11:47 / 26.04.2024
3331

Ўзбекистонда икки ойда аҳолидан 500 млн сўмлик электр энергияси сотиб олинди

ДСҚ томонидан «Қуёшли хонадон» дастури асосида январ-февралда аҳоли хонадонларида ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилиб, электр тармоқлари корхонасига узатилган (сотилган) электр энергияси учун 500 млн сўмлик субсидия тўлаб берилган.

Фото: Kun.uz

«Қуёшли хонадон» дастури доирасида аҳолидан 500 миллион сўмлик электр энергияси сотиб олинди. Бу ҳақда «Ўзбекистон 24» телеканалида эфирга узатилган репортажда айтилган.

Давлат солиқ қўмитаси томонидан «Қуёшли хонадон» дастури асосида январ-феврал ойларида аҳоли хонадонларида ўрнатилган қуёш панеллари орқали ишлаб чиқарилиб, ҳудудий электр тармоқлари корхонасига узатилган (сотилган) электр энергияси учун 500 миллион сўмлик субсидия тўлаб берилган.

Жисмоний ва юридик шахслар ўз эҳтиёжи учун ўрнатган қуввати 1 МВтгача қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган электрнинг ўз эҳтиёжидан ортиқчаси «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан сотиб олинади.

Электр энергиясини ишлаб чиқарувчи ўзи фойдаланиши учун ҳосил қилинган электр энергиясини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга ўз электр тармоқлари орқали сотиши мумкин.

Электр энергиясини ишлаб чиқарувчининг ўз электр тармоқлари мавжуд бўлмаган ҳолатларда «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ тармоғидан транзит хизматлари учун идоралараро тариф комиссияси ҳужжатларида белгиланган тариф асосида тўловларни амалга оширган ҳолда бошқа жисмоний ва юридик шахсларга етказиб берилади. 

Етказиб берилган электр энергияси учун тўловлар ҳисоб-китоб ойидан кейинги ойнинг 25-санасига қадар: 

- «Қуёшли хонадон» дастури доирасида жисмоний шахсларга тегишли объектларда ўрнатилган қуёш панелларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига (ижобий тафовут) Давлат бюджетидан 1000 сўм субсидия ажратилади (Soliq мобил иловаси орқали); 
- жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўз эҳтиёжи учун ўрнатиладиган қуввати 1 МВтгача бўлган қуёш, шамол ва биогаз электр станцияларида ишлаб чиқарилган ва ўз истеъмолидан орттириб ягона электр энергетика тизимига узатилган электр энергиясининг ҳар бир киловатт-соатига (кафолатланган тарзда II тариф гуруҳи истеъмолчилари учун белгиланган тарифнинг 80 фоизи миқдорида) «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ томонидан тўлаб берилади. 

Top