Спорт | 16:04 / 05.03.2022
28749
9 дақиқада ўқилади

Наманган ва Самарқандда аншлаг, стадиондаги ҳокимлар ва Бекобод шамолига мағлуб бўлган Қосимов. Суперлига 1-тури сарҳисоби

Фото: Tribuna.uz

Баҳорнинг илк кунларидан мамлакатимизда янги футбол мавсумига старт берилди. Ўзбекистоннинг бир қатор шаҳарларида Суперлига 1-тури доирасидаги учрашувлар ўтказилди. Байрамона футбол атмосфераси, кутилмаган натижалар ва шиддатли ўйинлар билан бир қаторда мухлисларни ранжитган воқеалар ҳам кузатилди. Tribuna.uz дастлабки тур сарҳисобини келтиради.

Янги мавсум: Ҳокимлар ва футбол

Суперлига 1-тур учрашувларини вилоят футбол ассоциациялари президенти саналмиш ҳокимлар очиб бериши анъана тусини олган. Жумладан, Суперлига-2022 доирасидаги илк ўйин Яйпанда «Нефтчи» ва «Қўқон-1912» ўртасида кечиб, баҳс олдидан Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров сўзга чиқиб, ҳар икки жамоага омад тилаган ҳолда вилоятда футбол мавсумини очиқ деб эълон қилди. 

Фото: Tribuna.uz

3 март куни эса турнинг марказий учрашуви Наманганда ўтказилди. Мухлислар билан тўлган «Марказий» ўйингоҳда «Навбаҳор» - «Насаф» учрашувидан аввал Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов сўзга чиқиб, барчани янги футбол мавсуми билан қутлаган ҳолда Наманганда футбол мавсумини очиқ деб эълон қилди.

Фото: Tribuna.uz

Шунингдек, 3 март куни Самарқанддаги «Динамо» - «Пахтакор» баҳси билан кўҳна шаҳарга Суперлига ҳавоси қайтди. Мухлислар билан тўлган ўйингоҳда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов нутқ сўзлаши кутилганди. Аммо ҳоким маълум сабабларга кўра футболга кела олмагач, Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Жамшед Ўроқов вилоятда футбол мавсумини очиқ деб эълон қилди. 

Фото: Tribuna.uz

Тур ташрифи: Наманган ва Самарқандда энг кўп, Тошкент ва Олмалиқда энг кам мухлис

Суперлига-2022 илк турининг 7та учрашувида ўйингоҳларда жами 43 393 томошабин ташриф буюрди.

Кутилганидек, энг кўп томошабин Наманганда кузатилди. Чемпионликни мақсад қилган «Навбаҳор» ва «Насаф» ўртасидаги баҳсни кузатиш учун стадионга 19 720 томошабин йиғилди. Бу натижа мавсум рекорди сифатида қолиши ҳам ҳеч гап эмас.

Фото: Tribuna.uz

Самарқанддаги «Динамо» - «Пахтакор» ўйинида ҳам қарийб 13 минг сиғимли ўйингоҳ мухлислар билан тўлди. Шу куни 10 895та чипта сотилган. Икки йил Про лигани кузатган кўҳна шаҳарлик мухлислар Суперлигани соғиниб қолгани кўринди.

Фото: Tribuna.uz

Яйпан ва Бекободда 5 мингдан ортиқ, Тошкентдаги икки ўйин эса жами қарийб 2 минг томошабин тўплаган. Олмалиқда ўтган «Қизилқум» - «Локомотив» баҳсида эса энг кам – 375 нафар томошабин тўпланган.

Суперлига. 1-тур томошабинлар ташрифи:

НАВБАҲОР – НАСАФ - 0:0

Наманган. «Марказий» стадион. 19720 томошабин.

ДИНАМО – ПАХТАКОР - 0:2

Самарқанд. «Динамо» стадиони. 10895 томошабин.

НЕФТЧИ – ҚЎҚОН-1912 - 0:0.

Яйпан. «Ўзбекистон» стадиони. 5250 томошабин.

МЕТАЛЛУРГ – ОКМК – 1:0

Бекобод. «Металлург» стадиони. 5200томошабин.

БУНЁДКОР – СЎҒДИЁНА - 0:0

Тошкент. «Локомотив» стадиони. 1001 томошабин.

ОЛИМПИК – СУРХОН - 0:0.

Тошкент. «Пахтакор» стадиони. 952 томошабин.

ҚИЗИЛҚУМ – ЛОКОМОТИВ - 2:0

Олмалиқ. ОТМК спорт мажмуаси. 375 томошабин.

Тур қаҳрамони - «Навбаҳор» мухлислари

Тур қаҳрамони сифатида қайсидир футболчини эмас, наманганлик мухлисларни танлашни лозим топдик. Наманган аҳли Суперлига янги мавсумини шу даража интиқлик билан кутдики, «Навбаҳор» - «Насаф» учрашуви чипталари Суперлига учун рекорд – 50 ва 100 минг сўмдан сотилганига қарамай, «Марказий» ўйингоҳ мухлислар билан деярли лиқ тўлди – 19 720 томошабин.

Фото: Tribuna.uz

Ўйин давомида ҳам ишқибозлар «лочинлар»ни 90 дақиқа қўллаб-қувватлашди, аммо Самвел Бабаян шогирдлари фидойилик ва жонкуярлик учун муносиб жавоб қайтара олишмади – 0:0.

Тур сенсацияси: Чемпионликка даъвогар ОКМК Бекободдаги можароли ўйинда мағлуб бўлди

Дастлабки турнинг энг кутилмаган ва можароли учрашуви Бекободда ўтди. Тошкент вилоятининг икки жамоаси ўртасидаги қарама-қаршилик қайсидир жамоанинг яққол устунлиги эмас, бош ҳакамнинг қарорлари билан ёдда қолди. Ўйин рефериси Фирдавс Норсафаров шу куни олмалиқликлар таркибида икки футболчини четлатди ҳамда пенальтидан киритилган гол мезбонларга ғалаба келтирди – 1:0

Ўйиндан кейин эса клуб матбуот хизмати мағлубиятга кўпроқ кучли шамол ва ҳакамлик таъсир қилганига урғу берди.

«Бекобод шамоли ҳақиқий футбол спектаклини чиройини бузиб қўйди. Натижада жамоалар комбинацион футбол намойиш этиш учун рақибдан ташқари шамол билан ҳам беллашдилар. Шамолга қарши кучли ва кескин кечган баҳсда об-ҳаво инжиқлиги олдида футболчилар ожиз қолишди. Шамол таъсирида тўп йўналиши кескин ўзгариб кетгач жарима майдончамиз ичида Раҳмонов тўпни бартараф этиш чоғида рақибга нисбатан фол ишлатгани бош ҳакам Норсафаров томонидан қайд этилди ва дарвоза томон пенальти белгиланди. Қўшимчасига эса Раҳмоновга сўнгги фол чораси ишлатди дея қизил карточка кўрсатган Фирдавс Норсафаров жамоамизни 10 киши қолдирди», - дейилади клуб шарҳида.

Тур можароси: Бекободда бекор қилинган VAR тизими

ПФЛ Суперлига илк турида ҳакамлар рўйхатини эълон қилгач, тур доирасидаги «Бунёдкор» – «Сўғдиёна» ҳамда «Металлург» – ОКМК ўйинларида ҳам VAR тизими ишлаши ҳақида эълон қилганди. Бироқ ўйиндан бир кун аввал VAR технологиялари ишлаши учун телевидение кўчма студияси зарур бўлиши, айни пайтда ЎзМТРКга тегишли телестудиялар бошқа расмий тадбирларда ҳозир бўлиши кўзда тутилгани сабабли «Бунёдкор» – «Сўғдиёна» ва «Металлург» – ОКМК учрашувларида VAR тизими ишлатилмаслигини эълон қилди. Бу эса ўйиндан кейин Олмалиқ клуби эътирозига сабаб бўлган.

«Қизиғи, мазкур ўйин расмийлари эълон қилинган вақтда учрашувда VAR тизими ишлаши режалаштирилганди. Аммо ўйинга 2 кун қолганида ЎзПФЛ расман Тошкент вилояти дербисида техник сабабларга кўра VAR тизими ишлаши бекор бўлганини эълон қилганди.

Фирдавс Норсафаров негадир ўйин давомида икки хил стандартлар бўйича қарор чиқарди. ОКМК фойдасига, «Металлург» зарарига бўлган вазиятларни юмшоқлик билан, имтиёзлар тақдим этгандек туюлди. Аксинча, ОКМК зарарига, «Металлург» фойдасига эса қаттиққўл ҳакам режимида, ҳаммасини тўғри қилаётгандек юқори ишонч билан қарорлар чиқарди», - дейилади учрашувдан кейин Норсафаровнинг ўйиндаги бир қатор қарорлари бўйича ОКМКнинг ЎФАга ёзган шикоят хатида.

Турнинг энг чиройли голи: Бойдуллаевдан ўз услубидаги гол

Суперлига илк турининг 7та ўйинида бор йўғи 6та гол киритилди. Аммо шулар орасидан ҳам тур голига даъвогари бор эди. Олмалиқда 375 нафар томошабин кўз ўнгида ўтган «Қизилқум» - «Локомотив» баҳсида навоийликларнинг 37 ёшли етакчиси Эркин Бойдуллаев ўз услубида – жарима майдони ташқарисидан «темирйўлчилар» дарвозасини нишонга олди. Чинданам, турнинг энг чиройли голи.

 

Тур иқтибоси: «Менимча, биз футболни тушунмас эканмиз» – Қосимов

«Фикрим барибир қизиқ эмас... Нима ҳам дейман энди? Ўйинга гувоҳ бўлдинглар, футболни бизлардан ҳам яхши тушунасизлар-ку! Менимча, биз футболни тушунмас эканмиз... Шу нарса бўлиши керак экан. Бу кунлар ҳам ўтади, бу (мағлубият) бизни янада кучайтиради. Яхши ниятда келгандик. Четлатишлар бўйича қандай қарор қабул қилишади, нечта ўйинда майдонга тушишмайди, билмайман. Биз янада кучли бўлиб қайтамиз», - дейди Қосимов ўйиндан кейин.

Тур рамзий жамоаси: «Пахтакор» ва «Қизилқум»дан энг кўп номзод

Tribuna.uz талқинига кўра, Суперлига 1-тур рамзий жамоаси қуйидагича кўриниш олди:

Дарвозабон: Милан Митрович (Сўғдиёна)

Ҳимоячилар: Шаҳбоз Жўрабеков (Сўғдиёна), Бобурбек Йўлдошев (Қизилқум), Умарбек Эшмуродов (Насаф), Фаррух Сайфиев (Пахтакор)

Яримҳимоячилар: Эркин Бойдуллаев (Қизилқум), Аброр Исмоилов (Нефтчи), Ҳожимат Эркинов (Пахтакор), Александар Станисавлевич (Қизилқум).

Ҳужумчилар: Шоҳназар Норбеков (Металлург), Драган Черан (Пахтакор)

Фото: Tribuna.uz

1-турдан кейинги турнир жадвали ва 2-тур анонcи: 

Усмон Ибодов

Мавзуга оид