Ўзбекистон | 13:47 / 17.12.2018
26874
3 дақиқада ўқилади

Олий таълим тизимидаги муаммо ва камчиликлар маълум қилинди

Фото: РИА Новости

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Олий ва ўрта махсус таълим тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди.

Ҳужжатда қайд этилишича, амалга оширилаётган ишларнинг таҳлили олий таълим тизими олдида турган вазифаларни самарали ташкил қилиш, амалга оширишга тўсқинлик қилаётган айрим муаммо ва камчиликлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан:

биринчидан, олий ва ўрта махсус таълим тизимида ўқитишни ташкил этиш жараёни, таълим бераётган профессор-ўқитувчилар томонидан фан мазмунини етказиш ва таълим олаётган талабаларни ўзлаштириш ҳамда уларнинг билимини тўғри баҳолаш тизими талаб даражасида эмас;

ўқув жараёнини замонавий технологиялар асосида ташкил этиш борасида таълим дастурлари мазмуни ва уларни янгилаб бориш суръатлари бугунги кунда изчил ривожланаётган иқтисодиёт тармоқлари ва меҳнат бозорининг ўзгарувчан талабларига тўлақонли жавоб бермайди;

иккинчидан, профессор-ўқитувчиларнинг ўз устида доимий ишламаганлиги, билими, педагогик кўникмаси ва маҳоратининг пастлиги, инновацион таълим технологияларидан фойдаланмаганлиги битирувчиларни буюртмачи (иш берувчи) талабига жавоб бермаслигига олиб келди;

республикада олий ва ўрта махсус таълим муассасаларига талабаларни қабул қилишни режалаштиришнинг мақбул механизмлари ишлаб чиқилмаганлиги натижасида меҳнат бозори ва таълим хизматлари бозори ўртасида номутаносиблик келиб чиқишига асос бўлди;

учинчидан, олий таълим ва ўрта махсус муассасалари инновацион ва технологик ғоялар билан фикр алмашадиган мулоқот марказларига айланмаганлиги, тегишли соҳаларда мавжуд муаммо ва камчиликларнинг тизимли ўрганилмаганлиги соҳада илм-фан йўналишларининг ривожланмаганлигига олиб келди;

тўртинчидан, олий ва ўрта махсус таълимининг ижтимоий мавқеи ва нуфузи, ходимлари меҳнатини рағбатлантириш тизими паст даражада бўлганлиги аксарият ҳолатларда соҳада кўплаб муаммоларнинг сақланиб қолишига сабаб бўлмоқда;

марказлашган ҳолда олий ва ўрта махсус таълим муассасалари раҳбар кадрларини тайинлаш, уларнинг ташкилий тузилмаларини тасдиқлаш тартиблари таълим муассасалари бошқарувини самарали ташкил этиш ва зиммасига юклатилган вазифаларнинг жадал суръатларда ижросини таъминлашда муайян муаммоларни келтириб чиқармоқда;

бешинчидан, олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидаги замонавий ахборот-коммуникация техника ва технологиялари бошқаруви, ўқув-жараёнини ташкил этиш, дастурий воситаларни таълим мазмунига сингдириш масалалари талаб даражасида эмас;

олий ва ўрта махсус таълим тизими моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, уларни замонавий ўқув лабораториялари ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари билан таълим йўналишларининг дастурлари талабларига мувофиқ равишда таъминланмаган.

Мавзуга оид