Трамп ҳам қамалиб, ҳам президентликка сайланса, нима бўлади?
Ню-Йорк суди собиқ президент Доналд Трампни корпоратив молиявий ҳужжатларни сохлаштирганликда айбдор деб топди, шундай қилиб Трамп расман жиноятчи деб топилган АҚШ тарихидаги биринчи президентга айланди. Трампнинг ўзи айбловларни сохта дейишда давом этяпти. Ҳукм 11 июлда эълон қилинади.
Айни пайтда бу Трампга нисбатан очилган тўртта жиноят ишидан биринчиси холос. Шунга қарамай, собиқ президент ноябр ойида бўладиган сайловда республикачиларнинг асосий номзоди бўлиб қолмоқда.
Хўш, агар Трамп қамалса ва президентликка сайланса, нима бўлади? “Геосиёсат” мавзу атрофидаги саволларни сиёсий таҳлилчилар Шуҳрат Расул ва Камолиддин Раббимов билан таҳлил қилди.
— Собиқ президент Доналд Трамп устидан судда қандай даъволар кўриляпти?
Шуҳрат Расул: Жами 4 та алоҳида жиноят ишлари бўйича айбловлар эълон қилинган. Уларнинг биринчиси бўйича 11 июлда суд қарори чиқади. Бу иш унинг АҚШлик порно актриса билан алоқалари ва унга пул тўлаш билан боғлиқ молиявий фирибгарликлар билан боғлиқ. Суд ўз ваколати доирасида бу ишда унга кўпи билан 4 йиллик қамоқ, жамоатчилик ишларига жалб қилиш ёки жарима қўллаши мумкин.
Тўртта жиноят ишидан асосийси – 2021 йилда Капитолийга бостириб кириб, оммавий тартибсизлик қўзғагани билан боғлиқ.
Камолиддин Раббимов: Трамп маънавий енгилтак аёлга берилган пулларни адвокат орқали берган ва ҳужжатларни сохталаштирган. Бу бўйича 34 та пунктдан иборат айблов бўляпти.
Иккинчи жиноят ишига келсак, Трамп 2020 йилдаги сайлов натижаларини тан олмай, тарафдорларига Капитолийга бостириб киринглар деган маънавий қўллов берган эди. АҚШ қонунчилигига кўра, сайловлар шаффоф ва холис бўлса, жамоатчиликни ноқонуний тартибсизликларга чақириш катта сиёсий жиноят ҳисобланади. Трамп президент сифатида қасамёд қабул қилган, шунинг учун алоҳида сиёсий, ҳуқуқий тоифадаги шахс ҳисобланади, бундай шахсларнинг масъулияти юқорироқ бўлади. Шу шахслар ноқонуний тартибсизликларга чорласа, уларга алоҳида жавобгарлик бор.
Бундан ташқари, Трамп президентлик даврида ва ундан кейин президентлик фаолияти билан боғлиқ ҳужжатларни уйига олиб кетган ва ноқонуний сақлаган.
Яна бир ҳолатда, у сайлов кампанияси даврида республикачи губернаторларга қўнғироқ қилиб, штатда ўз ғалабасини таъминлашни сўраган. АҚШнинг бошқа бирорта собиқ президентига бу даражада айбловлар бўлмаган эди.
— Асосий жиноят ишларидан бири – Доналд Трампнинг 2021 йил 6 январдаги Капитолий ҳужуми билан боғлиқ суд ишига тўхталсак.
Шуҳрат Расул: Бу процесс давом этяпти, навбат билан кўриляпти ишлар. Трамп шахси ҳақида ҳам гапириш керак шу ўринда, у эмоционал одам, яқин дўстлари – спорт юлдузлари, ижтимоий ахлоқи паст шахслар бўлган. Мана шу эмоционаллиги унга сайловда ютқазгандан кейин катта панд берди. Трампга академик база етишмайди, масалан, Рейган актёр бўлса ҳам, унда академик база катта эди ва энг ҳурматли президентлардан бири бўлган АҚШ тарихида.
— Нега унинг тарафдорлари кўп унда?
Шуҳрат Расул: Унинг асосий тарафдорлари ўрта қатламдан пастдаги, даромади юқори бўлмаган, маълумоти ўрта, депрессив штатлар (иқтисодий оғир) аҳолиси ҳисобланади. Трамп – исломофоб, ксенофоб, шунинг учун маълум қатламлар унга овоз бермайди, олдинги сайловда ҳам айни шу фобиялари сабаб ютқазган эди. Бу сафар ҳам Трамп ғалаба қилади деб бўлмайди, ноябрда маълум бўлади.
Камолиддин Раббимов: Трамп ултра ўнг сиёсатчи (миллатчи, исломофоб, ксенофоб) сифатида “икки қаватли Америка” (ҳовлиларда яшовчи) аҳолисининг овозини оляпти. Кўп қаватли Америка – икки соҳил ва у ердаги катта шаҳарлар, талабалар сўл, либерал қатлам ҳисобланади, улар кўпроқ демократларга овоз беради. Трамп консерватор ролини ўйнайди, у иш ўринларини йўқотган оқ танлилар ҳиссиётларига маҳорат билан ўйнайди. АҚШнинг сиёсий элитаси, республикачиларнинг ҳам катта қисми Трампдан қандай қутулишни билмайди.
АҚШда сиёсий ўйин мураккаб, бир томондан демократия бор, халқ овозини сохталаштириб бўлмайди. Лекин жараёнлар бор, партиялар ичидаги праймеризларда сайловчиларнинг ҳам, партиядошлар овози ҳам инобатга олинади. Популист сифатида Трамп майдонга чиқади ва катта, мураккаб нарсаларни осон, примитив тарзда етказиб беради жамиятга. АҚШ демократияси Трампга ўхшаган шахсларни нима қилишни билмайди.
Аслида АҚШнинг асосчилари бундай одамлар ҳокимиятга келиб қолса, уларни тийиб туриш механизмларини яратган. Трамп ҳокимиятга келганда 7 та мусулмон давлатидан АҚШга одам киритилмасин ёки қийинлаштирилсин, деганди. АҚШ қонунчилигига кўра, оддий судлар ҳам президент қарорини бекор қилганди. Оқибатда Олий судда консерваторлар кўплиги ҳисобига бу қонун юмшатишлар билан қабул қилинганди.
— Капитолийга бостириб кирилиши ишига батафсилроқ тўхталсак.
Камолиддин Раббимов: Капитолийга бостириб киришда Трамп сайлов натижаларини тан олмай, ўша бостириб кирган аҳолини рағбатлантирди. Бостириб кирган шахслар аниқланиб, уларга ҳукм ўқилган. АҚШ қонунчилигига кўра, намойиш қилиш бемалол мумкин, лекин ноқонуний намойиш қилиш, давлат институтларига бостириб кириш, сайлов натижаларини тан олмаслик жиноят ҳисобланади. Трамп масаласига келсак. Демократик ҳуқуқий давлатларда суд шошма-шошарлик билан ҳукм чиқара олмайди. Далиллар шахсларнинг эҳтироси, нияти ва оқибатлари даражасида ўрганилади, шунинг учун томонларнинг юридик кураши узоқ давом этади. Қарор ҳали-бери чиқмайди, деб ўйлайман.
Шуҳрат Расул: Трамп жуда содда гаплардан фойдаланади, ўрта қатламдан пастдагилар учун тушунарли гаплар. У демократлар АҚШ бойлигини дунёга сочиб юборяпти, мен уларни қайтараман, демократлар сизни алдаб келяпти, дейди. Барча билан, ҳатто Ким Чен Ин билан ҳам келиша оламан, деб 4-5 йил гапирди, лекин натижа нолга тенг бўлди. Трамп содда табақани популистик алдаш механизмларидан фойдаланади. Шу сабаб бу кураш кескин бўлади.
Байденнинг энг катта камчилиги – қариб қолгани. Унда қаричилик асоратлари кўриняпти. Шундай бир пайтда электорат учун шижоатли, импулсив одам яхшироқ кўринади. Аргентинанинг янги президенти ҳам шу сабаб билан ютиб чиқди.
Камолиддин Раббимов: Трамп – президент бўлгунча давлат ишида ишламаган, ҳарбий хизматга бормаган АҚШ тарихидаги ягона президент. Шуҳрат ака Трамп жамоатчиликни алдайди, деяпти, лекин Трампнинг дунёқараши шундай тор бўлиши мумкин. Алдаш учун киши ўзи билиб туриб, лекин бошқа нарсани айтиши керак, лекин Трамп ўзи айтаётган гапларига ишонади, менимча.
— Эҳтимолий жиҳатдан Трамп яна қайта сайланса ва айбловлар ҳам тасдиқланиб қамоқ жазосига ҳукм қилинса, у давлатни қандай бошқаради, ахир судлар конституциявий манфаатлар тўқнашувига дуч келади-ку?
Шуҳрат Расул: АҚШ конституциясида турмада ўтирган одам президент бўлмайди, деган тақиқ йўқ. Жиноий иш очилиб, суд жиноятчи деб ҳукм чиқарса ҳам, мумкин президент бўлиши. Агар қамалса, қабуллар қаерда бўлади, бошқа давлат раҳбарлари билан қандай учрашади, деган қизиқ гаплар ҳам бўляпти. АҚШ конституциясига кўра, президентга бирор нима бўлса, ҳокимият вице-президент қўлига ўтади. Ўзи Трамп қамалишига шубҳам бор, катта эҳтимол билан жарима солинади. Шундай бўлганда юридик йўллари бор, яъни президентлик ваколатини бир кунга вице-президентга бериб, ўзини афв эттириши мумкин, вице-президентда президент сингари афв этиш ҳуқуқи бўлади. Президентнинг ўзи ўзини афв этиш ҳуқуқи йўқ. Ўзи умуман, мен Трамп президент бўлишини 30 фоиз деб баҳолайман.
Камолиддин Раббимов: АҚШлик юристлар фикрича, Трампга нисбатан қамоқ жазоси қўлланиши эҳтимоли паст. Чунки АҚШ қонунчилигига кўра, оғир ва енгил жиноятлар бор, Трамп қилган ишларнинг эса жамиятга хавфи катта эмас. Шунинг учун жарима ёки жамоат ишларига жалб қилиниши эҳтимоли катта.
Экспертлар бошқа ҳолатларни ҳам таҳлил қиляпти. АҚШ қонунчилигига кўра, собиқ президент ҳар доим махсус хизматлар ҳимоясида бўлиши керак. Трамп қамалса ҳам, унга бериладиган ҳимоя қилиш тартиби бекор қилинмайди. Лекин АҚШ қонунчилигига кўра, қамоқхонага қуролланган шахслар қўйилмайди, шу сабаб Трамп учун алоҳида қамоқхона қурилиши керак. Бу нарса президентликка сайланмаса ҳам актуал бўлади.
Трампга нисбатан қамоқ жазоси қўлланиши эҳтимоли кам. Шундай бўлганда ҳам, жиноий жавобгарликка тортилган одам президент бўлмайди, деган нарса мавжуд эмас қонунчиликда. Бу ишлар Трамп пиари учун яхши хизмат қиляпти, бу ишларни демократлар уюштиряпти, айбим йўқ, олдинги сайловда ҳам енгганман, деяпти у.
Унинг ҳозирги энг катта аргументларидан бири: президент бўлсам, Мексика билан чегарани ёпаман, ичкаридаги мигрантларни чиқариб юбораман, ҳамма иш ўринлари америкаликларники бўлади, деяпти.
Шуҳрат Расул: Трампнинг ўзи жарима ёки ижтимоий ишларга жалб қилиш танловини қўйишса, у ижтимоий ишларга жалб қилинишни танлайди. Чунки у шундан ҳам катта пиар ясайдиган одам. Ню-Йорк кўчаларини супуриб юриши билан ҳамма ОАВни ўзига қаратади.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
21:54 / 18.11.2024
Трамп ноқонуний мигрантларни оммавий депортация қилиш режаси борлигини тасдиқлади
21:08 / 18.11.2024
Оқ уй Украинага АҚШ қуроллари билан Россияга зарба йўллашга рухсат берилганини тасдиқламади
20:14 / 18.11.2024
Украина ATACMS билан Россия ҳудудларига зарба бериши мумкин. Бу нимани ўзгартиради?
15:30 / 18.11.2024