ташқари, давлат дастури лойиҳасига кўра, 2023 йилда “Ташаббусли бюджет” жараёни орқали тақсимланадиган маблағлар миқдори 8 трлн сўмдан 23 трлн сўмга (+15 трлн сўм) етади. Порталда овоз бериш жараёнларини холис ва маъмурий аралашувларсиз ташкиллаштириш механизмлари жорий қилинади.

Фото: Kun.uz

2023 йилда 53 та “Янги Ўзбекистон” массиви ва 161 та бошқа массивларда, жумладан, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан янги уй-жойлар қуришнинг йиллик ҳажмлари 2 баробарга оширилиб, 90 мингга етказилиши кўзда тутилмоқда. Бу – 2023 йилги давлат дастури лойиҳасида кўзда тутилган.

Маълум қилинишича, 2022 йилда 44 мингта хонадон қурилиб, фойдаланишга топширилган. 2023 йилда қуриладиган хонадонлар сони эса ўтган йилга нисбатан камида 100 фоизга кўпаяди.

Шунингдек, аҳолига фонд бозорида фаол иштирок этиш учун қулай шароитлар яратиш ва капитал бозорини ривожлантириш бўйича чоралар ишлаб чиқилади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу борадаги таклифларни 2023 йил 1 сентябргача Президент администрациясига киритиши назарда тутилмоқда.

2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 триллион сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 4 триллион сўм йўналтирилади.

2023 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм ажратилади.

Натижада, мазкур тадбирларга ажратилаётган маблағлар миқдори қарийб 2 баравар кўпайтирилишига эришилади. Масалан, 2022 йилда ушбу тадбирлар учун 4,3 трлн сўм маблағ ажратилди.

2024 йил учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридан бошлаб, давлат органлари томонидан таклиф этилган ижтимоий ҳамда муҳандислик инфратузилма объектларини ушбу дастурга “Очиқ бюджет” порталида овоз бериш жараёнида тўпланган овозлар сонига кўра киритишни амалга ошириш амалиёти жорий этилади.

Натижада, “Ташаббусли бюджет” жараёни орқали тақсимланадиган маблағлар миқдори 8 трлн сўмдан 23 трлн сўмга (+15 трлн сўм) етади.

2023 йил 1 июлдан бошлаб, “Маҳалла бюджети” тизимини барча туманлар ва шаҳарларда жорий этиш орқали маҳаллаларга ўз муаммосини мустақил ҳал этиш ҳамда ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш учун 800 миллиард сўмгача маблағ йўналтирилади.

Жорий йилдан эксперимент тариқасида 14 та туманларда, 1 июлдан эса барча туман (шаҳар)ларда “Маҳалла бюджети” тизими жорий этилади.

Лойиҳаларни жамоатчилик фикри ва “Очиқ бюджет” порталида тўпланган овозлар асосида молиялаштиришнинг мутлақо янги тизимини амалиётга киритиш таклиф этилмоқда. Бунда, овоз бериш жараёнларини холис ва маъмурий аралашувларсиз ташкиллаштиришнинг аниқ механизмларини жорий қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Мавзуга оид