Ўзбекистон | 01:17 / 14.05.2020
55368
2 дақиқада ўқилади

Алишер Усмонов ажратган маблағ сув тошқинидан жабр кўрган сирдарёликларга тарқатилади

Россиялик тадбиркор Алишер Усмонов томонидан ажратилган маблағ яқин кунларда «Сардоба» сув омбори бузилишидан жабрланган аҳолига тенг қийматда бўлиб берилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 13 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтган.

Kun.uz манбаси хабарига кўра, Алишер Усмонов ажратган хайрия маблағи ҳозирда Республика Маҳалла фонди ҳисоб рақамида турибди. Маблағлар Рамазон ҳайитига қадар тарқатилиши кутилмоқда. Бунга қўшимча тарзда Ўзбекистон ҳукумати томонидан ажратилаётган маблағлар ҳам жабрланган аҳоли учун очилган пластик карталарга ташлаб берилади.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев тадбиркор Алишер Усмонов нафақат ўз ҳамюртларига, балки офатдан жабр кўрган қозоғистонликларга ҳам ёрдам берганини таъкидлаб, унга миннатдорчилигини билдирган.

«Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракатига ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорларни ҳам ёддан чиқармаймиз. Тадбиркорларимиз оғир дамларда елкадош бўлмоқда», деган давлат раҳбари.

Президент йиғилиш давомида мутасаддиларга аҳоли учун қуриладиган уйлар сифати ва муддати борасида ҳам алоҳида топшириқ берган.

«Уй қурилишини бир йилга чўзманглар, барча жабр кўрган инсонлар икки ойда янги, ҳовлисига райҳон ва мевали дарахтлар экиладиган сифатли уйларга кўчиб ўтиши керак», деган Шавкат Мирзиёев.

Топшириқ бўйича 14 майдан бошлаб вилоят ҳудудида қурилиш ишлари бошланади.

Яқин кунларда президент Сирдарё вилоятига бориши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, асли ўзбекистонлик бўлган Алишер Усмонов Сирдарёдаги сув омбори тўғони бузилиши ва сув тошқини юзага келишидан жабр кўрган аҳолига кўмак бериш учун 15 миллион доллар миқдорида хайрия маблағи ажратган эди.

Ушбу маблағнинг 10 миллион долларлик қисми Ўзбекистон учун, 5 миллион доллари эса Қозоғистон учун тақдим этилган.

Шу кунларда Қозоғистоннинг Туркистон вилояти ҳокимлиги жабрланган аҳоли пул маблағлари учун дастлабки сертификатларни олишни бошлагани ҳақида хабар берди. Усмонов томонидан берилган маблағлар 30 420 киши ўртасида тақсимланади ёки ҳар бир эвакуация қилинган оилага 442 минг тенге (1000 доллар) миқдорида берилади.

Мавзуга оид