Ўзбекистон | 20:47 / 31.08.2021
7843
4 дақиқада ўқилади

Битирувчиларни олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50-60 фоизга етказиш мўлжалланмоқда — президент

Сўнгги 5 йилда 64та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилган, қабул квотаси 3 баробар оширилган.

Президент Шавкат Мирзиёев «Янги Ўзбекистон» боғида мустақилликнинг 30 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтаётган давлат тадбирида сўзлаган нутқида бугунги кунда ҳаётнинг ўзи олий таълим соҳасини жадал ривожлантиришни тақозо этаётгани ҳақида гапирди.

«Атоқли маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг: «Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир», деган ҳикматли сўзларини мен қайта-қайта такрорлашдан чарчамайман. Кейинги йилларда масалага мана шундай ёндашув бизнинг ушбу соҳадаги фаолиятимиз мезонига айланди.

Чиндан ҳам, агар биз таълимни ўзгартирсак, таълим инсонни ўзгартиради. Инсон ўзгарса – бутун жамият ўзгаради. 

Шу боис, биз узлуксиз таълимни такомиллаштириш, фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол инсонлар этиб тарбиялаш, юқори малакали педагог кадрлар тайёрлашни тубдан яхшилашга алоҳида аҳамият қаратмоқдамиз.

Таълим-тарбиянинг бошланғич бўғини бўлган мактабгача таълим тизимидаги ўзгаришлардан ҳамманѓиз яхши хабардорсиз. Соҳада ягона давлат сиёсатини юритиш мақсадида Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. 2017 йили юртимизда 5 минг 211 та боғча фаолият юритган бўлса, жорий йилда бу рақам – тасаввур қилинг – 19 минг 316 тага етди. Давлат-хусусий шериклик механизмлари ҳамда оилавий боғчаларнинг жорий этилиши, бир қатор имтиёзлар берилиши туфайли 13 мингдан зиёд нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари фаолияти йўлга қўйилди.

Ушбу ислоҳотлар натижасида биз мактабгача таълимга қамров́ даражасини 62 фоизга, 6 ёшдаги болалар ўртасида эса 77 фоизга етказишга эришдик.

Янги турдаги таълим масканлари, хусусан, Президент мактаблари, ижод мактаблари, ихтисослашган мактаблар фаолияти йўлга қўйилмоқда.

Биргина 2020 йилни оладиган бўлсак, юртимизда математика фани бўйича 56 та, кимё-биология фани бўйича 28 та, информатика ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича 14 та ана шундай мактаблар ташкил этилди.

Таълим соҳасида янгича ёндашувлар фаол жорий этилмоқда. Ўзингиз айтинг, бундан тўрт-беш йил олдин республикамизда хусусий мактаб ёки боғча бўлишини тасаввур қилиш мумкинмиди?

Биз бу соҳада жаҳон тажрибасини ўрганиб, янги тартиб-қоидаларни, замонавий таълим усулларини жорий этмоқдамиз. Жумладан, хусусий мактаб очиш учун лицензия олиш тартиби соддалаштирилди. Нодавлат таълим масканлари давлат томонидан кенг қўллаб-қувватланаётгани туфайли ҳозирги вақтда уларнинг сони 195 тага етди.

Буларнинг барчаси ўз ижобий натижасини бермоқда. Буни 2017-2020 йилларда ўқувчиларимиз нуфузли халқаро фан олимпиадаларида 30 та медални қўлга киритгани мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Ёшларни талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш учун ўтган ўқув йилида 339 та касб-ҳунар мактаби, 194 та коллеж ва 195 та техникум фаолияти йўлга қўйилди.

Бугунги кунда ислоҳотларимиз талаби, ҳаётнинг ўзи олий таълим соҳасини жадал ривожлантиришни тақозо этмоқда.

Шу боис, юртимизда сўнгги 5 йилда 64 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиб, уларнинг сони 141 тага етказилди. Қабул квотаси 3 баробар оширилди.

Эндиликда битирувчи ёшларни олий таълим билан қамраб олиш даражаси 2016 йилги 9 фоиздан – шунга эътибор беринг – 28 фоизга етказилди. Яқин келгусида ушбу кўрсаткични 50-60 фоизга етказиш мўлжалланмоқда», дейди давлат раҳбари.

Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини, авваламбор, ёшларни қўллаб-қувватлаш доимий эътибор марказида тургани, шу мақсадда жорий йилда ногиронлиги бўлган ёшлар учун 3 минг 155 та, Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчалари битирувчилари учун 1 минг 580 та, кам таъминланган оилаларга мансуб хотин-қизлар учун 2 мингта қўшимча қабул квоталари давлат гранти сифатида ажратилгани қайд этиб ўтилди.

Мавзуга оид