Қамал қилинаётган Жабалия, Яҳё Синварнинг буйруғи ва кейинроққа қолдирилган «Рамштайн» — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил армиясининг Ғазога ҳужумлари қайталади. Секторнинг шимолидаги Жабалия мавзесида жойлашган Ал-Яман ас-Саид шифохонаси яқинидаги отишмаларда 16 нафар фаластинлик ўлдирилган.
Шифохона директори Камол Адван Ҳусам Абу Сафиянинг маълум қилишича, 16 нафар ҳалок бўлганлар ичида аёллар ва ёш болалар ҳам бор. Уларнинг кўпчилиги тириклай ёниб кетган.
Ижтимоий тармоқларда тарқатилган тасвирлардан кўринишича, шифохона яқинидаги қочқинларнинг чодирларига ҳам зарар етган. Шу сабаб аёллар ва ёш болалар ҳам ёниб кетган.
Ғазо сектори шимолий қисмининг Исроил томонидан оккупация қилиниши тўрт мақсадни кўзлайди, деб ёзмоқда Исроил оммавий ахборот воситалари.
Кўзланган мақсадларга кўра, Исроил ҲАМАС жангчиларини қуршаб олиш, инфратузилмани вайрон қилиш, ҳудуддан туриб ракета учирилишига чек қўйиш, шунингдек Исроил билан чегараларга чиқишга монелик қилишни кўзламоқда.
WALA янгиликлар сайтининг маълум қилишича, Исроил армияси жанубий қўмондонлигининг бригада генерали Ицик Коэн қўмондонлиги остидаги 162-дивизияси узоқ муддатда Ғазо сектори шимолидаги Жабалия мавзесида кенг кўламни операция ўтказишни мўлжалламоқда.
Ҳужумлар нафақат Ғазо секторида, Фаластиннинг Ўрдун дарёсининг ғарбий соҳилидаги қисмида ҳам давом этмоқда. ҲАМАС қаршилик ҳаракати эса чоршанба куни Исроил махсус кучлари томонидан Ғарбий соҳилда жойлашган Наблус шаҳрида ўтказилган операция «Оккупациянинг террористик тарихини давом эттирувчи шафқатсиз жиноят» эканини таъкидлаган.
ҲАМАС Наблусдаги фаластинликларнинг ўлими юзасидан таъзия билдирди ва Ғарбий соҳилдаги қаршиликлар репрессияларга қарамасдан қаршилик ҳаракати сўнмаслигини билдирган. Ташкилот мақсадли қотилликлар сиёсати Фаластин халқининг курашга бўлган иродасини синдира олмаслиги ва қатъиятини сўндирмаслигини таъкидлаган.
ҲАМАС шунингдек Ғарбий соҳилдаги фаластинликларни оммавий намойишларга, Исроил оккупациясига қарши туришни фаоллаштиришга, барча ҳудудлардаги мажбурий кўчирилганларни ўз ерларини ва муқаддас манзилгоҳларини ҳимоя қилишга чақирган.
Яҳё Синварнинг буйруғи
Анчадан буён дараги чиқмай кетган ҲАМАС етакчиси Яҳё Синвар Исроилда террорчилик актлари содир этишга буйруқ берган.
Исмоил Ҳания Теҳронда ўлдирилгач Яҳё Синвар ҲАМАСда етакчи ролга чиқиб қолган. Wall Street Journal ва Times of Israel нашрлари араб махсус хизматларининг номини ошкор этмаган ходимларига таяниб, Яҳё Синвар ҲАМАС етакчиларига шу йилнинг июл ойида Ҳаниянинг ўлимидан сўнг дарҳол Исроилда турли террорчилик актлари уюштиришга буйруқ берганини ёзмоқда.
Бироқ, ҲАМАСнинг юқори мартабали аъзолари Синварнинг буйруқларини бажаришга шошилмаяпти, чунки Исроил разведкаси режалаштирилган террорчилик ҳаракатларига қарши самарали курашмоқда, деб ёзилган мақолада.
Мақолада шунингдек, Синвар «Исроилнинг иродасини букиш учун» жангчиларга ўтган ойда ҲАМАС ҳолдан тойдирувчи уруш олиб боришга тайёр экани тўғрисида хат жўнатгани ҳақида гап боради. Wall Street Journal нашри маълумотларига кўра, ҲАМАСнинг Қатардаги вакиллари Синварнинг хатти-ҳаракатларини «буюклик манияси» деб аташган ва у ўзининг Исроилга қарши урушдаги ролини «борган сари дабдабали оҳангларда» тасвирлашга ўтгани қайд этилган.
Фаластин бўйича музокаралар
Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида ягона Фаластин бўйича музокаралар ўтказилади.
Музокараларда Фаластиннинг ҲАМАС ва ФАТҲ ҳаракатлари етакчилари қатнашади. Бу ҳақда Reuters агентлигига ҲАМАС расмий вакилларидан бири хабар берган.
ҲАМАС сиёсий раҳбарининг оммавий ахборот воситалари бўйича маслаҳатчиси Тоҳир ал-Нунунинг сўзларига кўра, ҲАМАС делегацияси Қоҳирага сешанба куни етиб келган. Делегацияга ҲАМАСнинг музокарачиси ва иккинчи етакчиси, айни пайтда Қатарда истиқомат қилаётган Халил ал-Ҳайя бошчилик қилмоқда.
«Учрашувда Исроилнинг Ғазо секторидаги агрессияси ҳамда Фаластин иши олдида турган масалалар муҳокама қилинади», — деган Нуну.
Ушбу учрашув ҳар икки гуруҳ июл ойида Хитой пойтахти Пекин шаҳрида ўтказган ва бирлик ҳукумати тузишга келишиб олинган музокаралардан кейин ўтказилаётган илк учрашув бўлмоқда.
Эронга қарши чоралар
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва АҚШ президенти Жо Байден чоршанба куни телефон орқали Тел-Авивнинг Эронга нисбатан кўрадиган чораларини муҳокама қилган.
Суҳбат мазмуни ҳозирча ошкор қилинмаган, бироқ Исроилнинг Эрон ракета ҳужумига жавоби, жумладан Эрондаги қайси объектларни нишонга олиш мумкин-мумкинмаслиги мулоқотнинг бош мавзуси бўлгани айтилмоқда.
Аввалроқ Нетаняҳу Исроилга ҳужум қилиб «Эрон катта хатога йўл қўйгани» ва «бу иши учун албатта жавоб бериши»ни таъкидлаган эди.
Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант эса 1 октябр куни рўй берган Эроннинг ёпирилма ракета ҳужумига жавобан Тел-Авив Эронга ҳужум қилиш ниятидан асло қайтмаслигини билдирган.
«Эроннинг ҳужуми тажовузкор бўлди, бироқ аниқ бўлгани йўқ. Бизнинг жавоб ҳужумимиз эса аксинча, ажалвор, ниҳоятда аниқ, энг асосийси — мутлақо кутилмаганда бўлади. Улар нималар бўлгани ва бу қандай содир бўлганини тушунмай қолишади. Улар шунчаки оқибатлар билан рўбарў бўлишади», — дея Галлантнинг сўзларини келтирмоқда Исроилнинг 12-телеканали.
Украинага ёрдам
Европа Иттифоқи давлатлари Украинага 35 млрд евро тақдим этишга келишиб олди. 9 октябр, чоршанба куни Брюсселда эришилган келишувга кўра кредит Россия Марказий банкининг музлатилган активларидан тушган даромаддан фойдаланган ҳолда тўланиши керак.
Ушбу маблағлар Украинага ўтган ёзда G7 мамлакатлари томонидан Италияда қабул қилинган ва Украинага Россиянинг музлатилган пуллари ҳисобидан молиялаштирилувчи 50 млрд долларгача кредитни ўз ичига олган ёрдам пакетининг бир қисми бўлади.
Европа Иттифоқи Кенгашининг ушбу қарори энди расмий процедура орқали тасдиқланиши керак, бу бошқа нарсалар қатори Европа парламентининг розилигини ҳам талаб қилади. Мақсад — кредитни кейинги йил ичида Украинага ўтказиш, кейинчалик уни тўлаш максимал 45 йил ичида амалга оширилиши лозим.
«Рамштайн» кейинроққа қолдирилди
Америкадаги довул туфайли Германияда шу кунларда ўтказилиши керак бўлган, Украинага ҳарбий ёрдам бўйича «Рамштайн» форматидаги музокаралар бекор қилинди. Саммитга 20 га яқин давлат ёки уларнинг ҳукуматлари етакчилари келиши ва унда Украина президенти Володимир Зеленский ўзининг «ғалаба режаси»ни тақдим этиши режалаштирилган эди. Шунингдек, Украинага навбатдаги ҳарбий ёрдам пакетини ажратиш муҳокама қилиниши лозим эди.
Саммит Флоридага яқинлашиб келаётган «Милтон» тўфони сабаб АҚШ президенти Жо Байден иштирок эта олмагани учун бошқа санага қолдирилган.
Аввалроқ, Жо Байден «Милтон» тўфонига тайёргарлик кўриш ва унга жавоб беришни назорат қилиш учун» саммитга боришдан бош тортган эди. Бу Америка президентининг қирқ йил ичида Германияга биринчи давлат ташрифи бўлиши керак эди.
Мексика кўрфазидан Флорида қирғоқларига яқинлашиб келаётган «Милтон» тўфони Саффир-Симпсон шкаласи бўйича бешинчи, максимал тоифага эга бўлади.
Шамол тезлиги соатига 250 километрдан ошиши кутилмоқда, бу эса катта миқёсда вайронагарчилик, ҳудудларнинг изоляциясига олиб келади. Зарарланган ҳудудда бир неча ой давомида аввалги ҳаётга қайтиш имкони бўлмайди.
Штатда эвакуация ишлари олиб борилган, авиарейслар бекор қилинган.
Довул эса Флорида штатига чоршанба куни кечқурун етиб келган. Довулнинг даҳшатли кадрлари ҳам эълон қилина бошланди.
Релокантларнинг мулклари хатланади
Россияда мамлакатни тарк этган фуқароларнинг мол-мулкини хатлашга рухсат берилиши мумкин. Татаристон Россиядан кетган фуқароларнинг мол-мулкини хатлаш ҳуқуқини берадиган қонун лойиҳасини Давлат думасига киритади.
Бу ҳақда Татаристон Давлат кенгаши қўмитаси раиси Александр Чубаров маълум қилган. Унинг айтишича, кодексга киритиладиган ўзгартириш орқали мамлакатни тарк этган шахсларга нисбатан иш қўзғатилган тақдирда, уларнинг Россия ҳудудидаги мол-мулкини хатлаш имкони берилади.
Қонун лойиҳасига кўра, «Россия Федерацияси манфаатларига қарши» ҳар қандай ҳаракатлар учун эмигрантларга нисбатан маъмурий баённомалар тузилиши мумкин. Хусусан, бу экстремизм, сўз эркинлигини суиистеъмол қилиш ва «Россия армиясини обрўсизлантириш» билан боғлиқ моддаларга ҳам тааллуқли.
Россиянинг Украинага бостириб кирганидан сўнг кейинги 100 йил ичида Россияда энг йирик сиёсий иммиграция рўй берган. Қисман ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг у янада кучайган. 2024 йилнинг июл ойи ҳолатига 700 мингдан ортиқ релокантлар Россияга қайтмаган.
Мавзуга оид
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024
Ғазода оташкесим бўйича музокаралар, Туркияга таассуб қилаётган Сурия ва 1 млн мигрантни қувмоқчи бўлаётган Трамп — кун дайжести
13:45 / 18.12.2024