Жаҳон | 13:34 / 11.05.2024
7016
7 дақиқада ўқилади

Фаластинни тан олишга ҳозирланаётган Европа, Харкив остонасидаги жанглар, парламентни бир ойда тарқатган Кувайт амири — кун дайжести

Жаҳонда рўй берган воқеалар, ҳодисалар ва янгиликлар тафсилоти билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Фаластинни давлат сифатида тан олиши мумкин бўлган давлатлар сони ортиб бормоқда. Айни пайтда Европа Иттифоқига аъзо 27 та давлатдан 9 таси Фаластинни расман тан олган.

Энди Испания ва Ирландия 21 май куни Фаластинни расман тан олишини режалаштиришмоқда. Бу ҳақда Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел таъкидлаб ўтган. Унинг сўзларига кўра, Европа иттифоқининг бошқа давлатлари, жумладан Словения ва Белгия ҳам Яқин Шарқдаги тинчлик йўлидаги бу рамзий қадамга қўшилишлари мумкин.

«Бу давлатдан ҳам каттароқ нарса. Бу ушбу давлатнинг мавжуд бўлиш учун иродасини тан олишдир», — деган Боррел.

Бу орада БМТ Бош ассамблеяси ҳам Фаластиннинг ташкилотга тўлақонли аъзолини ёқлаб овоз берди. Фаластин 2012 йилдан буён кузатувчи давлат сифатида БМТда статусга эга.

Тўлақонли аъзолик тўғрисидаги қарор фақат БМТ Хавфсизлик кенгаши томонидан қабул қилиниши мумкин.

АҚШ яқинда Фаластиннинг тўлақонли аъзо бўлиши тўғрисидаги таклифга вето қўйган, бироқ жума куни бўлиб ўтган овоз бериш жараёнини фаластинликларни қўллаб-қувватлаш учун бир ҳаракат ўлароқ баҳолаш мумкин.

Айни пайтда жаҳонда 135 дан зиёд давлат, жумладан собиқ совет республикаларининг барчаси Фаластинни давлат сифатида тан олган.

Украинадаги уруш

Россия армияси Украинанинг Харкив областига ҳужум қилган, лекин фронт линиясининг ёриб ўтилиши рўй бермаган. Экспертлар Украинанинг иккинчи шаҳари ҳисобланадиган Харкивни штурм қилиш хавфи йўқ, дейишмоқда.

Россия қўшинлари чегарадан 5 км ичкарида жойлашган Вовчанск аҳоли пункти ҳудудига артиллерия ва бомба зарбалари берган, эрталаб эса Украина қуролли кучлари мудофаа чизиғини зирҳли техника билан ёриб ўтишга ҳаракат қилган. Ҳужум қайтарилган, Вовчанскка захира қўшинлари етказилмоқда.

Украина каналлари душман чагараолди қишлоқларга ўрнашиб олишга интилаётганини ёзишмоқда. Вовчанск ҳокимияти шаҳардан ва яқин посёлкалардан тинч аҳолини эвакуация қилишни бошлаган.

Россия мудофаа вазирлиги ҳужум ҳақида бирор хабар тарқатмаган. Z каналлар эса бу фаоллашувни тасдиқлаб, «жанг билан разведка» уюштирилаётгани ҳали «шапкани осмонга отиш»га эрта эканини ёзишмоқда.

Исроилда яшовчи ҳарбий эксперт Давид Шарп бу ҳужум Харкивга кенг кўламли бостириб киришдан далолат бермаслигини таъкидлаган

«Ҳозирча биз локал жангларни кўряпмиз, ичкарига кучли зарба эмас. Бундай кенг кўламли зарбани уюштириш учун Россиянинг Белгород областидаги кучлари етарли эмас. Шундай куч тўплана бошланса, уни сунъий йўлдошлар ва разведка дронлари нигоҳидан яшириб бўлмасди», — деган эксперт.

Унга кўра, бундай ҳужумлардан кўзланган мақсад бир нечта бўлиши мумкин: Украина қуролли кучлари захираларини бошқа йўналишлардаги жанглардан чалғитиш, Украинанинг ракеталаридан Белгородни асраш учун Путин айтган «санитар зона»ни яратиш, шунингдек, артиллерия қўшинларини Харкивга яқинроқ тортиб келиш.

Агар Россия Харкивга барибир ҳужум қиладиган бўлса, экспертларга кўра миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган йирик шаҳар учун жанглар камида бир йил давом этади.

Украинага ёрдам

АҚШ Украинага фавқулодда ҳарбий ёрдам сифатида 400 миллион доллар ажратди.

10 май куни АҚШ президенти Жо Байден Украинага мудофаа буюмлари, Мудофаа вазирлиги хизматлари ва ҳарбий тайёргарлик учун 400 миллион долларгача ҳарбий ёрдам ажратиш ҳақидаги фармонни имзолаган эди.

Politico нашрининг ёзишича, ҳарбий ёрдам пакетига Америка ҳарбий омборларидаги қуроллар киради. Жумладан, Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа ракеталари, Stinger зенит ракеталари, Bradley пиёдалар жанговар машиналари, MRAP зирҳли машиналари, танкка қарши Javelin тизимлари ва бошқа ўқ-дорилар етказилади.

Reuters хабарига кўра, бундан ташқари Киевга артиллерия, NASAMS зенит-ракета комплекслари учун ўқ-дорилар, танкка қарши ўқ-дорилар, зирҳли машиналар ва жанг майдонида дарҳол фойдаланиш мумкин бўлган ўқ-дорилар берилиши керак.

Кувайтда парламент тарқатилди

Кувайт амири Машъал ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳ жума куни Миллий йиғин тарқатилиши ва конституциянинг айрим моддалари ҳаракатдан тўхтатилишини эълон қилди.

«Кувайт сиёсий саҳнасидаги зиддиятлар бизни ортиқ жим қараб тура олмайдиган даражага етказди. Биз мамлакатнинг энг мақбул манфаатларини таъминлаш учун чора кўришимиз керак. Шу сабабли Миллий йиғинни тарқатиб юбориш ва конституциянинг айрим моддаларини тўрт йилдан ошмайдиган давр учун тўхтатишга мажбурмиз», — деган амир миллатга мурожаатида.

KUNA ахборот агентлиги хабарига кўра, парламент ваколатлари амир ва вазирлар маҳкамасига ўтади.

Амирнинг нутқидан маълум бўлишича, парламентни тарқатиш тўғрисида қарорга депутатлар ва ҳукумат аъзолари ўртасида давом этиб келаётган зиддият туфайли келинган.

Кувайт парламентига навбатдан ташқари сайловлар ҳозирги амир 2023 йилнинг декабрида ўз акаси Навоф ал-Аҳмад ал-Жобир ас-Сабоҳнинг вафотидан сўнг тахтга ўтиргач, шу йил апрел ойининг бошларида ўтказилган эди. Аввалги парламент таркибини шайх Машъал 15 феврал куни «конституциявий принциплар бузилгани» ва «ҳақоратомуз ва ўринсиз сўзлар ишлатилаётгани»ни сабаб қилиб тарқатган эди. Парламент аъзолари қандай қилиб бу принципларни бузгани ва кимнинг манзилига ҳақоратомуз иборалар ишлатгани амир фармонида кўрсатиб ўтилмаган.

Петербургдаги автоҳалокат

Санкт-Петербург шаҳрида Мойка дарёсига қулаган автобус қурбонлари сони етти нафарга етган, деб хабар беради Россия тергов қўмитаси.

Аввалроқ Фавқулодда вазиятлар вазирлиги уч киши ўлгани, тўрт киши клиник ўлим ҳолатида экани ва тўққиз киши қутқарилганини эълон қилган эди.

Автобус ҳайдовчиси — келиб чиқиши Тожикистондан бўлган 44 ёшли Россия фуқароси ушланган. Унинг ўзи автобус тормозлари ишламай қолганини айтган. Тергов версиясига кўра, у бошқарувни йўқотган.

Оммавий ахборот воситаларининг суриштирувига кўра, у рейсга чиқишидан аввал зарур текширувлардан ўтган. Лекин у ниҳоятда чарчаган бўлиши ҳам инкор этилмаяпти. Чунки рафиқасининг сўзларига кўра, шу куни у тунги соат 2 да ишдан келиб, эрталаб 7:30 да яна ишга чиқиб кетган. 

Мавзуга оид