Жаҳон | 07:52 / 08.06.2024
8986
2 дақиқада ўқилади

Дания бош вазири Копенҳагенда ҳужумга учради

Эски шаҳардаги майдонда номаълум шахс Метте Фредериксенга зарба берган. У қўлга олинди.

Фото: AP

Дания бош вазири Метте Фредериксен Копенҳагенда ҳужумга учради. Маҳаллий Ekstra Bladet нашри унинг идорасига таяниб хабар беришича, 7 июн, жума куни Дания пойтахти марказида номаълум эркак унга зарба берган.

Матбуот хабарида айтилишича, бош вазирнинг ўзи ҳам воқеадан ҳайратда қолган, ҳужум қилган шахс эса қўлга олинган. Ekstra Bladet манбаларига таяниб ёзишича, Фредериксен яхши ҳолатда, лекин у содир бўлган воқеадан «жуда ҳайратда». 

Европада сиёсатчиларга ҳужумлар 

Май ойи охирида Германиянинг Манхайм шаҳрида Pax Europa ҳаракатидан сиёсатчи Михаэл Штюрценбергер пичоқлаб кетилди. Ҳодисада 29 ёшли полициячи Рувен Л. ҳам ҳалок бўлди. Бир неча кундан сўнг худди шу жойда ўнг қанот популист «Германия учун муқобил» (ГуМ) партиясидан жамоатчилик кенгаши раҳбари лавозимига номзод Хайнрих Кохга пичоқ билан ҳужум қилинди.  

Аввалроқ Германияда бошқа сиёсатчилар ҳам ҳужумга учраган эди. Хусусан, май ойи бошида Германия социал-демократик партияси (ГСДП) аъзоси, Берлиндаги иқтисодий сенатор Франциска Гиффай ва Дрезденда исми ошкор этилмаган сиёсатчи бир кунда ҳужумга учради.

15 май куни Словакия бош вазири Роберт Фицо бир неча бор ўқ узилиши оқибатида яраланган эди. Суиқасдда гумонланувчи - 71 ёшли словак ёзувчиси Юрай Цинтула. У ўз ҳаракатини ҳукумат сиёсатидан норози экани билан изоҳлади. 31 май куни Фицо касалхонадан чиқди. 

Мавзуга оид