Эрдўған Сурия ва Ироқдаги ҳарбий операцияларни якунламоқчи. Туркия мақсадига эришдими?
Туркия Республикаси президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 18 март кунги чиқишида ёзгача Ироқ билан чегарада хавфсизлик “тўла кафолатланиши”, Суриядаги “тугалланмаган ишлар” ҳам якунига етказилишини айтди. Хўш, Анқара нима учун буфер зона яратмоқчи эди ва бу мақсадига эришдими? “Геосиёсат” мавзуни шарҳлаб бериш учун Яқин Шарқ масалалари бўйича эксперт Фарҳод Каримовга мурожаат қилди.
— Туркия нима мақсадда Сурия ва Ироқ чегарасида ҳарбий операция бошлаган эди?
— Усмонлилар империяси парчаланганда бу ердаги давлатлар чегаралари сунъий равишда чизилган, бирор бир миллий бирликка қараб белгиланмаган. Мақсад – Туркия империяси парчалангач, уни атрофдан имкон қадар сиқиш ва баланс бўлоладиган давлатлар, буфер ҳудудлар шакллантириш бўлган. Ўша вақтда бўлиниш энергия ресурслари, географик жойлашув нуқтаи назардан бўлинган. Масалан, Сурия ҳудуди Европага Форс кўрфази араб давлатлари билан коридор вазифасини бажаради. Рельефи ҳам қулай, газ трубаларини ўтказса бўлади. Сурия ва Ироқнинг ўзида ҳам катта миқдордаги нефт захиралари аниқланган.
Айтганимдек, сунъий чегаралар чизилган, бунда этник бўлиниш ва бошқа шу каби омиллар ҳисобга олинмаган. Шу сабаб бу чегараланиш минтақа давлатлари учун муаммо бўлиб келяпти, айниқса, Туркия учун. Туркияни қийнаб келувчи курд сепаратистик ҳаракатлари бор. Минтақада умумий 40 млндан ошиқ курдлар бор. Уларнинг тақдири бўйича аввалдан тўлиқ ечим қилинмаган, бўлиниб кетишган, тиллари ҳам ўзгарган, мазҳаб жиҳатдан ҳам бўлинишган, бир қисми шиа бўлса, бир қисми сунний. Умуман, бирлаштирувчи омиллар кам, мана шу муаммо минтақадаги барча давлатлар учун, Туркия учун ҳам муаммо.
Туркия Отатурк давридан бери буни ҳал қилиш учун бир неча лойиҳаларни амалга оширган: курдларнинг ўзига маданий эркинлик берилган, Эрдўған ҳокимиятга келгач, партия тузишларига имконият берилди, парламентда ўрнига эга бўлди. Лекин шунга қарамай, минтақада курд ишчи партияси сингари радикал, экстремистик ташкилотлар ҳам бор. Бу ташкилотлар минтақадаги ҳокимиятларга доимий равишда хавф бўлиб келган. Эрондан бошланиб Туркиягача етган ҳудудда курдлар коридори деган лойиҳа бор. Бундан мақсад – минтақа давлатларига доимий равишда таъсир ўтказиш, минтақада беқарорлик келтириб чиқариш. Бу лойиҳадан энг кўп Туркия, Ироқ ва Сурия ҳам жабр кўради, Эронда бу муаммо анча ҳал этилган. Мана шу муаммолар чегара ҳудудда бўлгани учун Туркия Ироқ ва Сурия ҳудудида ҳарбий операцияларни амалга ошириб келади. Чегарадош ҳудудлардаги хавф солаётган кучларга нисбатан ҳаракат олиб боради, Сурия ва Ироққа 30 кмгача кирган Туркия. Бу йил Эрдўған бу операцияларни охирига етказишни кўзлаяпти. Ҳарбий операцияларни узоқ давом эттириб бўлмайди, чунки бунинг ортидан Сурия ва Ироқ билан муаммолар келиб чиқди, бу Туркиянинг ичида ҳам норозиликларга сабаб бўлиши мумкин.
— Курдистон ишчи партияси (Анқара террорчи ташкилот деб ҳисоблайди) Туркиядан ташқари Ироқ ва Сурия ёки бошқалар учун ҳам хавф солувчи ташкилот сифатида кўриладими?
— Юқорида айтганимдек, Эронда бу муаммо камроқ, чунки у ердаги курдлар интеграциялашган эронликлар билан. У ердаги курдлар ҳам радикал эмас, мўътадил. Умуман, Туркиядаги курдларнинг асосий қисми ҳам мўътадил, лекин ташқаридан молиялаштириладиган радикал гуруҳлари бор. Курдларни ажратиш, этник камчилик сифатида босим қилиш йўқ Туркияда, масалан, Тургут Ўзал курд бўлган, ҳозирги ташқи ишлар вазири ҳам ота томонидан курд.
Сурия ва Ироқда ҳам радикал курд гуруҳлари бор. Ироқда ҳукумат тепасига асосан курдлар келгани учун бу масалани ўз фойдасига ҳал қиляпти. Лекин улар ҳам Эрдўған билан мулоқотда радикал курдлар масаласини гаплашган. Демак, Ироқ ҳукуматидаги курдлар ҳам радикал курдлардан азият чекади. Сурияда ҳам шу вазият, мамлакат шимоли деярли курд сепаратистлари назоратига ўтган, Сурия ҳукумати ҳам азият чекади. Лекин нега фақат Туркия ҳаракат қиляпти десак, ҳали бу давлат ҳокимиятининг ўзи беқарор. Бундай ҳолатда курдларга нисбатан кураш олиб боролмайди. Ироқ ҳукумати курдларга нисбатан ҳаракат бошласа, бошқа курдлар норози бўлиши мумкин, иккинчи томондан яқинда урушдан чиққан давлат, тўла барқарорлик йўқ. Ички беқарор гуруҳлари кўп, шулардан ўтиб курдлар муаммосига етиб келолмайди ҳали. Туркия эса бу икки давлат кучайиб, муаммони ҳал қилишини кутиб туролмайди. Хавфсизлик, миграция масалалари бор. Туркиядаги 4 млндан ортиқ сурияликни қайтариш учун чегарадош ҳудудларни хавфсизлантириш керак. Бу мигрантлар масаласини тезроқ ҳал этиш керак, туркияликлар бундан жуда норози, ҳукуматга босим қиляпти. Шу сабаб тезроқ ҳудудни тозалаб, мигрантларни жойига қайтариш керак. 4 млн одам бу бир давлатнинг аҳолиси дегани катта муаммо. Курд сепаратистлари эса мана шу мигрантларни қайтаришга имкон бермайди.
— Террорчи Курдистон ишчилар партиясини қўлловчи, молиялаштирувчи давлатлар ёки кучларга ҳам тўхталсак.
— Мана шу ҳудудда Туркия таъсири кучайишини истамаган кучлар сепаратистик гуруҳларни молиялаштириб туради. Масалан, 2011 йилда араб баҳори бошлангач, у ердаги курдлар асосан Исроилда ишлаб чиқарилган қуролларни ишлатган. Бу ҳам кўп саволларга жавоб бўлади, Башар Асад ҳокимиятига, Туркия таъсир ўтказиш учун бу. Бу ерда қуролланиш ҳали ҳам давом этяпти, вақти-вақти билан Россия қуроллари ёки Ғарб қуролларини кўриш мумкин. Шундоқ ҳам можароли бўлган ҳудудга қандай қилиб қуроллар етиб келяпти, деган масала бор. НАТО доирасида Туркиянинг ўзи хоҳламаган қарорларга рози бўлиши учун ҳам восита сифатида фойдаланишлари мумкин. Туркиянинг ўзи ҳам шу каби йўл тутади баъзан, масалан, Финландия ва Швецияни қабул қилиш масаласи кўтарилганда Суриядаги ҳарбий ҳаракатлар учун қайсидир маънода рухсат олди. Туркияга нисбатан мана шундай ричаг сифатида эса курдлар омили ўртага чиқади вақти-вақти билан.
Яна бир масала бор. Бу давлатларнинг интеграциялашмаслигига асосий сабаблардан бири курдлар омили. Туркиянинг Эрон билан яқинлашиши Форс кўрфази араб давлатларига маъқул бўлмайди, чунки минтақада уларнинг таъсири ортиб кетади. Шу нуқтаи назардан ҳам курдлар масаласи кўтарилиб туради. Худди мавсумий кўтариладиган муаммога ўхшаб қолган бу.
— 2015 йил охирларида Россия қирувчи самолёти Сурия ва Туркия чегарасида уриб туширилганда, Россия томони Курдистон ишчилар партияси билан алоқага чиқиб, мулоқот қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган. Шу маънода Россия омили қандай бу муаммода?
— Курдлар Россия ташқи сиёсатида муҳим ўрин тутмайди. СССР даврида Ироқ ва Сурия билан алоқалар яхши бўлгани сабаб курдлардан ҳам қанақадир қўшимча восита сифатида фойдаланилган бўлиши мумкин. Лекин минтақадаги Россиянинг асосий ҳамкорлари араблар ҳисобланади.
Умуман, курдлар билан бошқа сиёсий кучлар ҳам мулоқот қилиб туради. Масалан, Ироқдаги Курдистонда АҚШ, Европанинг университетлари, ишлаб чиқариш корхоналари очилган, яъни биз сизга яқинмиз, деган сигнал берилган. Сабаби ўша ҳудуддаги асосий нефт конлари курдлар яшовчи жойларга тўғри келади. Шу каби сабаблар билан дунё сиёсий кучлари курдлар билан мулоқот қилиб туради ва вақти-вақти билан муқобил геосиёсий таъсир воситаси сифатида улардан фойдаланишади.
— Ўтган вақт давомида Туркия бу курашларда қанчалик мақсадларига эриша олди? Бугунги кунда муаммонинг асосий ўчоғи қаерда?
— Араб баҳори давридан кўра ҳозир анча барқарор вазият. Айтганимиздек, Туркия 30 кмгача бўлган ҳудудларни тозалай олган, лекин ҳали тўлиқ эмас. Сепаратистлар томонидан доимий равишда урушни тўхтатмасанг, Туркия ҳудудига кўчирамиз деган таҳдидли чақириқлар бўлиб туради ва бу Туркияни доимий сергак туришга мажбур қилади. Демак, ҳали Туркия ишини охирига етказгани йўқ. Туркиянинг ҳарбий ҳаракатлари Ғарб ёки бошқа кучлар томонидан танқид қилинади, бошқа давлат ҳудудида бўлгани учун.
Бугунги кунда Сурия шимоли бу муаммонинг асосий ўчоғи ҳисобланади. Асосий радикал гуруҳлар шу ерда фаолият олиб боряпти. Чунки Туркияга яқин бу ҳудудлар, Туркиянинг энг катта чегараси ҳам Сурия билан.
2018 йилдан бери Туркия Ироқ ва Сурияда ҳарбий операцияларнинг янги босқичини бошлаган. Афина шаҳридаги операциялар охирига етказиш масаласи ҳам турибди, кўп норозиликларга сабаб ҳам бўлганди бу.
Муаммо фақат Сурияда эмас, Туркиянинг ичидаги лойиҳаларга ҳам халақит бермоқда курд сепаратистлари. Жануби-шарқий Анадолy лойиҳаси бор, 19 та ГЭС, янги қишлоқ хўжалиги ерлари ўзлаштирилиши кузда тутилади. Мана шу ҳудуд Сурия билан чегарадош, сепаратистлар лойиҳага таҳдид солади. Шунинг учун ҳам бу муаммо тезроқ ҳал қилиниши керак бўлган масала ҳисобланади Туркия учун. Лекин бу қисқа вақт ичида ҳал бўлиб кетмайди, фақатгина ҳарбий операциялар орқали бўлмаслигини ҳам яхши билади Туркия. Шунинг учун сепаратизмдан сақланиш мақсадида ички сиёсатини доимий назорат қилиб боради. Мамлакат жануби-шарқидаги курдлар, араблар ўзини этник камчилик сифатида камситилгандек ҳис қилиб, сепаратизм бошланмаслиги учун кўпроқ шу ҳудудларга эътибор бериб, турли лойиҳалар амалга оширилади.
— Курдистон ишчилар партиясининг асосий мақсади нима, Туркия, Ироқ ва Суриядан бўлиниб, алоҳида давлат тузишми?
— Бу партия асосчиси Абдуллоҳ Ўжаланнинг қамоқдалик пайтида мақоласи чиққан эди, 10 йилча олдин. Унга кўра, партиянинг мақсади алоҳида давлат тузиш эмас, курдларнинг сиёсий ҳуқуқларини таъминлаш дейилган. Лекин сиёсий ҳуқуқларга эришган бўлишса ҳам, ҳаракат тўхтаб қолгани йўқ. Кўриняптики, асл мақсад кимларнинг буюртмаларини бажариш бўлиб қоляпти. Ўзлари ҳам билади давлат қуролмасликларини.
Курдлар Усмонлилар империяси даврида ҳам интеграция бўлган, катта лавозимларни эгаллаган, ўзларини камситилган деб ҳисобламаган. Тургут Ўзалнинг курд бўлгани ҳам кўп нарсани билдиради. Лекин бугунги кунда курдлар масаласини кўтариш Туркияга таъсир қилиш, Эрон ва Туркия ҳамкорлигини истамайдиган кучлар учун сиёсий восита бўлиб қолган. Курд сепаратистларининг мақсади ҳам шу аслида.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
09:15 / 12.11.2024
АҚШ Сурияда эронпараст гуруҳлар объектларига зарба берди
16:47 / 11.11.2024
Геосиёсий ҳафта таҳлили: Трампдан умид қилаётган Россия ва Ҳамас атрофидаги миш-мишлар
16:43 / 06.11.2024
Эрдўған туркийзабон давлатларни умумий алифбога ўтишга чақирди
21:46 / 05.11.2024