Жаҳон | 12:08 / 02.05.2020
7976
8 дақиқада ўқилади

Ёлғизлик, изоляция ва дискриминация. Имконияти чекланганлар учун пандемия нимани англатади?

Бутун дунё бўйлаб имконияти чекланган шахслар ўзларига доимий кўрсатиб келинадиган ёрдамни олишида муаммолар юзага келмоқда. Шунингдек, тиббий ресурслар етишмовчилиги кузатилганда ҳам имконияти чекланганларнинг қурбон бўлиши эҳтимоли ортяпти.

Фото: Getty Images

Коронавирус тарқалиши биринчи марта дунёнинг кўп сонли аҳолиси нормал ҳаётдан узилиб, изоляцияни ҳис қилишига, айримларнинг уйда, айримларнинг махсус биноларда карантин қилинишига сабаб бўлди.

Изоляция – имконияти чекланганлар учун ноодатий ҳол эмас

Одамлар изоляциядан сўнг нормал ҳаётга қайтишни умид қилаётган бир пайтда имконияти чекланганлар учун мана шу ҳаётнинг ўзи нормал саналади.

Дунё миқёсида миллионлаб имконияти чекланган инсонлар пандемиядан кейин бошқалар каби ишга қайтишни орзу қилишаётгани йўқ. Аммо карантин чекловлари туфайли уларга ёрдам берувчи кишиларнинг ўз вазифасини бажариши қийинлашиши имконияти чекланганларнинг кундалик ҳаётига ҳам таъсир этяпти.

Жаҳон иқтисодий форуми сайтида ёзилишича, Буюк Британияда ишлаш ёшига етган имконияти чекланган шахсларнинг ишга олиниш кўрсаткичи соғлом одамларникидан 28,6 фоизга кам. Бизнес эгаларининг бор-йўғи 4 фоизи иш жойида инклюзив шароитлар яратишга хайрихоҳлик билдиради.

Шунга қарамай, ҳозирги даврда бизнес бошқарувчилари иш услубини ўзгартираётгани, ходимларига мослашувчан иш графиги ва масофавий тарзда ишлашга рухсат бераётганини кузатяпмиз.

Кўплаб бизнес эгалари бу каби иш услубларини пандемиядан кейин ҳам сақлаб қолиш мумкинлигини айтишмоқда. Демак, бу – имконияти чекланган шахсларнинг ҳам кейинчалик ишга ёлланиш кўрсаткичи ошишига ёрдам бериши мумкин.

Ақли заиф кишилар учун карантин ёлғизлик ҳиссини кучайтирди

Фото: Reuters

Бугун дунёда кўплаб руҳий носоғлом кишилар COVID-19 туфайли ёлғизликдан доимгидан кўпроқ қийналишмоқда.

Соғлом аҳоли қатламининг 10,5 фоизи пандемияда ёлғизликни ҳис қилаётган бўлса, руҳий ривожланишда нуқсони бор одамларнинг 45 фоизи шундай муаммога дуч келмоқда.

Ёлғизлик, ўз навбатида, уларда ақлий фаолият, уйқу нормаси ва тушкунлик билан ҳам муаммолар туғдириши мумкин.

Биламизки, ёлғизлик – саломатлик учун турли хатарли ҳолатлар, масалан, иммун тизимининг кучсизланиши ва юрак-қонтомир касалликлари кабиларнинг хавфини оширади.

Бир қарашда, ёлғизлик ва ижтимоий фаол бўлмаслик одатий ҳаёт тарзига айланган ақлий нуқсони бор кишилар учун карантин тадбирларининг яна қанақа ментал ва психологик таъсирлари бўлиши мумкин, деган савол туғилади.

Аммо таъкидлаш керакки, одатда ақлий нуқсони бор кишилар учун турли ресурслар ажратиларди. Масалан, уйда кўрсатиладиган тиббий ёрдам, кунлик дастур хизмати, оилавий ҳордиқ хизмати ёки жамоавий уй шулар жумласидан. Бироқ ҳозир саломатлик ва хавфсизлик нуқтайи назаридан, қолаверса иқтисодий инқироз ортидан бу каби хизматларнинг кўпчилигини амалга ошириш имконсизга айланган ёки бутунлай тўхтаб қолган.

Бу эса ақлий ривожланишда нуқсони бор одамларнинг кун тартибини шакллантиришда оила аъзоларининг масъулиятини оширади. Натижада уларнинг оила аъзоларининг эркинлиги кўпроқ чекланади.

Бу каби хизмат турларининг карантин туфайли чекланиши жамиятдаги кучли боғлиқликни кўрсатмоқда. Масалан, оилалар, турли касбдаги ходимлар ва ақлий нуқсони бор шахсларга ғамхўрлик қилувчиларнинг кундалик ҳаёти чамбарчас бир-бирига боғланган.

Руҳий носоғлом кишилар учун 2 хавф

Руҳий носоғлом кишиларнинг айрим тоифалари ўзларини тутишдаги нуқсонлар ва тиббий ёрдамга муҳтожликлари туфайли фақат оила аъзолари билан ёлғиз қола олмайдилар. Руҳий носоғлом кишилар уйларида ёки шунга ўхшаш махсус муассасаларда бўлиш уларга турли тиббий ва бошқа керакли ёрдамни вақтида олишга имкон беради, лекин бу уларнинг коронавирус юқтириб олиш хавфини оширади.

«Ақлий ва жисмоний ривожланишида нуқсони бор шахслар бошқалардан фарқли гуруҳга мансубдирлар. Уларнинг соғлигини асраш учун умумий битта ёндашув йўқ», – дейди Америка жамоатчилик фикрлари тармоғининг ҳукумат билан алоқалар бўйича вице-президенти Шаннон Макракен.

Коронавирус юқтириб олмаслик учун ҳаммага умумий тавсиялар берилган: қўлни тез-тез 20 секунддан кам бўлмаган вақт давомида совунлаб ювиш, касаллик эҳтимоли бор одамлар билан мулоқот қилишдан қочиш ва кўп тегиладиган юзаларни доимий дезинфекция қилиш. Энг муҳими, касаллик аломати сезилганда жамоат жойларига бормаслик.

Бироқ бу каби тавсиялар универсал бўлса-да, имконияти чекланганлар ва уларга ғамхўрлик қилувчилар бажариши учун мураккаблик қилади.

«Касаллик аломатини сезсангиз, уйда қолинг» – имконияти чекланганларга ғамхўрлик қиладиган бу тавсияга қандай амал қилишсин? Шунинг учун уларга алоҳида ёндашув зарур», – дея таъкидлайди Шаннон Макракен.

Мустақил ёки ярим мустақил тарзда яшаб келаётган имконияти чекланган шахслар олдида иккита йўл қолмоқда: вирус юқтириб олиш эҳтимоли юқори бўлса-да, махсус муассасада қолиш ёки кунлик зарурий кўмакдан маҳрум бўлиш.

Ақли заиф инсонларнинг ахборот талаби

Шунингдек, кўпчилик амал қилаётган саломатлик ва хавфсизлик билан боғлиқ қоидаларга ҳам руҳий носоғлом одамларнинг амал қилиши қийин. COVID-19 атрофидаги тезлик билан ўзгариб турган ахборот оқими ва тиббий кўрсатмаларнинг ҳам янгиланиб бориши руҳий жиҳатдан нуқсони бор кишилар учун мураккаблик қилади.

Масалан, Канаданинг Саскатун шаҳрида баъзи руҳий носоғлом кишилар ижтимоий масофаланиш ҳақидаги тиббий тавсияларни тушунмасдан зарурат бўлмаганда ҳам кўчада юришган.

Ақли заиф кишилар манфаати учун иш кўрувчи ташкилотлар эса бу пайтда логистика ва инструкция билан боғлиқ ҳар қанақа қийинчиликларга қарамай имконияти чекланган шахслар учун хизмат кўрсатиш ва таъминот етказиш тўхтамаслиги керак, деб ҳисобламоқда.

БМТ аҳолининг заиф қатламлари билан карантин даврида қандай ишлаш кераклиги борасида қўлланма ишлаб чиқди. Улар орасида имконияти чекланганлар, шунингдек, ақли заиф инсонлар билан пандемия даврида қандай ишлаш кераклиги кўрсатилган.

«Ахборот олишда алоҳида коммуникацион усулга эҳтиёжи бўлган имконияти чекланган шахсларда қийинчилик туғилади. Улар кўпинча қарор қилишга келганда истисно қилинади, ахборот ва ресурслар нотенглигига дуч келишади.

Лекин имконияти чекланган шахсларнинг фикрлари ҳам доимий равишда ўрганиб борилиши керак. Бунинг учун эса уларга ахборотни бир нечта йўллар билан осонроқ тилда етказиш зарур. Масалан, брайл ёзувида, катта форматда ёки видеоли кўринишда. Имконияти чекланган шахслар жамиятларини қарор қабул қилишда ҳамиша инобатга олиш зарур. Ва ҳамма ишларда мақсадли ёндашув бўлиши керак», – дея тавсия беради БМТ.

Дискриминация

Руҳий носоғлом кишилар тиббиёт соҳасида ҳам етарлича даволаниш имконига эга бўлмаяптилар. Пандемия даврида кўпгина давлатларда ресурслар етишмай қолаётган бир пайтда ҳар бир беморга етарлича даволаш воситалари йўқ. Бу дегани, вақти келганда тиббиёт ходимлари қайси бемор даволаниш имконига эга бўлишини танлашларига тўғри келмоқда.

Масалан, Италияда сунъий нафас олиш ускунасига улаш учун етарли имконият бўлмаган пайтларда тиббиёт ходимлари қайси бемор бу ҳуқуқдан фойдаланиши мумкинлигини танлашига тўғри келган кўплаб ҳикоялар пайдо бўлган.

АҚШда эса Америка имконияти чекланганлар жамияти «ҳаётни тўхтатиш» қарорини қабул қилишда имконияти чекланган шахслар манфаатига зарар етаётгани ҳақида чақириқлар билан чиқди.

Касалликка тайёргарлик режаларида Вашингтон, Канзас, Теннесси ва Алабама штатларида етишмовчилик юзага келганда ақлий ривожланишдан орқада қолган кишиларни сунъий нафас бериш ускуналари билан таъминламаслик тавсия қилингани жамиятнинг норозилигига сабаб бўлган ва бу фуқаролик ҳуқуқига зид экани айтилади.

Бунга жавобан эса, Федерал фуқаролик ҳуқуқлари офисининг тиббиёт департаменти директори тегишли штатларда текширув ишларини бошлаган, штатлардаги даволаш йўриқномалари била туриб дискриминацияга йўл қўйилмаслиги учун янгиланиш жараёнида.

Шундай бўлса-да, ҳануз тезкор қарор қабул қилиш керак бўлиб қолганда руҳий носоғлом кишилар тиббий ресурслардан бебаҳра қолиши мумкинлиги қўрқуви ва ноаниқлиги сақланиб қолмоқда. 

Зилола Ғайбуллаева тайёрлади.

Мавзуга оид