Жамият | 11:18 / 22.09.2021
5775
8 дақиқада ўқилади

Болалар омбудсмани тўғрисидаги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида»ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди. Лойиҳа 7 боб, 44та моддадан иборат бўлиб, қонуннинг мақсади Болалар омбудсманининг ҳуқуқларини, мажбуриятларини, фаолиятининг асосий йўналишлари ва кафолатларини белгилашдан ҳамда фаолиятини тартибга солишдан иборат.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга давлат органлари ва барча мансабдор шахслар томонидан бола ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган.

Қонун лойиҳасига кўра, бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга оширади.

Сайланиш куни йигирма беш ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади. Вакилнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан сайланадиган ўринбосари бўлади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимдан қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан муддатидан илгари озод қилиниши мумкин:

  • у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ариза берган тақдирда;
  • унинг соғлиғи ҳолати барқарор тарзда бузилган ва бу тиббиёт муассасаси томонидан берилган гувоҳнома билан тасдиқланган тақдирда;
  • унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
  • у қонунга кўра Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда;
  • у ўз мажбуриятларини мунтазам равишда, узрли сабабларсиз бажармаган тақдирда;
  • у суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;
  • у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган, вафот этган ёки Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими тугатилган тақдирда.

Шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатида тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, билатуриб унга ёлғон ахборот берадиган, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўлади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

  • бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;
  • Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;
  • болалар ва уларнинг қонуний вакиллари ўртасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига оид қонунчиликни тушунтириш;
  • бола ҳуқуқлари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти ҳақидаги халқаро ҳамда миллий нормалар қоидаларини тарғиб қилиш;
  • аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга кўмаклашиш;
  • жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, болалар ҳамда улар қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш;
  • бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик нормалари ва талабларининг ижросини ўрганиш;
  • ўз ваколати доирасида бола ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка татбиқ этиш масалаларини ўрганиш;
  • ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари таъминланишини ҳамда ҳимоя қилинишини мониторинг қилиш;
  • боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш ҳолатидан жамоатчиликни хабардор қилиш;
  • имконияти чекланган болалар, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;
  • тарбия муассасаларини тамомлаган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мақсадли коммунал уй-жой фондидаги белгиланган санитария ва техник меъёрларга ҳамда қонунчиликнинг бошқа талабларига жавоб берадиган турар жой билан таъминланишига кўмаклашиш;
  • боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашиш, бунда боланинг энг устун манфаатларини таъминлашга қаратилган нормаларни қабул қилиш, шу жумладан, бола ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисида таклифлар киритиш;
  • маслаҳат, тавсия ва хулосалар бериш орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш;
  • бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

Бундан ташқари, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Конституциявий суд, Олий суд мажлисларида иштирок этиши, уларга ва Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш ҳуқуқига эга. Шунингдек, у давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий ва бошқа ахборотларни ҳамда материалларни сўраб олиш ва давлат органларининг маълумотлар базаларидан белгиланган тартибда фойдаланиши мумкин.

Вакил болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар, органларга, шу жумладан, таълим, тиббиёт муассасалари, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисобдордир. Вакил фаолияти тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилади.

Шунингдек, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилини тайинлайди. Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакил доимий асосда фаолият кўрсатади.

Вакил суднинг ваколат доирасига кирадиган масалалар ва аноним мурожаатларни кўриб чиқмайди.

Вояга етмаган шахслар ҳам ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан Вакилга шикоят бериши мумкин. Вояга етмаган шахсларнинг шикоятлари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга берилган шикоят учун давлат божи ундирилмайди.

Мавзуга оид