20:17 / 28.03.2024
8648

ҲАМАСнинг музокаралардаги талаби, Россияда бензин инқирози ва йилни зиён билан якунлаган «Газпром» — кун дайжести

Дунёда содир бўлаётган аҳамиятли воқеа-ҳодисалар, янгиликлар ва баёнотларнинг мухтасар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз. 

Ғазодаги вазият

ҲАМАС ЦАҲАЛ қўшинлари Ғазони тўлиқ тарк этгунга қадар исроиллик асирларни гаровда ушлаб туришини маълум қилди. Бу ҳақда баёнот берган ҲАМАСнинг хориждаги ваколатхонаси раҳбари Холид Машалнинг сўзларини Al Quds Al Arabi келтирган.

Холид Машалга кўра, музокаралар доирасида ҲАМАС ўт очишни тўхтатиш, Ғазо секторидан қўшинларни олиб чиқиш ва ўз тураржойларидан мажбуран кўчирилган аҳолини аввалги яшаш жойига қайтаришни талаб қилмоқда.

«ҲАМАС раҳбарияти майдондаги жангдан кам бўлмаган шиддатли музокаралар жангини олиб бормоқда ва биз уларни майдонда ҳам, музокара жангида ҳам мағлуб этамиз», — деган Машал.

Reuters агентлигининг хабарига кўра, ҲАМАС вакиллари музокаралар воситачиларига Ғазо секторида тўлиқ ўт очишни тўхтатиш бўйича дастлабки талабларга қайтиш, жумладан, Исроил қўшинларини минтақадан олиб чиқиб кетиш ҳақида хабардор қилган. Аввалроқ Исроил томони эса ҲАМАС бемаъни талаблар қўяётганини маълум қилган эди.

ҲАМАС барча халқаро суд институтлари, айниқса, Халқаро жиноят суди ва БМТ халқаро судини Фаластин халқини систематик ўлдиришини тўхтатиш учун зудлик билан чоралар кўришга чақирди.

«Аl-Jazeera телеканали томонидан эълон қилинган, оқ байроқ кўтариб ҳаракатланаётган қуролсиз икки ёш йигитни ўлдириб, жиноят изини яшириш учун уларнинг мурдасини булдозерда тортиб кетаётгани тасвирланган сионистик оккупацион давлат ҳарбийларнинг жиноятларини ҳужжатлаштирувчи кадрлар қонхўр сионист фашистлар томонидан амалга оширилаётган жиноятларнинг кўламига гувоҳлик беради», — дейилади ҲАМАС баёнотида. 

Исроф ва очарчилик

Айни пайтда Ер курраси аҳолисининг 10 фоизи очликдан азоб чекмоқда, бироқ инсоният ўзи ишлаб чиқарган озиқ-овқат маҳсулотларининг 17 фоизини чиқиндига ташлайди, дея маълумот келтирган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти.

2022 йилда жаҳонда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларининг 1,05 млрд тоннаси ёки 19 фоизи бекорга сарфланган. Бу кунига 1 млрд порция овқат дегани. БМТ маълумотига кўра, бу вақтнинг ўзида дунёда 780 млн одам очликка қарши курашиб келган.

Ерда исқомат қилувчилар ўртача инсон йилига ўзининг истеъмолидан ортган 79 кг маҳсулотларни чиқиндига ташлайди. Бунда ташланаётган маҳсулотларнинг 60 фоизи индивидуал истеъмолчилар ва уй хўжаликларига тўғри келади.

28 фоизи умумий овқатланиш корхоналарига тўғри келса, яна 12 фоиз маҳсулот дўконларда сотилмай қолиб кетади. 

Теракт қурбонлари сони ошмоқда

Москвадаги «Crocus City Hall» концерт залида террорчилик акти оқибатида ўлганлар сони 143 нафарга етган. Қурбонлардан ташқари айни пайтда 95 киши бедарак йўқолган ҳисобланмоқда. Қурбонларнинг фақат 40 нафари ўқ еб вафот этган, 100 дан ортиғи ёнғинда ҳалок бўлган.

Аввалроқ бедарак кетди деб гумон қилинган қирғизистонлик икки қиз «Crocus City Hall»да ўлик ҳолда топилган. 24 ёшли Эдита Жусупова ва 20 ёшли Маиза Гулжигит концерт залининг қаҳвахоналаридан бирида официант бўлиб ишлаган. Улар ҳам бедарак йўқолганлар рўйхатидан олиниб, қурбонлар рўйхатига қўшилган.

Бедарак йўқолганлар рўйхати терактдан сўнг яқинлари билан ҳанузгача алоқага чиқмаганлар тўғрисидаги мурожаатларга кўра тузилган. Улар сирасига қурбонлар ва жабрланганлар рўйхатида йўқ бўлганлар киритилади.

Концерт залида уюштирилган теракдан ярадор бўлганлар сони 360 нафарга етгани маълум қилинмоқда. 

Россия ва НАТО тўқнашуви

Россия президенти Владимир Путин Россиянинг НАТО билан эҳтимолли тўқнашувини «сафсата» деб атади ва ўзи Украина билан ҳам жанг қилишни кўзламаганини билдирди.

Москва НАТО билан жанг қилишни истамайди, чунки НАТОни бошқариб турган АҚШ мудофаага Россияга нисбатан каррасига кўпроқ харажат қилади, деган Путин.

«Бизда бу давлатларга нисбатан бирор агрессив ният йўқ. Биз Украинага ҳам ҳеч нарса қилмаган бўлар эдик, агар у ерда давлат тўнтариши содир этилиб, Донбассда ҳарбий ҳаракатлар бошланмаганида», — деган Путин Торжокда ҳарбийлар билан учршув чоғида.

Путиннинг эслатишича, АҚШнинг 2022 йилги ҳарбий бюджети 811 млрд долларни, Россияники эса ундан 11 баробар камроқ — 72 млрд долларни ташкил этган.

«Мана шундай мутаносиблик билан НАТОга қарши жанг қилишимиз мумкинми? Бу шунчаки сафсата», — деган Путин.

Лекин 17 март куни Владимир Путин Россия НАТО билан кенг кўламли жангларда тўқнаш келиши мумкинлигини таъкидлаб ўтган эди.

«Мен замонавий дунёда ҳамма нарса мумкин деб ўйлайман. Ҳаммаси кенг кўламли учинчи жаҳон урушидан бир қадам нарида содир бўлиши ҳақида мен аввал ҳам айтганман, бу ҳаммага тушунарли», — деган эди у президентлик сайловлари якунига бағишланган матбуот анжуманида. 

Нефт заводларига ҳужум

Россия нефтни қайта ишлаш заводларига Украинанинг ҳужуми Россияда бензин ишлаб чиқаришнинг 14,3 фоизга камайишига сабаб бўлган ва энди Россия бозорда тақчиллик юзага келмаслиги учун Ҳаттоки Беларусдан ҳам бензин сотиб олишга мажбур бўлмоқда.

Март ойининг охирига келиб, Россияда дизел ёнилғиси ишлаб чиқариш ҳам 7 фоизга қисқарган.

Украинанинг Россиядаги нефт заводларига дрон билан ҳужуми Россия ёнилғи ишлаб чиқариш қувватларининг олтидан бир қисмини ишдан чиқарган. Нефтни қайта ишлаш заводларининг йўқотишлари ўртача ойлик ҳисоб-китобларга кўра, 0,7 млн тонна бензин ва 1,1 млн тонна дизел ёқилғисини ташкил этган.

Бу ҳисоб-китоблардан сўнг Украина «Роснефт»га қарашли Куйбишев нефтни қайта ишлаш заводига ҳужум қилди. Reuters маълумотларига кўра, иккита нефтни дастлабки қайта ишлаш қурилмаларидан бири ишдан чиқарилган. Бу дегани корхона ярим қувватидан айрилганини билдиради. Ўртача ойлик ҳисоб-китобларга кўра бу яна 45 минг тонна бензин ва 55 минг тонна дизел ёқилғиси ишлаб чиқирилмаслигини англатади ва Россия ичида ёқилғи нархига босимни кучайтиради.

Россиянинг нефт маҳсулотлари саноати бўйича аҳвол чатоқлиги ҳақида билиб олдингиз. Газ бўйича ҳам аҳвол ҳавас қиларли эмас экан. Европага етказиб беришлар тўхтагач, «Газпром»нинг газ билан боғлиқ бизнеси зиёнга кирган.

Украина бўйича ғарбни ўз йўриғига кўндириш учун Россиянинг Европани «музлатиб» қўйишга муваффақиятсиз уриниши «Газпром»ни касод қилишда давом этмоқда. 2023 йил якунларига кўра дунёдаги энг катта газ захиралари билан операциялар ўтказувчи компания асосий фаолиятидан зарарга кирган. «Газпром» газ қазиб олиш ва сотувдан 291 млрд рубл зарар кўрган. Ҳисоботларга кўра, ўтган йилда «Газпром»нинг тушуми учдан бир қисмга, операцион даромад эса 80 фоизга пасайган. 

Top