Жаҳон | 17:09 / 27.11.2022
45668
6 дақиқада ўқилади

Замонавий «Москвич-3», рулсиз ва педалларсиз автомобил ва АҚШнинг ўта махфий B-21 самолёти — ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

«Сузувчи шаҳар»

Саудия Арабистони тошбақа шаклидаги улкан яхта қуришни режалаштирмоқда. Pangeos дея номланувчи ушбу лойиҳа италиялик дизайнер Пиерпаоло Латсарини томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, қуриш ишлари 8 йил ва 8 млрд доллар талаб қилади.

Дизайнерларнинг таъкидлашича, тошбақа кўринишидаги футуристик сузувчи шаҳар дунёда ҳозиргача қурилган энг катта сувда ҳаракатланувчи иншоот бўлади. Унинг узунлиги 550 метрни, эни эса 610 метрни ташкил этиши мумкин. Улкан яхтада ҳотеллар, савдо марказлари, парклар, виллалар ва клублар бўлади.

Pangeos 16800 от кучига эга 9 та HTS двигатели билан жиҳозланади. Гигант қуёш панеллари ва денгиз тўлқини энергиясидан куч олувчи генераторлар уни ток билан таъминлайди. Яхта 6000 та йўловчи учун мўлжалланган бўлиб, қурилиш ишлари қачон бошланиши ҳозирча номаълум.

Замонавий «Москвич-3»

Фото: РИА Новости

Россияда мамлакатдан чиқиб кетган Renault компанияси заводида «Москвич-3» автомобилларини серияли йиғиш бошланди

Россия саноат ва савдо вазирлигининг маълумотларига кўра, машиналар сотуви бошланиши жорий йилнинг декабрига режалаштирилган.

«Кўпчилик Россия автосаноати шу билан тугайди деб ўйлаган эди, лекин аслида бу янги ишлаб чиқаришни жонлантириш учун туртки бўлди. Ҳозирда эски «Москвич» бренди остида янги моделни ишлаб чиқариш бошланмоқда ва бу тарихий воқеа. Умид қиламанки, бир неча йилдан сўнг биз ўз платформамизда электромобиллар ишлаб чиқаришни ҳам бошлаймиз», — дея таъкидлаган Москва мэри Сергей Собянин.

«Москвич-3» 150 от кучига эга, 1,5 литрли бензинли турбодвигатель билан жиҳозланган ихчам кроссовер бўлади.

Рулсиз ва педалларсиз автомобил

Фото: carsales.com.au

Waymo компанияси тўлиқ электр билан юрадиган янги MINIVAN’ни тақдим этди. Машина рул ва педалларсиз ишлаб чиқилган. Бу вазифаларни учта сенсорли экран билан бажариш мумкин. Бундан ташқари, сенсор экранлардан манзилни танлаш учун ҳам фойдаланилади.

Машинада 5 кишилик ўриндиқлар мавжуд. Шунингдек, MINIVAN ичини дам олиш жойи, йиғилишлар учун кўчма офис, болалар ўқиши учун хона ёки дам олиш ҳудудига айлантириш ҳам мумкин. Машина ҳозирча синовдан ўтказиляпти.

Маълумот учун, одатда ҳайдовчисиз машиналар одамларни, белгиларни ва хавфларни аниқлаш учун сунъий интеллект ёрдамида қайта ишланадиган юз минглаб маълумотлар базаси билан ўқитилади.

Компютерлар тармоғи маълумотларни қайта ишлайди, улар GPS билан биргаликда атрофдаги ҳаракатланувчи ва ҳаракатланмаётган объектларни реал вақт режимида шакллантиради. Олд ойнага ўрнатиладиган тўлқинли радар ва камера эса йўл белгилари, йўлнинг эгри чизиқлари, йўлда кимлар ҳаракатланаётганини аниқлайди.

Совуқда иситадиган «ақлли» шарф

Фото: Xiaomi

Хитойнинг Xiaomi компанияси иситиш функциясига эга «ақлли» Smart Heating шарфини тақдим қилди.

Шарф пауэрбанкдан қувват олади ва бир неча сония ичида 38°C, 45°C ёки 50°C даражагача иситади. 

Қайд этилишича, шарфнинг иситиш элементлари қизиб кетиш ва қисқа туташувлардан ҳимояланган, шунингдек, IPX7 стандарти бўйича намликдан ҳимоя ҳам мавжуд. Агар носозлик бўлса, аксессуар фавқулодда ўчиш режимига эга.

Хитойда шарф 179 юандан (қарийб $25) сотувга чиқарилган.

Ўсимлик мойида учадиган самолёт

Фото: raf

Британия ҳукумати Airbus A330 тижорат реактив лайнерининг ҳарбий варианти ҳисобланадиган RAF Voyager парвозини намойиш қилди. Самолёт 100 фоиз экологик ёнилғида парвоз қилган. Бу ҳам Буюк Британияда, ҳам дунёда илк экологик тоза ҳарбий ҳаво транспорти парвози бўлди.

Фойдаланилган ёнилғи экологик тоза ўсимлик ёғи чиқиндисидан ишлаб чиқарилган. Авиацияда бундай экологик ёнилғилардан фойдаланиш дунёдаги углерод чиқиндиларини 80 фоизга камайтиради. Чунки транспорт чиқиндиларининг асосий қисми ҳаво лайнерларидан ҳосил бўлади.

Компания 2040 йилгача экологик тоза ёнилғи билан парвоз қиладиган дунёнинг биринчи рақамли ҳаво кучларига айланишни мақсад қилган. 

АҚШнинг ўта махфий B-21 самолёти

АҚШ келаётган ҳафтада жамоатчиликка янги авлод стратегик бомбардимончи B-21 Raider самолётини биринчи марта намойиш этади. Шу пайтгача у ҳақдаги маълумотлар сир сақланаётган эди.

«B-21 Raider тақдимоти ҳаво кучларимиз ва мамлакатимиз учун тарихий воқеа бўлади. Охирги марта биз янги бомбардимончи самолётни 30 йилдан кўпроқ вақт олдин тақдим этган эдик», деди Ҳарбий ҳаво кучлари штаби бошлиғи генерал Cи Кью Браун. 

Янги самолёт оддий ва ядровий қуролларни олиб юришга қодир. Шакл жиҳатидан у В-2 самолёти каби учбурчаксимон бўлади. Унинг биринчи синов парвози 2023 йилда амалга оширилиши керак.

B-21 самолётининг нархи 639 миллион долларга баҳоланмоқда. Пентагон келажакда 50 га яқин шундай самолётга буюртма бермоқчи.

B-21 самолёти 2025-2027 йилларда Қуролли кучлар ихтиёрига берилиши кутиляпти.

Мавзуга оид