РФ мудофаа вазирлиги тун давомида украинларнинг 100 дан ортиқ дрони уриб туширилгани ҳақида хабар берди
Новороссийск ва Туапседа нефтни қайта ишлаш заводларига ҳужум қилинган, Севастопол электрсиз қолган.
Украина қуролли кучлари 17 майга ўтар кечаси Россиянинг уч региони ҳамда аннексия қилинган Қрим бўйлаб ёпирилма зарбалар йўллади, деб хабар қилмоқда РФ мудофаа вазирлиги.
Россия ҳарбий идораси маълумотига кўра, тун давомида навбатчиликдаги ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари 100 дан ортиқ дронларни йўқ қилган ёки тўхтатган, жумладан Қрим яримороли ҳудуди устида 51 та пилотсиз учиш қурилмаси уриб туширилган, 44 таси — Краснодар ўлкасида, олтитаси — Белгород области ва яна биттаси — Курск области устида. Бундан ташқари, Қора денгиз акваториясида авиация ва Қора денгиз флоти навбатчи катерлари олтита экипажсиз катерларни йўқ қилган, деб қўшимча қилади вазирлик.
Қримда дронлар Севастополга ҳужум уюштирган. Шаҳарнинг Россия томонидан тайинланган губернатори Михаил Развожаев қулаган дронларнинг парчалари «Севастопол» нимстанциясини шикастлагани, натижада шаҳарнинг бир қисми электр таъминотисиз қолганини маълум қилган. Ушбу расмийнинг маълумотига кўра, нимстанция фаолиятини тўлиқ тиклаш учун бир кун атрофида вақт талаб этилади, шунинг учун шаҳарда электр энергияси навбат билан ўчирилади. Ҳужум туфайли расмийлар Севастополдаги барча мактаблар ва болалар боғчаларидаги машғулотларни бекор қилган. Развожаев ҳужум оқибатида жароҳатланганлар йўқлигини билдирган.
Краснодар ўлкаси губернатори Вениамин Кондратев тунда украинларнинг пилотсиз учиш қурилмалари Новороссийск ҳудудидаги фуқаролик объектларига ҳужум қилишга урингани ҳақида хабар берган. «Аппаратлар қулаши оқибатида кичик ёнғинлар рўй берди, ҳозирда уларни бартараф қилиш ишлари олиб борилмоқда», — дея ёзган у телеграм-каналида.
Маҳаллий телеграм-каналларга кўра, Новороссийскда нефт база ва денгиз порти ҳужумга учраган, шаҳардаги айрим районларда свет ўчган. Ҳаво ҳужуми туфайли тунда шаҳардаги жамоат транспорти фаолияти вақтинча тўхтатилган. Ҳозирга келиб ҳаракатланиш бўйича чекловлар бекор қилинган. Ҳудудий таълим бошқармасидагилар Новороссийскда мактаб ва боғчалар одатий режимда ишлашда давом этаётганини маълум қилган, аммо ота-оналар болаларини ўқув муассасаларига юбориш ёки юбормаслик бўйича мустақил қарор қабул қилиши мумкин.
Краснодар ўлкасидаги оператив штаб 17 май тонгида украинлар дронлари Туапседаги нефтни қайта ишлаш заводига ҳам ҳужум қилганини маълум қилган. Дронлар тушган жойда ёнғин чиққан ва тез орада ўчирилган. Жароҳатланганлар тўғрисида маълумот келиб тушмаган.
Белгород области губернатори Вячеслав Гладковга кўра, тунда регионда бир неча бор ракета хавфи эълон қилинган. У дронлардан бири Белгород районидаги Октябрский посёлкасида автомобилга ҳужум қилганини айтган. Машинада ҳайдовчи ва бир оиланинг уч нафар аъзоси бўлган. Икки киши — аёл ва тўрт ёшли бола — ҳалок бўлган. Икки эркак жароҳатланган, аммо шифохонага ётишдан бош тортишган.
Шунингдек, Гладков ўз телеграм-каналида ёзишича, Белгород областидаги Бессоновка қишлоғида автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчасига ҳужум қилинган — портлаш оқибатида ёнилғи сақланадиган резервуарлардан бири ёниб кетган, ёнғин тезда ўчирилган.
Украина ҳукукмати Россия регионларига зарбалар тўғрисидаги хабарларни изоҳламаган. Украина ҚК Ҳаво кучлари қўмондонлиги 17 май кунига ўтар кечаси Россия қўшини Украинага Shaheed типидаги 20 та зарбдор дронлар билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берган. Ҳарбийларнинг тасдиқлашича, барча дронлар Харкив, Полтава, Винница, Одесса ва Миколайив областлари ҳудудларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари орқали йўқ қилинган.
Мавзуга оид
21:24
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53
Борис Жонсон Украинага британ ҳарбийлари юборилиши шартини айтди
14:54
Кая Каллас: Украинанинг ЕИга қўшилиш бўйича аниқ йўли бор
09:22