Жаҳон | 15:18 / 04.04.2025
6778
12 дақиқада ўқилади

NYT Германиядаги «уруш офиси» ҳақида суриштирув эълон қилди

Доналд Трамп АҚШ президентлигига қайтганидан кейин Украина урушда қийин аҳволга тушиб қолди. Киев музокараларда фойдаланишни мақсад қилган Курск областидан чекинмоқда, Донбассда ҳам руслар секин бўлса-да одимлаяпти. Украина Байден даврида Америкадан жуда катта ёрдам оларди. Фронтдаги Украинанинг барча ютуқлари айнан демократ президент даврига тўғри келди. New York Times махсус суриштирув ўтказиб, АҚШ Украинанинг қайси операцияларида иштирок этганига аниқлик киритди.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Газета журналисти Адам Энтус бу суриштирувни ўтказиш чоғида 300 дан ортиқ турли давлатлардаги мулозимлар билан мулоқот қилган. Хусусан, Украина, АҚШ, Британия, Германия, Белгия, Болтиқбўйи давлатлари ва Туркиядаги сиёсатчилар, разведкачилар билан.

Германиядаги штаб

Журналист Германиядаги Висбаден бошқарув пунктида америкалик ҳарбийлар украинлар билан бирга уруш режасини ишлаб чиқиб, нишонларни танлашда уларга ёрдам бергани ҳақида ёзган. У ердаги америкаликлар ва украинларнинг илк учрашуви 2022 йил баҳорида ўтказилади. Киев номидан генерал-лейтенант Михаил Забродский, Америкадан 18-ҳаво десант корпуси қўмондони генерал Кристофер Донахю боради.

NYT журналисти билана гаплашган европалик разведка раҳбарларидан бири АҚШ Украинадаги урушга бунчалик жиддий киришганидан ҳайрон қолганини айтган.

2022 йил мартда Россиянинг Киев йўналишидаги юриши тўхтаб қолади ва руслар Украина шарқига қўшин ташлашга зўр беради. Америкалик ҳарбийлар коалиция стратегияни ўзгартирмаса, украинлар урушни бой беради деган қарорга келиб, Киевга М777 гаубицаларини беришга аҳд қилишади.

Америка Украинага фаол тарзда разведка маълумотлари бера бошлайди, бироқ Байден Россия ҳарбий раҳбариятининг манзиллари ҳақида разведка маълумотларини украинларга беришни тақиқлайди. Хусусан, штаб бошлиғи Герасимов жойлашуви ҳақида маълумотларни. Украиналик генерал Забродский америкалик ҳамкорларидан Россия нишонлари бўйича разведка маълумотларни қаердан олишаётганини сўрайди. «Биз қандай аниқлаганимизга қизиқмай зарба бераверинг, натижа сизни қувонтиради. Бундай бўлмаса, айтинг, биз янада аниқроқ маълумот берамиз», дейди америкалик генерал Донахю.

М777 гаубицалари қанчалик самарали бўлмасин, у максимум 24 км олисдаги нишонни ура оларди. Шунда Олмония штабидаги америкалик генераллар Байден маъмуриятига Украинага HIMARS юборишни маслаҳат беради. Байден узоқ вақт бу Путинни провокация қилади деб рози бўлмайди, бироқ охир-оқибат украинлар HIMARS олади. Фақат бир шарт билан: ҳар бир нишон америкаликлар томонидан текширилиши керак эди.

«Москва»нинг йўқ қилиниши

Украинанинг фронтдаги илк йирик муваффақияти Германиядаги учрашувдан аввалроқ содир бўлганди. Эсингизда бўлса, уруш бошланганидан икки ой ўтиб, Украина Россия Қора денгиз флоти флагмани «Москва» крейсерини йўқ қилганди. NYT журналисти билан суҳбат чоғида америкалик юқори мартабали ҳарбий америкалик ва украин денгизчи офицерларининг оддий разведка маълумотлари алмашув доирасидаги суҳбатини эслайди. Улар гаплашиб турганда америкаликлар радарида нимадир кўринади. «О, бу Москва» дейди улар. «Эй Худо, катта раҳмат, хайр», деб гапни қисқа қилади Украина томони. Кўп ўтмай крейсерга зарба бериб йўқ қилинади.

Украинлар крейсерга зарба бериш ҳақида америкаликларни ҳатто огоҳлантиришмайди, бу эса Вашингтондагиларни ғазаблантиради, улар шокка тушади. Биринчидан, америкаликлар Украинада бунча узоқ масофадаги кемани урадиган ракета йўқ деб ўйлашади. Бундан ташқари, Байден маъмурияти Украина улардан сўрамай Россия учун жуда рамзий бўлган крейсерга зарба беришини кутмаганди. Бу Америка ва Украина ҳарбийлари ўртасидаги муносабатларни ёмонлаштиради. «Руслар билан биз урушяпмиз, сиз эмас. Нега биз сизни эшитишимиз керак?» дейди кескин суҳбатлардан бирида генерал Сирский.

Ядро қуролини қўллаш режаси

Уруш бошланганига уч ой бўлгач Россия Киевни штурм билан тезда ололмаслигини тушуниб, «душманни секин бўғиш» стратегиясига ўтади. Ўшанда Залужний Запорижжядан Мелитопол йўналишига ҳужум қилиш керак деб ҳисоблайди. Генерал шу орқали Қримдан келадиган ёрдамни узиб қўйишни кўзлайди. Бироқ америкаликлар бу режа нореал деб ўйлашади.

Кейин америкалик ва украин ҳарбийлари икки босқичли ҳужум режасини ишлаб чиқишади. Биринчи режага кўра Херсонни қайтариш ва Днепрнинг ғарбий соҳилини эгаллаш керак эди. Режада 4 сентябрда Харкивда русларни чалғитиш операциясини бошлаш қайд этилади. Яъни Херсондаги рус кучларига икки ҳафта давомида артиллерия зарбалари йўллаб, уларни кучсизлантириш мақсад қилинади.

Бироқ Зеленский Херсон биринчи нишон бўлишини айтади. Охир-оқибат режа чиппакка чиқади. Россия Херсонга ёрдам кучлари юборади. Оқибатда энди Харкивда руслар кучсизланади. Шунда Залужний Харкив йўналишида ҳужумга ўтиш керак деб ҳисоблайди. Бу вақтда HIMARS дарёлардаги кўприкларни йўқ қилаётгани сабаб руслар Днепр соҳилида таъминот билан боғлиқ муаммога учрайди.

Кузга бориб Байден Украинага флот учун дронлар юборишни тақиқлайди. Бироқ МРБ Севастопол портига зарбада украинларни яширинча ёрдам беради. Шунда АҚШ разведкаси руслар ядро зарбаси ҳақида ўйлай бошлагани борасида маълумот олади. Ўшангача АҚШ русларнинг ядро зарбаси бериши эҳтимолини 5-10 фоиз атрофида деб баҳоларди. Генерал Суровикиннинг суҳбати америкалик разведкачилар томонидан ёзиб олингач, бу эҳтимол 50 фоизгача ошади.

Руслар Херсонни ташлаб чиққан ўша вақтда америкалик ҳарбийлар русларга ҳал қилувчи зарба бериш учун қулай имкон пайдо бўлганини айтишади. Бироқ ядро зарбаси хавфи ошганидан хавотирга тушган Байден ҳарбийларга Днепр бўйлаб одимлаётган украинларни секинлаштиролмаймизми, деб асабий ҳолатда савол беради. Шу тариқа Украина Днепрнинг нариги томонига ўтмайди, ҳужум тўхтаб қолади.

2023 йил бошида Украина янги ҳужум ҳақида ўйлаётганди. Залужний яна Мелитопол йўналишида ҳужумни таклиф қилади, бироқ америкаликлар яна бу режа амалга ошишига ишонишмайди. Бу вақтда Германиядаги штабда америкаликлар вакили ўзгарганди. Янги йил кечаси украиналиклар ўзлари аниқлаган координация бўйича Украинанинг Макеевка шаҳридаги училишида жойлашган россиялик ҳарбийлар лагерига HIMARS билан зарба йўллайди. Зарба натижасида 400 нафаргача россиялик ҳарбий ҳалок бўлгани айтилади. Ўша зарбадан кейин генеранл Забродскийнинг эслашича, Германиядаги штабда украин ҳарбийларига кўпроқ эркинлик беришади.

Қарши ҳужум режасида бош қўмондон Залужний ва қуруқлик қўшинлари қўмондони Сирский ўртасида келишмовчилик юзага келади. Сирский Бахмут йўналишида ҳужум қилиш керак дейди, Залужний Мелитопол йўналишида. Бундан ташқари Украина қурол-яроғ кам деб қарши ҳужумни кеч бошлайди. Ваҳоланки америкаликлар қурол етарли деб ҳисоблаётганди.

Қарши ҳужум бўйича Киевда махфий йиғилиш ўтказиб, у ҳақда америкаликларга маълумот ҳам беришмайди. Лекин америкаликлар украинларнинг ҳаракатларидан ҳужум режа бўйича кетмаётганини тушунишади. Полшада ўтган фавқулодда учрашувда Залужний Украина учта йўналишда ҳужумга ўтганини тасдиқлайди. Америкалик мулозимлар Украина Бахмут йўналишида жуда катта кучни бесамар ишлатган деб ҳисоблайди. Ўша вақтда Пригожин Москвага юриш бошлагани ҳам Украинага ёрдам бермайди, чунки раҳбарият фикри бир ердан чиқмаётганди.

Украина қарши ҳужумининг муваффақиятсиз чиққани АҚШ ва Украина муносабатларига таъсир қилмай қўймайди. Дўстона алоқалар сақлаб қолинади, лекин уруш бошидаги ишонч йўқолиб бўлганди.

Курск операцияси

2024 йил бошига келиб Байден маъмурияти Украинани сақлаб қолиш мақсадида кўплаб ўзи белгилаб берган қизил чизиқларни босишга мажбур бўлади. Масалан, Украинага олис масофага урадиган ракеталар билан Россия ичкарисига зарба бериш масаласида. Генерал Залужний ўрнини генерал Сирский эгаллаши америкаликларни бироз тинчлантиради. Чунки Залужний одатда мустақил ҳаракат қиладиган, тахмин қилиш қийин бўлган қўмондон эди. Россия Белгороддан Харкив йўналишида ҳужумга ўтганда Байден маъмурияти АТАCМС билан Россия ичкарисига зарбага рухсат беради.

Ўша вақтда Америкада негадир Украина Россия ичкарисига киришга уринаётгандек туюлади, лекин разведка бу борада ҳеч қандай маълумот ололмайди. Ҳар эҳтимолга қарши Украина бош разведкачиси Кирило Будановга агар Россия ичкарисига кирмоқчи бўлишса, бу учун америка қуролларидан фойдаланиш тақиқланганини эслатишади. NYT журналисти билан суҳбатлашган америкалик мулозимлар улар Украина режаларидан кўра кўпроқ Россиянинг режаларидан бохабар бўлишганини айтиб ҳазил қилишган.

Курск йўналишида ҳужум америкаликлар учун катта сюрприз бўлади. Бу ўзаро келишувнинг бузилиши эди, ахир Киев ҳужум учун Америка техникаларидан фойдаланади. Пентагон мулозимларининг эслашича, Украина Курскка кирганда АҚШ жуда қийин ҳолатда қолади.

Қрим кўпригига ҳужум

Уруш вақтида Россиянинг рамзига айланган объект Қрим кўприги ҳисобланади. Германиядаги штабнинг америкалик янги вакили Агуто украиналик ҳамкасблари билан Қримдаги зарба бериш мумкин бўлган нишонларни сараларкан аввало Қрим кўпригига зарба бериб бўлмаслиги, бу Америка учун қизил чизиқ эканини айтади. Ҳатто Байден америкалик ҳарбийларга Қрим кўприги билан боғлиқ ҳар қандай операцияда ёрдам беришни тақиқлайди.

Украина кўприкка АТАCМС билан зарба беришни таклиф қилади, лекин америкаликлар рози бўлмайди. Шундай бўлса-да украинлар кўприкка АТАCМС билан зарба беришади. Лекин бу зарба фақат кўприкдаги йўл қисмини зарарлайди холос.

Тушунмовчилик

АҚШ ва Украина ҳарбийлари Германиядаги штабда уч йил давомида ҳамкорлик қилади. Бу вақт давомида уларнинг муносабати борган сари совуқлашади. NYT билан суҳбатлашган америкалик мулозимлар украинлар уларни эшитмагани, ўз режаларини яширганини айтади. Украина ҳарбийлари эса америкаликлар уларни чеклаяпти деб ўйларди.

Украинадаги чақирув ёши бўйича ҳам томонлар кўп тортишган. Масалан, Пентагон собиқ раҳбари Ллойд Остин Киевга ташрифини эсларкан, деразадан қараганда 20 ёш атрофидаги йигитлар кўчада бемалол юрганига эътибор қаратган. Генерал Остиннинг фикрича, урушаётган давлатда бундай йигитлар кўчада эмас, жанг майдонида бўлиши керак.

Байден Трамп сайловда ғолиб бўлгач, ўзи учун охирги қизил чизиқни босиб ўтди. Украинага Америка ва Британияда ишлаб чиқарилган ракеталар билан Россия ичкарисига зарба йўллашга рухсат берди. Кейин генерал Донахюни Германиядаги штаб раҳбарлигига қайтарди. Унга Покровск йўналишида руслар босқинини тўхтатишга ёрдамлашиш топширилди.

Январда Донахю Киевда Сирский билан учрашди, у ердан чиқиб Рамштайн авиабазасига бориб, охирги марта Пентагон раҳбари Ллойд Остин ҳамроҳлигида украиналик ҳарбийлар билан учрашди. Остин АҚШ ва Украина ҳарбийлари муносабатлари меъмори деб қаралади. Одатда жуда хотиржам бўлган Остин америкалик ва украиналик ҳарбийлар билан охирги марта учрашаркан кўз ёшларини тия олмай фақат шундай дейди: «Видолашиш ўрнига раҳмат демоқчиман. Ҳаммага омад, қатъиятлик ва мардлик тилайман. Хонимлар ва жаноблар, курашишда давом этинг».

Ўткир Жалолхонов тайёрлади.

Тасвирчи ва монтаж устаси – Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид