Ўзбекистонлик блогер Туркияга киритилмади. Унга Бош консуллик ҳам ёрдам бера олмаган
“Туркиядаги ўзбеклар” Telegram-канали муаллифи Бекназар Раҳматов Туркияга киритилмади. Бу ҳақида у ўз каналида эълон қилган.
28 май куни блогер Истанбул аэропортида махсус хизмат ходимлари томонидан олиб кетилгани ва Туркияда қонуний яшаб ва ишлаб келса-да, Ўзбекистондан қайтиш чоғида депорт қилинаётганини айтган:
“Мени ҳам депорт қилишмоқда. Шунча одамни огоҳлантириб, ўзимнинг бошимга тушди.
Туркияда 4 йилдан буён ишлаш рухсатномаси билан яшаётган бўлишимга қарамай, 28 май куни Истанбул аэропортида Тошкентдан Истанбулга келган вақтимда, самолётдан тушиб 30 метр ҳам юрганим ҳам йўқ, "Beknazar Rakhmatov gim?" деб 4 нафар хавфсизлик ходими мени 200 та одамнинг орасидан алоҳида чақириб олди.
Мен учун алоҳида тараддуд кўришибди, бирга учиб келган юртдошларимиз "сизни қаердан танишади, нимага сизни кутиб олишди?" деган саволлар билан ҳолатимга қизиқиб ҳам қолишди. Ҳужжатларим ҳаммаси жойида бўлишига қарамай, ҳеч қандай сабабсиз ортга қайтариб юборишмоқда” деб ёзади у.
Раҳматовнинг нима сабабдан мамлакатга киритилмагани ва депорт сабаби маълум эмас. У билан хабарлашган айни пайтда Туркияда истиқомат қиладиган яна бир ўзбекистонлик Файзуллахон Отахонов ўз Facebook саҳифасида унинг аэропортда бир хонада ушлаб турилганини маълум қилган:
“Ҳозирда аэропортда бир хонада ушлаб турилибди. Қўнғироқ қилдим гаплашдим, ўзи ҳам гапириб берди. Полция қўлидан паспортини олиб расмда кўриб турган хонага қўйишган. Бироздан кейин, сенга код қўйилган экан Туркияга киришинг мумкин эмас, деб депорт муҳрини босишган ва тезда бугунги кечки рейсга билет ҳам олишган. Бекназар бунчалик тез ҳаракат қилиб мени қайтариб юбораётганларига ҳайронман деяпти.
Бекназар жуда яхши йигит, Туркия ва Ўзбекистон учун кўп яхши ишлар қилди. Икки халқни бирлаштирадиган, бир-бирига танитадиган мақолалар ёзди, хабарлар ёритди. “Туркиядаги ўзбеклар” Бекназарни жуда яхши танишади, каналидаги фойдали мақолаларни, бераётган маълумотларни ўқиб боришади. Қийналганларга жуда кўп ёрдам қилганига ҳам гувоҳман.
Хуллас, Бекназарни нега депорт қилишяпти билмадим, лекин катта хато қилишяпти. Ўзи охирги пайтларда Туркиянинг биз ўзбекларга қилаётган муомаласи олдингидек эмас. Охирги 2-3 ойда депорт қилинаётган ватандошларимиз анчагина кўпайган. Ҳужжатсиз юраётганлар бўлса майли, лекин Бекназарга ўхшаб ҳамма ҳужжати жойидаларни ҳам орқага қайтараётганига гувоҳ бўляпмиз.
Бу каби ишлар икки давлат орасидаги алоқалар заифлашишига олиб келади. Хатолар тузатилиши керак, муаммолар чуқурлашиб кетмасин” деб ёзади у.
“Migrant.uz”нинг ёзишича, Бекназар Раҳматовга Истанбулдаги Бош консулхона ҳам ёрдам бера олмаган.
“Қизиғи, бутун бошли самолётдан фақат Бекназар Раҳматовгина турк чегарачиларининг назарига тушган. Бекназар Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консуллиги ҳам қўлидан келганча ёрдам беришга ҳаракат қилгани, бироқ охир-оқибат ҳужжатлари жойида бўлишига қарамай, ҳеч қандай сабабсиз ортга қайтариб юборилганини ёзган”.
Маълум қилинишича, блогер турк чегарачилари ҳаракатидан норозилигини билдириб, икки ой ичида апелляция бериш ҳуқуқидан фойдаланишини айтган.
“Миграция масалаларига бағишланган қатор нашрларда жорий йил март ойидан бери Истанбулга келган 20-35 ёшли ўзбекистонлик ёшларнинг айримлари Ўзбекистонга қайтарилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Бекназар Раҳматов ҳам ўзининг Telegram-каналида ушбу ҳолатлар ҳақида маълум қилиб келаётган эди.
Бу хабарлардан сўнг Туркияда яшаётган ўзбекларда хавотир уйғонди. Шу йил май ойи бошида Тошкентга ташриф буюрган Туркия вице-президенти Жевдет Йилмаздан ўзбекистонлик журналистлар ўзбекистонликларнинг Туркияга киритилмагани ҳолатларига изоҳ беришни сўради” дейилади хабарда. Сайтнинг Туркиядаги мухбири Соҳиба Ҳаёт Бекназар Раҳматовнинг 5 йилга депорт қилинганини айтган. Айни вақтда блогер билан боғланишнинг имкони бўлмади. Унинг 22 мингдан ортиқ обуначиларга эга телеграм канали ишлаб турибди.
Ўзбекистонликларнинг Туркияга киритилмаётгани юзасида Истанбулдаги Бош консуллик ва Ташқи ишлар вазирлиги ҳозирча муносабат билдирмади.
Мавзуга оид
17:29 / 18.11.2024
Bloomberg: Эрдўған Россия—Украина урушини музлатиб қўйиш режасини тайёрлади
21:10 / 17.11.2024
Туркия Исроил президентининг самолётини ўз ҳаво ҳудудига киритмади — ОАВ
16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди
18:09 / 05.11.2024