Иқтисодиёт | 11:08 / 12.07.2023
41956
14 дақиқада ўқилади

Янги Хитой мўъжизаси турғунликка учрамоқда. Нега иқтисодиёт ўсмаяпти ва бу дунё учун қандай хавф солади?

Ярим йил олдин Хитой раҳбари Си Жинпинг уч йиллик карантинни бекор қилди ва ўн йил давом этган мурватларни мустаҳкамлаш жараёнидан сўнг сиёсий йўналишни ўзгартирди. У халқ норозилигини юмшатиш ва Хитой иқтисодиётини жонлантиришга умид қилди, чунки мамлакат иқтисоди секинлашуви Хитойни АҚШни қувиб ўтган ҳолда жаҳон етакчисига айланиш мақсадидан узоқлаштираётганди.

Фото: EPA

Жаҳон фабрикасининг мотори янги куч билан ишга тушганди, аммо орадан олти ой ўтгач, у яна ишдан чиқа бошлади. Хитойликлар пул сарфламаяпти, бизнес ривожланмаяпти, Ғарб билан зиддият эса хорижий инвесторлар ва савдо шерикларини қўрқитмоқда. Иқтисодий ўсишнинг эски рецептлари ишлагани йўқ, янги тўпламлар эса жуда чекланган.

Бу Си Жинпинг учун ҳам, йилдан йилга ҳаёти яхшиланишига ўрганиб қолган хитойликлар учун ҳам, АҚШдан кейин иккинчи ўринда турадиган Хитой иқтисодиётига қарам бўлган бутун дунё учун ҳам ёмон янгилик.

Ва айниқса, Украинага ҳужум қилган Россия учун Хитойнинг турғунликка учраши жуда ёқимсиз. Энг камида тўртта сабаб туфайли.

Биринчидан, Хитой дунёдаги йирик энергия ресурслари сотиб олувчиси ва унинг муаммолари Россиянинг асосий экспорти бўлган нефт нархини пасайтирмоқда. Москва ихтиёрий равишда нефт ишлаб чиқаришни қисқартиришга ва ўзи бошлаган уруш сабаб жорий қилинган Ғарб санкциялари оқибатида шундоқ ҳам чекланган даромадининг яна бир қисмидан воз кечишга мажбур.

Иккинчидан, Украинага босқиндан кейин Россия сўнгги ўн йилликлардаги ривожланишига асос бўлган Ғарб бозорлари, технологиялари ва инвестицияларига кириш имкониятини йўқотди. Кремл эндиликда Хитой уларнинг ўрнини босишига, умид қилмоқда. Демак, Хитойнинг муаммолари — Кремлнинг ҳам муаммоларидир.

Учинчидан, Хитой иқтисодиётининг асосий тормозларидан бири АҚШ билан олиб борилаётган савдо ва технологик урушдир. Си Жинпингнинг янги йўналиши айнан ушбу тўсиқни бартараф этиш ёки ҳеч бўлмаганда оқибатларини юмшатишга қаратилган. Россия билан ҳар қандай яқинлашув ва Владимир Путинни қўллаб-қувватлаш америкаликларга Хитойга босимни кучайтириш ва Си Жинпингнинг Хитой товарлари учун асосий бозор бўлган Европа Иттифоқи билан яхши муносабатларни сақлаб қолиш саъй-ҳаракатларини мураккаблаштириш учун кўпроқ далиллар беради.

Ва тўртинчидан, уруш Европада инқирозни келтириб чиқарди ва Европа давлатларида Хитой маҳсулотларини сотиб олиш учун пул кам қолди, бу эса Пекин экспортини камайтирди. Экспорт — инвестиция ва истеъмол билан бирга иқтисодиётнинг учта асосий двигателидан биридир. Россия босқинининг ҳар бир куни Хитойга тўғридан тўғри йўқотишлар келтирмоқда.

Мўъжиза турғунликка учради

Хитойда жуда қатъий локдаун амал қилди. У бекор қилингач, мамлакат жонланди. Аммо мўъжиза содир бўлмади.

Сўнгги ҳафталар статистикаси шуни кўрсатдики, хитойликлар пул сарфлашга, бизнесга сармоя киритишга шошилмаяпти. Ички туризм тушкунликка учраган, аҳоли даромадлари ортидан квартиралар ва автомобиллар савдоси ҳам пасаймоқда.

Саноатда ишбилармонлик фаоллиги кетма-кет учинчи ой сусаймоқда, ҳаттоки хизмат кўрсатиш соҳасидаги жонланиш ҳам ёз яқинлашганда қулашга айланди. Юан курси тушиб бормоқда ва аллақачон 15 йил олдинги даражага етди.

Аждар қайиқлари байрами - Хитойнинг асосий фестивалларидан ва ички туризм двигателларидан бири. Аммо 2023 йилда хитойликарнинг бу фестивалдаги ўртача харажати пандемиядан олдинги 2019 йил билан таққослаганда 15 фоизга камроқ бўлган

«Нол-ковид» сиёсати тугатилганидан олти ой ўтгач, иқтисодий тикланиш ҳақидаги дастлабки тахминлар ошириб юборилгани тобора аниқ бўлиб бормоқда», дейди АҚШнинг Халқаро алоқалар бўйича кенгаши вакили Янчжун Ҳуан.

Си Жинпинг бошчилигидаги Коммунистик партия хавотирга тушган, аммо уларда вазиятни ўнглашнинг тез ва осон рецептлари йўқ.

Си иқтисодий ўсишни қайта қуришларсиз тезлаштира оладими? Бу саволга жавоб бериш учун Хитой иқтисодиёти нима учун турғунликка учраётганини аниқлаш лозим.

Хитой мўъжизасига нима халақит бермоқда?

Муаммолар рўйхати жуда узун, аммо иқтисодчилар ва мутахассислар энг кўп тилга олаётган муаммолар қуйидагилар.

Ишончсизлик. Хитойликлар яшаш яхшиланаётганига ишонмайди. Хитойдаги карантин дунёнинг қолган қисмига қараганда анча узоқроқ ва қаттиқроқ бўлди; унинг чандиқлари чуқурроқ ва шунинг учун у секинроқ битади. Аҳоли даромадлари пандемиядан олдинги даврдагидек ўсмаяпти. Одамлар келажакка қўрқув билан қарайди ва ҳукуматга ишонмайди, улар пул сарфлагани йўқ, балки қора кунлар учун йиғмоқда ёки қарзларини тўлаяпти.

Бизнесда ҳам шу ҳолат. Миллиардерларнинг ковиддан олдинги таъқиблар қолдирган «яралари» битмаган, компаниялар ривожланишга сармоя киритишга шошилмаяпти.

Ғарб билан зиддият. Хитой Ғарбнинг кичик савдо шериги сифатида глобаллашув орқали бойиб кетди ва иккинчи жаҳон иқтисодиётига айланди. Си Жинпингнинг мамлакат ичида авторитар раҳбар сифатида ўзига ишончи ортди ва жаҳон саҳнасида ҳам ўзини муҳим шахс деб ҳисоблай бошлади. Биргаликдаги ривожланиш дунё лидерлиги учун рақобатга алмаштирилди, натижада Ғарб Хитой билан савдо ва технологик урушга ўтди. Ажралиш эндигина бошланди ва янги дунё тартиби қандай бўлиши ҳозирча номаълум.

«Вақт ўтиши билан ҳар икки томон худди совуқ уруш давридаги АҚШ ва СССР каби янги воқеликка мослашади ва ҳамкорлик учун майдонни кенгайтирадиган янги қоидаларни ишлаб чиқади, дея умид қилиш мумкин», деб ёзади Янчжун Ҳуан.

Камайиб бораётган Ғарб инвестицияси. Зиддият хорижий компанияларни қўрқитмоқда. Улар аллақачон киритилган чекловлар туфайли ёки келажакда Украина ёки Тайван сабаб жорий қилинадиган санкциялардан чўчиб, Хитойга сармоя киритишга шошилмаяпти. Ғарб компаниялари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун янги жойларни қидирмоқда ва пул Ҳиндистон, Вьетнам, Миср, Туркия ва Мексикага кетмоқда.

Хитой нафақат тўғридан тўғри инвестицияларни, балки портфел инвестицияларни (қимматли қоғозлар орқали инвестиция) жалб қилиши ҳам қийин, чунки Хитойдан пулни эркин олиб чиқиш мумкин эмас, чет элликлар учун Хитой молиявий воситаларига капитал жойлаштириш чекланган ва уларнинг фойдалилиги кўплаб ривожланган мамлакатлардагига қараганда анча паст, жумладан АҚШдан.

Ўсишнинг олдинги манбалари (деярли) тугади. Иқтисодиётнинг тикланиш даври ўсиши якунланди. Урбанизация ва саноатлаштиришнинг дивидендлари тўланди, меҳнатга лаёқатли аҳоли сонининг жадал ўсиши аллақачон ўтмишда қолди.

Хитой иқтисодиётининг узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган структуравий бузилишларини тузатиб бўлмайди. Кўчмас мулк бозори ҳали ҳам инқирозда, туғилиш даражаси пасаймоқда ва ёшлар ишсизлиги, аксинча, ортиб бормоқда. Меҳнат унумдорлиги анчадан буён олдинги суръатда ўсаётгани йўқ.

«Си Жинпингнинг авторитаризми айбдор», дея ҳисоблайди Bruegel тадқиқот маркази экспертлари.

«Жинпинг ҳукмронлигининг биринчи ўн йиллигида бозор ислоҳотлари тўхтаб қолди ва давлатнинг иқтисодиётдаги роли кучайди», деб ёзади Bruegel экспертлари. Уларнинг хулосасига кўра, Си ҳокимиятни мустаҳкамлаш ва Коммунистик партия ролини кучайтириш йўлидан иқтисод ва умуман жамиятга кенгроқ эркинликка бериш йўли томон ҳақиқий бурилиш қилишга тайёр эмас.

Россиянинг Украинага қарши уруши эса Хитойнинг Ғарб билан зиддиятини ҳам, чет эл сармоялари дефицитини ҳам, инқирозга учраган Европага экспорт ҳажмининг камайишини ҳам кучайтирмоқда. Бундан ташқари, Путиннинг Европа Иттифоқига қарши бошлаган «газ уруши» европаликларга, стратегик товарлар етказиб берувчиларга қарамлик нимага олиб келиши мумкинлигини кўрсатди. Энди улар тухумларини турли саватларга солиб (машҳур инглиз ҳикмати, агар тухумлар битта саватга солинса ва сават тушиб кетса уларнинг бари ёрилади, бироқ тухумлар турли қутиларга солинса, бир қисми сақланиб қолиши эҳтимоли юқори бўлади), Хитойга муқобилларни қидирмоқда.

Си Путиннинг Америкага қарши риторикасини маъқуллайди, аммо унинг Украинага қарши тажовузини қўлламайди, уруш туфайли Хитойнинг Европа билан савдоси зарар кўрмоқда. Фото: EPA

Бу муаммоларнинг барчаси иқтисодий ўсишнинг асосий двигателлари — экспорт, хусусий инвестициялар ва истеъмол оқсашига олиб келмоқда.

Бозор ва сиёсат ислоҳотлари мавжуд бўлмаган пайтда, бу моторлар иқтисодий ўсиш секинлашувининг олдинги эпизодларида бўлгани каби, давлат инвестициялари ва субсидиялар орқали рағбатлантирилиши мумкин. Иқтисодчилар ва бизнес биргаликда Хитой расмийларини бунга чақирмоқда ва ҳукуматнинг ўзи ҳам давлат кўмагисиз иқтисодиёт жонланмаслигини тан олмоқда.

Коммунистик партия қайси йўлни танлаши Сиёсий бюронинг иқтисодга бағишланувчи июлдаги йиғилишидан сўнг маълум бўлиши мумкин. Бироқ, имкониятлар жуда чекланган.

Иқтисодиётни рағбатлантириш учун қарз олиш қийинлашмоқда. Марказий ва минтақавий ҳокимият органларининг қарзлари ялпи ички маҳсулотнинг 100 фоизига яқинлашяпти, бу эса Хитой ривожланиш даражасига эга бўлган мамлакатлар учун ноодатий ҳол.

Қолаверса, давлат томонидан қўллаб-қувватланишининг аввалги босқичлари саноат ва уй-жой қурилишида иқтисодий пуфакларга (спекуляция орқали нархларни сунъий ошириш, бунда нархлар худди пуфак шишгани сингари кўтарилиб, шу билан бирга заифлашиб боради ва қачонки спекуляция чўққига чиқса пуфак ёрилиб кетади ва нархлар кескин арзонлайди) айланиб кетди, ўшанда ҳукумат иқтисодиётни замонавий релсга ўтказиш учун ишлаб чиқаришни эмас, балки истеъмолни рағбатлантиришга ҳаракат қилди.

Бироқ, анъанавий усул — Марказий банк ставкаларини пасайтириш энди истеъмол ўсишига олиб келмайди, чунки хитойликлар депозитлар бўйича микроскопик (кичик) даромадга ўрганиб қолган ва депозитни фойда учун эмас, балки келажакда қариганда, касал бўлганда ёки фарзандлари таълимига маблағ етмаганда давлат ёрдам бермаслигидан қўрқиб сақлайди.

«Хитой давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ҳар бир янги босқичида харажатлар ортиб борадиган, самарадорлик эса, аксинча камайиб борадиган доирага тушиб қолди», дея ёзади Лондон иқтисодиёт мактаби профессори Кю Жин.

«Биз Хитой иқтисодиёти келажакда секинлик билан ўсишига тайёр бўлишимиз керак, чунки ҳозир у саноатлаштиришдан инновацион иқтисодиётга ўтиш даврини бошдан кечирмоқда», деган Жин Bloomberg нашри билан суҳбатда.

Хитой АҚШни қувиб ўта оладими?

Хитой чорраҳада турибди. Бир йўл жаҳон етакчилигига олиб борса, иккинчи йўл ХХ асрнинг охиридаги Япония инқирози мисолидаги турғунликка элтади. Аввалги Осиё «аждарҳоси» (Япония) бу инқироз оқибатларини ҳали бартараф эта олгани йўқ.

Бир сўз билан айтганда, Хитой ҳукумати ҳозирги иқтисодий ўсишдан норози эмас, чунки у ҳозирча бу йил учун режалаштирилган 5 фоиздан ошади. Бироқ, иқтисодчилар «Ковид 2022»нинг паст қиёсий базасини ҳисобга олган ҳолда бу режани камтарона деб атади.

Буларнинг барчаси Хитойнинг дунёдаги келажакдаги ўрнига бевосита алоқадор.

«Бир неча йил олдин, Хитой яқин келажакда АҚШдан ўзиб кетмайдиган ва дунёдаги энг йирик иқтисодиётга айланмайдиган вазиятни тасаввур қилиш қийин эди. Эндиликда ушбу муҳим геосиёсий воқеа ҳали бери содир бўлмаслиги деярли аниқ ва ҳатто бу умуман содир бўлмайдиган сценарийни ҳам тасаввур қилиш мумкин», дейди Bloomberg Economics бош иқтисодчиси Том Орлик.

Европанинг Bruegel маркази иқтисодчилари ҳам худди шундай фикрда.

«Хитой, катта эҳтимол билан, ўртача даромад тузоғидан чиқади, аммо иқтисодиёт ҳажми бўйича АҚШдан ўтиб кетиши даргумон», деб ёзади улар. Bruegel мутахассислари Хитой иқтисоди 2035 йилга бориб Америка иқтисодиётини қувиб етишини, аммо шундан кейин улар изма-из кетишини тахмин қилган.

Уларнинг фикрига кўра, Хитойнинг асосий захиралари — туғилиш даражасини ошириш бўйича давлат сиёсати орқали эришилувчи демографик ютуқ ҳамда автоматлаштириш ва сунъий интеллектга катта сармоя киритилиши туфайли қўлга киритилувчи технологик ютуқдир.

Бу борадаги ютуқлар Хитойга тезкор иқтисодий ўсиш йўлидаги баъзи ички тўсиқларни олиб ташлаш имконини беради. Аммо бу фақат ишнинг ярми.

Ҳозирги инқирознинг ташқи сабабларини бартараф этиш учун Си Жинпинг ва унинг вазирлари Ғарб билан тил топишиши керак бўлади. Улар бу борада аллақачон нимадир қилмоқчи ҳам.

Шу ҳафта Хитой бош вазири Ли Сян ҳукумат ва хорижий компаниялар бир-бирини яхшироқ тушунишлари учун тўғридан тўғри алоқа каналини очишга ваъда берди. Унинг савдо вазири Ван Вентао эса Ғарб фармацевтика гигантлари билан учрашиб, бизнес муҳитини яхшилаш имкониятларини муҳокама қилди.

Бош вазир Ли ҳам, раис Си ҳам бир неча бор жаҳон иқтисодиётининг парчаланишига қарши чиқишган. Вазият янги «совуқ уруш»гача бормаслигига умид ковид паузасидан кейинги юқори даражадаги алоқалар кўпайиши билан мустаҳкамланди.

Баҳорда Си Пекинда бирин-кетин турли Европа етакчиларини – Франция, Германия, Испания ва Еврокомиссия раҳбарларини қабул қилди. Ёзда эса америкаликлар билан узоқ кутилган шахсий алоқалар тикланди.

Йеллен хоним Пекинга ташриф арафасида «АҚШ ва Хитой иқтисодий алоқалари тўлиқ узилиши икки давлат учун ҳам фалокат бўлиши»ни таъкидлади. Фото: Reuters

Биринчи бўлиб, АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва 6 июн куни Молия вазири Жанет Еллен Пекинга ташриф буюрди. Улардан кейин Оқ уйнинг иқлим бўйича вакили Жон Керри ҳам Чин ўлкасига келади.

Мулоқот қайта тикланди, аммо ҳамма АҚШ президенти Жо Байден билан асосий учрашувни кутмоқда. Агар Си ноябр ойида Сан-Францискога, Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги ташкилоти саммитига келса, бу воқеа юз бериши мумкин.

Аммо ҳатто ўшанда ҳам, Си Байденни марказида Хитой билан иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий соҳалардаги рақобат турувчи АҚШ ташқи сиёсати концепциясини қайта кўриб чиқишга кўндира олиши ёки кўндиришни хоҳлаши даргумон. Айниқса, агар у Путинни қўллаб-қувватлашда давом этса.

Мавзуга оид