Жамият | 16:53 / 28.07.2016
14336
4 дақиқада ўқилади

Чодак қишлоғига олиб борилган дизель ёнилғиси ёки хитойлик Танг Юаннинг кирдикори фош бўлди

Орамизда шундай инсонлар ҳам борки улар давлат мулкига кўз олайтириб, нафс домига илингандирлар. Шундайлардан бири бу хитойлик Танг Юандир. У 2012 йилдан буён шаҳарлараро юк ташиш фаолияти билан шуғулланувчи Мирзо Улуғбек тумани давлат солиқ инспекциясидан рўйхатдан ўтган “Горизонт ...” МЧЖда менежер бўлиб ишлаб келаётганди. 

Кунларнинг бирида Танг Юань ноқонуний даромад топиш, чўнтагини қаппайтириш мақсадида жамиятда муҳандис бўлиб ишлайдиган ҳамкасби Ботирали Абдуҳамидов (айрим исм-шарифлар ўзгартирилган) ва бошқалар билан, ўзининг Ангрен-Поп йўналишида жойлашган Чодак қишлоғида темир йўл қурилиши лойиҳаси асосида ишлар бажараётган “CHINA RAILWAY...” компаниясида ишлайдиган танишларига 22.730 литр дизель ёқилғисини 70.500.000 сўм нақд пул эвазига етказиб бериш учун жиноий тил бириктирди.

У аввал пухтагина режа тузди. Режага кўра 4 май куни Ботирали 70.500.000 сўм муомаласини такомиллаштириш нақд пулларни олиб, бу пуллардан 68.190.000 сўмига президентимизнинг 2005 йилдаги “Нақд пул муомаласини такомиллаштириш ва банкдан ташқари айланмасини қисқартириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йилдаги “Пул маблағларини банкдан ташқари муомаласини янада қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари талабларига зид равишда Сайфиддин Азимбердиев орқали тергов даврида шахсини аниқлашнинг имкони бўлмаган “Аҳрор” исмли шахсдан 22.730 литр дизель ёнилғисини нақд пулга харид қилиб олишди. Кейин “Ўзнефтмаҳсулот” акциядорлик компаниясининг 1 литр дизель ёнилғисининг нархи 2.200 сўмдан бўлган жами қиймати 50.006.000 сўмлик дизель ёнилғи маҳсулотларини траспортировка ишлари бўйича ведомостини қалбакилаштирди. Сохта ҳужжат билан Олий Мажлиснинг 2011 йилдаги “Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида”ги қарорига зид равишда лицензия олиниши шарт бўлган фаолият билан махсус рухсатномасиз Жавлонбек Нурмуҳаммедов бошқарувидаги “VOLVO” русумли ёнилғи-мойлаш маҳсулотларини ташишга мўлжалланган автомашинада “CHINA RAILWAY...” компанияси томонидан қурилиш ишлари олиб борилаётган Чодак қишлоғига олиб бориб топширди.

Бунинг учун Танг Юандан олинган маблағлар ҳисобидан ҳайдовчи Жавлонбекка 2.200.000 сўм иш ҳақи берилди.
Жавлонбек Чодак қишлоғида дизель ёнилғисини топшириб  қайтаётганида Чодак 1-портал “Шлагбаум” ЙПХ  масканида автомашинасини тўхтатишди ва кабинасини кўздан кечиришди. Автомашина кабинасида “Горизант...”МЧЖга тегишли бўлган, сохталаштирилган, жамият муҳри ва штампи босилган бир неча ҳужжатлар олиниб, автомашина жарима майдонига жойлаштирилди. 

Суд мажлисида Танг Юань судга ариза билан мурожаат қилиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2015 йилдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма уч йиллиги муносабати билан амнистия тўғрисида”ги қарори 1-бандининг кичик “г” банди ва 5-бандини қўллаб, унга нисбатан жиноят ишини тугатишни сўради.

Суд ушбу жиноят иши ҳужжатларини атрофлича муҳокама қилиб, туман прокурори ёрдамчисининг судланувчи Танг Юанга нисбатан амнистия қўллаб, жиноят ишини тугатиш ҳақидаги хулосаси ва фикрларини тинглаб, Танг Юан содир этган жиноят унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига киришини эътиборга олди.
Танг Юанни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йилдаги қарорида белгиланган тартибда мамлакатдан чиқариб юборишни лозим деб топди. Манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундириш масаласи бўйича Танг Юаннинг яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича судига мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди.

Шундай қилиб мўмайгина даромад ишлайман деб ўйлаган хитойлик жаноб ўз юртига бошини эгиб қайтадиган бўлди. Унинг жиноий шериклари ҳам ўзларига тегишли жазоларини олишди.

Хонбиби ҲИММАТ қизи, журналист