Ўзбекистон | 10:10 / 24.05.2024
9974
2 дақиқада ўқилади

Туркияда ушланган шахс Ўзбекистонга депортация қилинди

Фирибгарлик ва одам савдосида айбланиб қидирувга берилган 45 ёшли шахс Туркияда қўлга олинган эди.

Фото: Истанбулдаги бош консулхонаси

Ўзбекистонда содир этган жиноятлари учун қидирувда бўлган шахс Туркиядан Ўзбекистонга депортация қилинди. Бу ҳақда мамлакатнинг Истанбулдаги бош консулхонаси хабар берди.

Туркия ва Ўзбекистон ИИВ ҳамкорлигида 6 май куни Истанбул шаҳрида навбатдаги тезкор тадбир ўтказилган. Унда фирибгарлик ва одам савдоси жиноятларини содир этганликда айбланиб қидирувда бўлган Озод Раҳимов (1979 йилда туғилган) қўлга олинган.

У Самарқанд вилоятида фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан ўзлаштиришда, шунингдек, Истанбул шаҳрида бўлган даврида 2022−2023 йиллар мобайнида бир қанча Ўзбекистон ва Тожикистон фуқароларини Туркия-Испания-Никарагуа-Мексика йўналиши бўйлаб АҚШга юборишни ваъда қилиб, фирибгарлик йўли билан уларнинг ҳар биридан 10−15 минг АҚШ доллари олиб, ваъдасини бажармасдан, ўзининг шахсий манфаатларига ишлатиб юборганликда айбланмоқда.

23 май куни у Бош консулхона ходимлари иштирокида Ўзбекистонга депортация қилинди. Ушбу шахснинг хатти-ҳаракатларидан жабр кўрган фуқаролардан Бош консулхонага ёки ИИВга мурожаат қилиш сўралган. 

Мавзуга оид