Жамият | 17:46 / 05.08.2021
36843
3 дақиқада ўқилади

“Аканг кучайди уже!” дея танилган Абдулазиз аслида ким? (видео)

UzbekLife интернет тармоғида биргина жумласи билан машҳурликка эришган Россиядаги ўзбек мигранти Абдуллаев билан интервью ўтказди.

Абдулазиз суҳбатда ўзи, TikTok’даги видеолари ва келажакдаги режалари ҳақида гапириб берди.

Биргина гапим машҳурлик келтирди 

Сирдарё вилояти, Ховос тумани Қаҳрамон қишлоғида 1995 йилда туғилганман. 2018 йилда меҳнат қилиш учун Россияга келганман. Ҳозир мойка хизматчиси бўлиб ишлайман.

Ўзим авваллари ҳам Imo ижтимоий тармоғида жонли эфир орқали қўшиқлар айтиб турардим. Ҳозир бўлса Instagram ва TikTok тармоқларида видеолар чиқараман. Аммо ҳақиқий машҳурликни ўша “Аканг кучайди уже!” деган гапим келтирди.

Бугунги кунда TikTok тармоғида 127 минг обуначим бор.

Ойлик тўловни бир ҳафта олдин беришганди

Бу жумланинг келиб чиқиш тарихи ҳақида гапирадиган бўлсам, бир сафар ойлик тўловни бир ҳафта олдин беришганди. Бундан жуда хурсанд бўлганимдан TikTok учун видео қилиш фикри туғилган.

Одамлар мени жинни деб ўйламасмикан, дея бу видеони чиқаришдан олдин роса ўйлаганман. Бироз иккиланишдан сўнг видеони юклаб юбордим. Кейин машҳурликка эришдим. Ҳозир ким кўчада кўриб қолса, яхши муносабатда бўлади.

Аллоҳ томонидан берилган бир имконият деб биламан

Видеода айтган гапларим ҳақиқатга яқин. Ишим бир қадар енгил, эркин. Ўз ишларимни вақтида қилгандан сўнг хоҳлаган ишимни бажариб юришим мумкин.

Мен буни Аллоҳ томонидан берилган бир имконият деб биламан. Ундан қандай фойдаланиш эса сизнинг ўзингизга боғлиқ. Бу имкониятдан унумли фойдаланиш мақсадида яқин кунларда “Аканг кучайди уже” номли ичимликлар ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчимиз. Ундан кейин бу бренд остида турли бошқа маҳсулотлар, хусусан кепка, футболка ва бошқа нарсалар ишлаб чиқариш ниятидаман.

Тўлиқ видеони UzbekLife'нинг YouTube'даги каналида томоша қилинг.

Исфандиёр Бургутбоев суҳбатлашди.

Мавзуга оид