Ўзбекистон | 11:50 / 27.09.2017
117452
3 дақиқада ўқилади

Пахта–2017: Ҳар бир банк ходими 5 нафардан теримчи ёллайди

Фото: KUN.UZ

Бугун ижтимоий тармоқларда Марказий банк раиси ўринбосари Ш.Атабаев томонидан 26 сентябрь куни имзоланган, факс орқали қабул қилинган хат суратлари тарқалди. KUN.UZ таҳририятига бир биридан мустақил иккита манбадан шундай хатнинг суратлари етиб келди.

Унга кўра, тижорат банклари бошқаруви раислари ва Марказий банкнинг ҳудудий бош бошқармалари бошлиқларидан 2017 йил пахта ҳосилини йиғиб териб олинишига кўмаклашиш мақсадида банкнинг ҳар бир ҳудудий филиалларида ишлаётган ҲАР БИР ХОДИМ 5 НАФАРДАН ТЕРИМЧИ пахта йиғим-теримига жалб этилишини ташкил қилиши сўралмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 12 сентябрь куни «Республика банк тизими барқарорлиги ва ривожланишини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолаган эди.

Қарорга кўра вазирликлар ва идоралар, давлати ҳокимияти органлари раҳбарлари:

– тижорат банклари ва унинг филиаллари ишига аралашиши, тадбиркорлик рискларини бошқариши, жумладан, бизнес режаларда назарда тутилмаган хайрия ва взнослар бўйича харажатларни амалга ошириши;

– давлат ва ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожланиш дастурларига тижорат банклари ҳисобидан амалга ошириладиган лойиҳаларни уларнинг ижобий хулосасини олмасдан қўшиш тақиқланган эди.

Бош прокуратурага давлат органларининг тижорат банклари ишига аралашиш устидан назоратни кучайтириш вазифаси топширилган эди. Президент қарори 25 сентябрдан кучга кирган.

Эслатиб ўтамиз, Республикамизда 1000га яқин тижорат банклари филиаллари мавжуд ва унда бир неча ўн минг ходим фаолият олиб бормоқда. Марказий банк раиси ўринбосари томонидан йўлланган хатда 5 нафардан теримчи қай тариқа жалб этилиши ва уларнинг меҳнати ниманинг ҳисобига молиялаштирилишига аниқлик киритилмаган.

KUN.UZ таҳририяти бу масалаларни аниқлаштириш учун Марказий банк раиси ўринбосари Шуҳрат Атабаев билан боғланди ва ушбу хатга изоҳ сўралди.

Шуҳрат Атабаев шундай деди: «Бу хат жўнатилишидан мақсад, банклар жойлашган ҳудудларда бекор юрган, ишсиз фуқаролар бўлса, пахта йиғим-терим вақтида уларга тарғибот қилиш. Банкирлар ёки бюджет ташкилотларни чиқаринглар, деган топшириқ йўқ.

Гарчи хатда бу вазифани аниқ қилиб ёзмаган бўлсак ҳам, биз ходимларимизга бошқатдан йиғилиб, гаплашиб, тушунтирдик. Чунки таъкидлаганимдек, банклар жойлашган маҳаллаларда уюшмаган аҳоли вакиллари, бекор ишсиз юрган фуқаролар бор, ҳозир пахтага 500 сўмдан пул берилмоқда, улар чиқиб ёрдам беришса ўзларининг моддий аҳволи яхшиланишини тушунтиришни банкирлардан илтимос қилганмиз».

Бир қарашда барчаси тушунарлидек, лекин бу ўринда иккита муҳим савол юзага келади:

Агар илтимос дейилаётган бу топшириқ бажарилмаса, банкларга нисбатан бирор чора кўриладими? Банк ходимлари қай вақтда мазкур топшириқ билан шуғулланишлари, яъни уюшмаган ёшларни қидириб топишлари лозим? Иш вақтидами, ишдан олдинми ёки кейин?

Мавзуга оид