Жаҳон | 11:27 / 29.11.2020
56587
10 дақиқада ўқилади

«Эрон бомбасининг отаси» ўлдирилди. Эрон қасос олишни ваъда қилмоқда

Эрон ҳукумати етакчи физик олим, Исроил ва Ғарб давлатлари махсус хизматлари томонидан «Эрон бомбасининг отаси» дея нисбат бериладиган Муҳсин Фахризоданинг ўлдирилиши учун қасос олишга ва у бошлаган ишларни давом эттиришга ваъда бермоқда.

Фото: EPA

27 ноябрь куни Эронда шов-шувли қотиллик содир бўлди. Эроннинг махфий ядро дастури бошқарувчиси экани айтиладиган Муҳсин Фахризода теракт қурбони бўлди. Унинг ўлдирилишини Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг «Ал Қудс» махсус бўлинмаси командири Қосим Сулаймонийнинг ўлдирилишига ўхшатишмоқда. Эронда Фахризоданинг ўлими сабаб нақ 40 кунлик мотам эълон қилинди.

Бу ишни ким қилди?

Эрон ядро дастурининг раҳбари экани айтилаётган физик олим Муҳсин Фахризоданинг ўлимини кўпчилик Исроил билан боғламоқда. Ахир Исроил бош вазири Бенямин Нетаняҳу икки йил олдин ташкил этилган махсус анжуманда Эроннинг махфий «Aman» ядро дастури ҳақида гапириб, Фахризодани унинг раҳбари сифатида таъкидлаганди. «Бу номни эслаб қолинг – Фахризода», деганди ўшанда Нетаняҳу олимнинг суратини кўрсатиб.

Шу сабабли эронлик жуда муҳим олимнинг ўлдирилишини Исроил билан боғлашмоқда. АҚШ президенти Дональд Трамп эронлик Муҳсин Фахризода ўлдирилгани ва у узоқ йиллар МОССАДнинг кузатувида бўлгани ҳақида ёзилган твитни ретвит қилди (ўқувчиларига улашди). Бу эса АҚШ президенти гўёки содир бўлган воқеалардан хабари борлигига ишора сифатида ҳам қабул қилинди. Трампнинг бу ҳаракати беихтиёр шахсан унинг топшириғига кўра ўлдирилган Қосим Сулаймонийга уюштирилган суиқасдни эслашга мажбур қилган.

Фото: EPA

Эрон президенти Ҳасан Руҳоний шанба куни тонгда чиқиш қилиб Фахризоданинг ўлими ортида Исроил турганини маълум қилди: «Шаҳид Фахризоданинг ўлими душманларимизнинг бизга бўлган нафрати қай даражада эканини кўрсатади. Унинг ўлими бизнинг ишларни тўхтатмайди», деди Руҳоний. Эрон олий етакчиси оятуллоҳ Али Хоминаий қотиллик ортида турганларни жазолашни талаб қилди.

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф бу воқеани давлатга қарши уюштирилган террор деб атади. Али Хоминаийнинг маслаҳатчиси эса бу ишда тўғридан тўғри Исроилни айблади.

Reuters агентлиги бу борада Исроил бош вазири вакилларидан муносабат олишга уринган, лекин жавоб олишмаган. Исроил бу қотилликда бежиз айбланмаяпти. Чунки 2010-2012 йилларда 4 нафар эронлик ядро мутахассислари ўлдирилган ва ўшанда ҳам Теҳрон Исроилни айблаганди.

Jerusalem Post нашри хабар беришича, Исроил Эрон ҳукуматининг қасос ҳақидаги ваъдалари ортидан бутун дунёдаги элчихоналари ва ваколатхоналарини қўриқлашни кучайтирган.

Муҳсин Фахризода Али Хоминаий номидаги атом физика университети профессори ҳисобланади. Уни бундан бир неча йил олдин ҳам ўлдиришга уринишганди. 2014 йилда Reuters'га интервью берган ғарблик дипломатлардан бири бу олим ҳақида шундай деганди: «Агар Эрон уранни ҳарбий мақсадда қаергадир юборса, Фахризода «Эрон бомбасининг отаси» эканини ҳамма билади».

Эрон ядродан доим тинч мақсадларда фойдаланишини айтиб келади. Мамлакатнинг БМТдаги вакили Мажид Тахт-Раванчи ташкилот бош котиби Антониу Гутерришга хат ёзиб, Эроннинг манфаатлари ва халқини ҳимоя қилишни сўраган. Гутерриш эса ҳудудда (яъни, Яқин Шарқда) вазиятни ёмонлаштирувчи ҳар қандай ҳаракатдан чекланиш кераклигини айтган.

Суиқасд қандай содир бўлди?

Фото: EPA

Муҳсин Фахризода мамлакатнинг энг муҳим шахсларидан бири сифатида жиддий қўриқланарди. Уни қўриқлаш билан мамлакатнинг энг асосий ҳарбий ташкилоти бўлган Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси вакиллари шуғулланган. Шу сабабли, бу қотиллик Эроннинг олий ҳарбий ташкилоти учун ҳам қаттиқ зарба ҳисобланади. Чунки улар қўриқлаётган олим Теҳронда ўлдириб кетилди.

Қотиллик пойтахт яқинидаги трассалардан бирида содир этилган. Олимнинг машинаси йўлда кетаётганда ўққа тутилган ва Фахризода қўриқчилари билан бирга ўлдирилган. Физик олим зирҳли машинада юриши инобатга олинса, унинг машинаси ҳарбий қуролдан ўққа тутилган. Машина тўрт томондан ўққа тутилган, лекин Фахризода воқеа жойида ҳалок бўлмаган. Уни тезда касалхонага олиб боришган ва олимнинг жони касалхонада узилган.

Воқеа содир бўлган Абсард шаҳрида машина портлаган ва уч киши ўлган. Улар террорчи бўлгани айтилмоқда.

«Уруш алангаси»

Фото: Reuters

Эрон ташқи ишлар вазири Жавод Зариф твиттердаги саҳифасида бу иш уруш алангасини ёқиш учун қилинганини айтиб ўтди: «Террорчилар эронлик етук олимни ўлдиришди. Бу қўрқоқларнинг иши. Исроил қилгани ҳақиқатга ўхшаётган бу воқеа уруш оловини ёқиш учун қилинган».

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси Фахризоданинг ўлими учун қасос олишини маълум қилди. Оятуллоҳ Али Хоминаийнинг ҳарбий маслаҳатчиси Ҳусайн Деҳқон қотилликда Исроилнинг алоқаси борлигини айтди: «Иттифоқчисининг охирги кунларида (Трампнинг президентликдаги охирги кунлари назарда тутилмоқда, Трамп Исроил тарафдори ҳисобланади) яҳудийлар Эронга босимни кучайтириб, уруш бошламоқчи».

Муҳсин Фахризода ким эди?

Фото: Reuters

Оддий физик олимнинг ўлимига нега бунчалик эътибор бериб, 40 кунлик мотам эълон қилингани кўпчилик учун тушунарсиз бўлмоқда. Табиийки, 40 кунлик мотам бўрттиришдан бошқа нарса эмас, лекин Муҳсин Фахризода чиндан Эрон учун муҳим шахс эди. Сўнгги йилларда АҚШ санкциялари сабабли 160 миллиард доллардан кўпроқ зарар қилган Эрон (мамлакатнинг йиллик ЯИМ ҳажми 454 миллиард доллардан ортиқ) учун ядро дастури жуда муҳим ҳисобланади. Чунки санкциялар сабаб қурол-яроғ сотиб олишда муаммоларга дуч келаётган Эронда ядро дастури мудофаа учун муҳим ҳисобланади.

Йил бошида Daily Mail нашри Исроил разведкасидаги манбаларига асосланиб Эрон 2002 йилдан буён ўз ядро қуролини яратиш бўйича ишлаб келишини ёзганди. Лойиҳа бошида эса айнан Муҳсин Фахризода турган. Фахризода олим бўлиши билан бирга Ислом инқилоб муҳофизлари корпусининг юқори мансабли зобити ҳам ҳисобланган.

New York Times Фахризодани Иккинчи жаҳон уруши вақтида АҚШ ядро қуролини ишлаб чиққан Роберт Оппенгеймерга ўхшатишган. Исроил бош вазири таъкидлаган «Aman» дастури эса чиндан мавжудлиги ва унинг устида ишлар 1989 йилда бошлангани айтилади. Лойиҳа баллистик ракеталар учун ядровий ўқ-дори ишлаб чиқишга қаратилганди. Эроннинг баллистик ракеталари эса узоқ йиллардан буён турли синовлардан ўтиб келади.

Халқаро Атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) 2003 йилда Эрондаги ядро тадқиқотлари ўтказиладиган марказ ёпилганини маълум қилган, лекин кейинчалик ҳам марказ фаолиятини тўхтатмагани ҳақида кўплаб халқаро ташкилотлар ёзган. 2010 йилда Эроннинг ядро қуроли ишлаб чиқараётгани бўйича шубҳалар шунчалик жиддийлашдики, Европа Иттифоқи, АҚШ ва БМТ Эронга нисбатан санкциялар қўллашни бошлади. 2015 йилда Эрон олти йирик давлат – АҚШ, Британия, Франция, Хитой, Россия ва Германия билан ўзига хос ядро келишувини тузди. Унга кўра, ўзининг ядро дастури мавжудлигини тан олган Эрон дастурни аста-секин камайтириш эвазига санкциялар юмшатилишига эришиши кутилганди.

Фото: Reuters

2018 йилда АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп келишувнинг «оёғини осмондан қилади». У АҚШнинг келишувдан чиққанини эълон қилади ва бу ҳол Исроил учун айни муддао бўлди. Чунки Исроил доим Эрон билан ядро келишувига қарши бўлган. АҚШнинг келишувдан чиқиши сабаб Эрон ядро келишуви шартларини бажаришдан бош тортади. Оқибатда Эрон бойитилган уран қазиб олиш ҳажмини келишувда белгиланганидан 12 бараварга оширади. Ўшандан буён Эрон ва АҚШнинг муносабатлари яна ёмонлаша боради.

2020 йил 3 январда эса Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси махсус бўлинмаси «Ал Қудс» қўмондони Қосим Сулаймоний шахсан Дональд Трампнинг топшириғи билан ўлдирилади. Бу воқеа икки мамлакат ўртасида уруш бошланишига олиб келиши кутилганди, лекин Эрон АҚШнинг Ироқдаги аскарлар тарк этиб улгурган базасига ракета зарбалари бериш билан чекланди.

АҚШнинг сайланган президенти Жо Байден эса Эрон билан муносабатларни тиклашини маълум қилганди. Бу ҳолат Эрон ҳукуматида илиқ кутиб олинди. Чунки санкциялар бекор қилиниши Эрон иқтисодиётига жуда катта фойда келтиради.

ВВС таҳлилчиси Пол Адамснинг фикрича, Фахризоданинг ўлимидан АҚШ ва Эроннинг тикланиши кутилаётган муносабатларига қарши бўлган томон манфаатдор. Чунки Байден ҳар қанча муносабатларни тиклашга уринмасин, Эрон бу воқеадан сўнг ядро дастурига янада зўр бериши табиий. Ҳа, барча хулосалар ўз-ўзидан Трамп ва Исроилнинг муносабати яхшилигига бориб тақалаверади. Эрондан йўқ жойдан душман ясагани учун Трамп АҚШда кескин танқидга сабаб бўлганди. Исроилнинг эса Эронга бўлгани муносабати аниқ. Албатта, бундай миқёсдаги суиқасдларни ким уюштиргани ўн йиллардан кейин ҳам аниқланмаслиги ҳақиқатга яқин. Айтиладиган барча гаплар эса фараз ёки айбни кимгадир ағдаришга уринишдан бошқа нарса эмас. Бир нарсани унутмаслик керак – катта одамларни одатда жуда катта одамлар ўлдиртиради...

Мавзуга оид