Жамият | 23:00 / 04.06.2024
7379
5 дақиқада ўқилади

Даволовчи ғор, Гераклнинг ҳикоялари, “ёрилган” тоғ ҳамда бетакрор денгиз саёҳати – Аланянинг албатта бориш керак бўлган 5 нуқтаси

Ёзнинг жазирама иссиқ кунларида кўпчилик денгиз соҳиллари ва табиати сўлим тоғли жойларга саёҳатга ошиқади. Бу борада ўзбекистонликлар учун энг қулай бўлган локациялардан бири Туркиянинг Аланя ўлкаси ҳисобланади. Asialuxe Travel туроператори афсонавий Аланяга саёҳат қилиш учун янги имкониятларни яратмоқда.

Аланя Туркиянинг энг гўзал шаҳарларидан бири ҳисобланади. Ўртаер денгизи соҳиллари ва Торос тоғлари этакларида жойлашган ҳудуд такрорланмас табиат гўзаллиги, бир неча минг йиллик тарихга эга қалъалари ҳамда барча имкониятларга эга меҳмонхоналари билан туристларни ўзига жалб қилиб келади.

Уч қисмли қалъа

Аланяга саёҳатни ҳудуддаги яриморолчада жойлашган Аланя қалъаси билан танишишдан бошлаган маъқул. Негаки, бу ер, яъни қалъага чиқиш нуқтаси бўлган Дамлаташ кўчаси Аланя шаҳри маркази ҳисобланади.

Аланя қалъаси уч қисмдан — қуйи қалъа, ўрта қалъа ва ичкари қалъадан иборат. Маълумотларга кўра, қуйи қалъада оддий одамлар, ўрта қалъада саройда ишлайдиганлар ва ичкари қалъада ҳукмдорлар яшаган. Қалъа ичкарисида ҳозирги кунда ҳам маҳаллий аҳолининг яшаш уйлари бор.

Қалъа атрофини Ўртаер денгизи тўлқинлари ювиб турган тепаликда қурилган. Тарихи милоддан аввалги бир неча юз йилликка бориб тақалувчи қалъа 1221 йилда Салжуқийлар султони Аловуддин Кайкубод томонидан забт этилган. Унинг даврида қалъада кўплаб қурилишлар амалга оширилган.

Кейинчалик қалъа давлат ишларини ўрганиши учун Аланяга юборилган Усмонийлар шаҳзодаларининг ёзги қароргоҳи вазифасини ҳам ўтаган. 

Қалъага пиёда ёки истасангиз канат йўли орқали кўтарилсангиз бўлади. Қалъанинг ҳукмдорлар яшаган энг юқори қисмида денгизнинг гўзал манзараларини ҳамда Клеопатра пляжини кузатиш мумкин.

“Ёрилган” тоғ – Сападере каньони

Аланянинг навбатдаги гўзал маскани Сападере каньони ҳисобланади. Унинг узунлиги 750 метрни, баландлиги 400 метрни ташкил қилади.

Каньоннинг кириш қисмидан 600 метр масофага қадар махсус йўлак қурилган. Йўлакнинг пастки қисмидан эса сой оқиб, шаршаралар ҳосил қилиб турибди. Сападере каньонига бориб, табиатнинг бетакрор манзараларини томоша қилиш, ҳаттоки сой сувида чўмилиш мумкин.

Даволвочи ғор

Аланяга борганлар Дим ва Дамлатош ғорларини кўрмасдан қайтмайди. Негаки, мазкур ғорлардаги шифобахш ҳаво кўплаб нафас йўллари касалликлари учун даво экани айтилади.

Дим ғорининг ёши тахминан 1 млн йилга тенг. Унинг узунлиги 360 метрни, кенглиги ва баландлиги 10-15 метрни ташкил қилади. Ғор ичида туристлар қулай юриши учун махсус йўлак қурилган. 

Геракл ҳикоялари – Сиедра антик шаҳри

Аланяда кўриб ҳайратланиш мумкин бўлган яна бир манзил шаҳар марказидан тахминан 20 км узоқликда, тоғ устида, маҳаллий аҳоли томонидан Асар Тепе деб номланган тепаликда жойлашган Сиедра антик шаҳридир.

Тарихи милоддан аввалги VII-VI асрларга бориб тақаладиган Сиедра антик шаҳрида Рим ҳаммоми, дўконлар, театр, уйлар харобаларини кўриш мумкин. Сиедрада 1800 йиллик зиналар ўз ҳолида сақланиб қолган.

Айниқса, антик шаҳардаги ҳаммом алоҳида эътиборни тортади. Чунки ҳаммомнинг пол қисмига мозайка кўринишида афсонавий қаҳрамон Гераклнинг ҳикоялари тасвирланган. 

Сиедрада ҳозирги кунда ҳам археологик қазишма ишлари давом эттирилмоқда. 

Очиқ денгизга саёҳат

Тоғлардаги қалъаларни кўриб қайтгач, очиқ денгизга саёҳатга чиқиш мумкин. Бу саёҳатчи учун ҳаяжонли бўлади. Негаки, Ўртаер денгизидан туриб Аланя манзараларини томоша қилиш, денгизда чўмилиш саёҳатчига ўзгача завқ бағишлайди.

4-5 соатлик денгиз саёҳати унутилмас лаҳзаларни ҳадя қилади ва бу манзилларга қайтиб бориш истаги туғилади.

Булардан ташқари, Аланяда қалин ўрмон билан қопланган Торос тоғларига чиқиб, бу ерлардаги турк миллий ошхоналарида нонушта қилиш, шунингдек, шаҳар марказидаги халқ бозорига тушиб, балиқ ва денгиз маҳсулотларидан, турли хил мевалар ҳамда гиёҳлардан тайёрланадиган турк чойларидан сотиб олиш мумкин.  

Яқинда ўзбекистонликлар учун Аланяга бориш янада қулай бўлади. Asialuxe Travel туроператори Ўзбекистон шаҳарларидан Аланяга тўғридан тўғри рейсларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бунгача эса Asialuxe Travel туроператорининг тўғридан тўғри рейслари орқали Анталияга учиб, сўнгра машинада Аланяга бориш мумкин.

Мавзуга оид