Жаҳон | 08:00 / 24.05.2024
11174
2 дақиқада ўқилади

ИҲЕС Гуржистон собиқ президенти Саакашвилининг шикоятини рад этди

Суд бир овоздан Саакашвили Гуржистондаги жиноий суд жараёнларида адолатли судловдан маҳрум этилмагани ҳақида қарор чиқарди.

Фото: AP

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди (ИҲЕС) Гуржистон собиқ президенти Михаил Саакашвилининг унга қарши ўтказилган икки жиноий суд жараёнидаги қонунбузарликлар ҳақидаги шикоятини қаноатлантирмади. «Собиқ президентга нисбатан жиноий иш қўзғатилишининг адолатлилигига шубҳа қилиш учун ҳеч қандай асос йўқ», — деб ёзади ИҲЕС матбуот хизмати X ижтимоий тармоғида

Саакашвилининг ИҲЕСга аризаси унга нисбатан қўйилган иккита жиноий иш юзасидан бўлган. Биринчиси, 2005 йилда депутат Валерий Гелашвилининг шафқатсизларча калтакланишини ташкил қилиш билан боғлиқ бўлса, иккинчиси, Саакашвили 2008 йилда қотилликда айбланган Гуржистон Ички ишлар вазирлигининг тўрт нафар юқори мартабали амалдорига берган амнистия билан боғлиқ. Икки ҳолатда Саакашвили 2018 йилда айбдор деб топилиб, сиртдан мос равишда олти ва уч йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган. 

ИҲЕС: Суд жараёнларида ҳеч қандай қонунбузарлик кузатилмади

ИҲЕС бир овоздан Саакашвилини бу ишлар бўйича адолатли судлов ҳуқуқидан маҳрум этилмагани ҳақида қарор чиқарди. Суд, шунингдек, инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 7-моддаси («Фақат қонун бўйича жазолаш») собиқ президентга нисбатан бузилмаган, деган қарорга икки овозга қарши беш овоз билан келди.

Қарорда, шунингдек, собиқ президент ўзига қўйилган айбловларнинг сиёсий мотивларини асослаб бера олмагани қайд этилган. ИҲЕС Тбилисидаги суд томонидан қўйилган айбловлар «жиддий ва асосли» эканлигини ва суд қарама-қаршилик асосида ўтганини таъкидлади. 

Саакашвили Гуржистонда 9 йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда 

Михаил Саакашвили 2021 йилда Гуржистонга қайтганидан кейин ҳибсга олинган. У тўққиз йиллик қамоқ жазосини ўтамоқда. Норозилик белгиси сифатида собиқ президент қамоқхонада кўп маротаба очлик эълон қилган. Унинг соғлиғи бир неча бор оғир деб тан олинган. 2022 йилдан бери Саакашвили хусусий клиникада ҳибсда сақланмоқда.

Мавзуга оид