Ўзбекистон | 22:05 / 14.12.2019
9509
2 дақиқада ўқилади

Адлия вазири: «Қонунларни ҳадеб ўзгартирмаслик учун мораторий белгилаш керак»  

14 декабрь куни бўлиб ўтган Сенатнинг 25-ялпи мажлисида адлия вазири Русланбек Давлетов қонунчилик тизимидаги камчиликлар хусусида ахборот берди.

Маълум қилинишича, ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг 10-30 фоизи рад этилади, 90 фоизи эса эътирозлар билан қайтарилиб, қайта ишланади. Бу қонунларнинг сифати ва барқарорлиги учун қилинадиган ишлар кўплигини кўрсатади.

“Ҳатто ҳали кучга киришга улгурмаган қонунларга ҳам ўзгартириш киритиш ҳоллари бор. Бу борада холис, босиқ бўлиш керак. Ўзбекистоннинг ҳуқуқ устувор бўлган давлат сифатида тан олинишини истасак, қонунларни ҳадеб ўзгартирмаслик, уларни барқарор кўринишда ишлаб чиқиш лозим”, ─ дейди адлия вазири.

Русланбек Давлетов тез-тез ўзгарадиган қонунларга нисбатан ишонч бўлмаслигини таъкидлади, ўзгартиришларни чеклаш учун қонунларга мораторий белгилашни таклиф қилди.

“Қонун қабул қилингач, унга 1-2 йил давомида ўзгартириш ва қўшимчалар киритмаслик учун мораторий белгилаш керак. Шунда қонунни бир мартада пишиқ ишлаб чиқишда идораларнинг масъулияти ҳам ортади”, ─ дейди у.

Маълум қилинишича, соҳаларда ҳуқуқнинг қўлланилиши бўйича таҳлиллар ўтказилган бўлиб, бу борада муаммолар борлиги аниқланган. Натижада, мингдан ортиқ ноқонуний ҳужжатлар бекор қилинган, 3000га яқин мансабдор шахс интизомий жавобгарликка, 1,5 минг нафар амалдор маъмурий жавобгарликка тортилган.

Мавзуга оид