Камбағаллик ва қашшоқлик ўртасида қандай фарқ мавжуд?
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров 2020 йилда Ўзбекистон аҳолисининг бирон қатлами қашшоқликка тушмаганини маълум қилди. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари ўртасида ушбу масала кенг муҳокама қилинди. Kun.uz вазирликка бир нечта савол билан мурожаат этди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликка қарши курашиш вазирлиги департаменти директори Илҳом Маматқулов камбағаллик ва қашшоқлик терминлари ўзаро фарқланиши, Ўзбекистонда камбағалликка қарши курашиш чора-тадбирлари ҳақида маълумот берди. Маматқулов Kun.uz йўллаган саволларга қуйидагича жавоб берган.
Камбағаллик ва қашшоқлик тушунчалари Ўзбекистонда қандай изоҳланади?
Ўзбекистон тарихида илк бор камбағаллик масаласи 2020 йилнинг 24 январида Ўзбекистон Республикаси президентининг Олий Мажлисга мурожаатномасида кўтарилиб, мазкур мавзу ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг асосий кун тартибига айланди.
Аҳоли ўртасида ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам пулини тўлаш ёки уларнинг миқдорини ошириш орқали ушбу муаммони ҳал этиш мумкин, деган фикр мавжуд. Бу – бир томонлама ёндашув бўлиб, муаммони тўла ечиш имконини бермайди. Зеро, камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга оширишга қаратилган бўлиши лозим. Бундан ташқари, камбағалликдан чиқиб кетиш учун энг муҳим омил – бу инсоннинг интилиши, ўз кучига таянган ҳолда, аниқ мақсад сари ҳаракати бўлиши керак.
Мамлакатимиз раҳбарининг кўрсатмаларига биноан камбағалликни қисқартиришнинг аниқ дастак ва механизмларини ишлаб чиқиш, хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда камбағаллик даражасини аниқлаш мезонлари ва баҳолаш услуби, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини пухта ишлаб чиқиш мақсадида қисқа муддатларда Жаҳон банки, БМТ Тараққиёт дастури, Осиё тараққиёт банки каби халқаро ташкилотларининг 14 нафар эксперти жалб қилинди.
Мазкур экспертлар билан биргаликда юқоридаги вазифаларни ўзида қамраб олган «2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш концепцияси» лойиҳаси ишлаб чиқилган. Ҳозирда ушбу ҳужжат лойиҳаси ўрнатилган тартибда тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Республикаси президенти администрациясига тасдиқлаш учун киритилган.
Бевосита камбағаллик ва қашшоқлик тушунчаларига келадиган бўлсак, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда жаҳон бўйлаб камбағаллик ёки қашшоқлик тушунчаларининг умумқабул қилинган ҳамда ягона келишилган таърифи ишлаб чиқилмаган. Ҳар бир мамлакат ўзи учун белгиланган камбағаллик мезонидан келиб чиқиб тавсифлайди.
БМТ таърифига кўра, қашшоқлик – инсоннинг ҳаёт кечириши учун зарур бўлган даромад ва ресурслар етишмаслиги, бундан ташқари, очлик ва тўйиб овқатланмаслик, соғлиқни сақлаш, таълим ёки бошқа асосий хизматлардан фойдаланишда чекловларнинг мавжудлиги, турар жойнинг йўқлиги, хавфли табиий ва техноген муҳитда ҳамда ижтимоий тенгсизлик шароитида яшашига нисбатан айтилади (БМТнинг «Ижтимоий ҳимоя борасида юқори даражадаги Бутунжаҳон саммити»дан).
Камбағаллик эса инсоннинг ҳаёти давомида танлов ва имкониятларга эга бўлмаслиги, жамиятда тўлақонли иштирок этиш учун тўсиқларнинг мавжудлиги, бундан ташқари, оиласини боқиши ва кийинтириши, таълим олиши ёки касалхонада даволаниши, бирор соҳада фаолият юритиши ёки даромад олишга имкон берадиган меҳнат билан таъминлаш имкониятлари етишмаслиги ҳамда кредит олиш имкониятининг чекланганлигида намоён бўлади. Шунингдек, камбағаллик — бу инсонлар, уй хўжаликлари ва жамоаларнинг ижтимоий жиҳатдан чегараланганлиги, хавф-хатарлар олдида чорасизлиги ҳамда ночорлиги саналади (БМТ Европа Иқтисодий комиссиясининг «Камбағалликни ўлчаш бўйича қўлланма»сидан, 2017 йил Нью-Йорк, Женева).
Бундан ташқари, Жаҳон банки томонидан 2015 йилдаги 115 та мамлакатда ўтказилган тадқиқотлар натижасида таклиф этилган услубиётга кўра, барча мамлакатлар учун 2011 йилдаги нархларда харид қобилияти паритети бўйича қашшоқлик чегараси 1,9, камбағаллик чегарасини эса мамлакатлар аҳолиси даромадларининг паст, ўрта ва юқори даражаларидан келиб чиқиб 1,9; 3,2; 5,5 ва 21,7 АҚШ доллари этиб белгилаш тавсия этилган.
Юқоридаги таъриф ва услубиётлардан келиб чиқиб, алоҳида қабул қилинган камбағалликни аниқлаш услубиёти асосида жами даромади (ёки харажати) белгиланган камбағаллик чегарасига етмаган аҳоли қатламини камбағал, ҳаёт кечириши учун зарурий эҳтиёжларини мутлақо қондириш имконияти бўлмаган қатламни эса қашшоқ аҳоли деб эътироф этиш мумкин.
Камбағалликни аниқлаш бўйича методология ва назариялар мавжудми? Ўзбекистон танлаган йўл қандай?
Камбағалликни аниқлаш услубиёти ҳақида сўз борганда, аввало, мазкур услубиёт нима учун керак, деган саволга жавоб бериш лозим бўлади. Камбағалликни аниқлаш услубиёти давлат томонидан умумий аҳоли таркибидаги камбағал аҳоли қатлами улушини аниқлаш ва камбағалликни қисқартириш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур ҳисобланади. Бундан ташқари, аҳоли ижтимоий ҳимоя тизимидаги асосий ижтимоий стандартларни белгилашда камбағаллик чегараси замин бўлиб хизмат қилади.
Жаҳон амалиётида камбағаллик чегарасини аниқлашнинг асосий 4 та: мутлақ, нисбий, моддий депривация ва кўп ўлчамли усуллари мавжуд. Мазкур усуллар мамлакат ижтимоий сиёсатининг устуворлиги, иқтисодиётнинг ривожланганлик даражаси ҳамда ички имкониятлардан келиб чиқиб белгиланади. Қатор мамлакатлар миллий камбағаллик чегараси сифатида мутлақ ёки нисбий усулдан фойдаланади.
Мутлақ камбағаллик чегараси киши ҳаёт кечириши учун зарур бўлган товар ва хизматлар қиймати орқали аниқланади. Жаҳон тажрибасида мутлақ камбағаллик чегарасининг ўртача йиллик миқдорини аниқлаш учун аҳоли жон бошига ЯИМнинг 25 фоизи қабул қилинган бўлиб, аксар ривожланган мамлакатларда (АҚШ, Канада, Нидерландия) мазкур кўрсаткич нисбатан юқоридир.
Камбағаллик чегарасини аниқлашнинг нисбий усули эса кишининг даромадини жамиятнинг қолган аъзоларига нисбатан таққослаш орқали аниқланади (масалан: аҳоли даромадлари ўрталамасининг 50 фоизи, 60 фоизи ва ҳ.к.).
Бироқ нисбий усул жамиятдаги тенгсизлик даражасини инобатга олса-да, аҳолининг барча қатлами даромади ҳамда камбағаллик даражасининг ўзгаришини тўлиқ ифодаламайди. Аммо шунга қарамай, бир қатор давлатлар камбағаллик чегарасини белгилашда нисбий усулдан фойдаланади. Мисол учун, Венгрия, Эстония, Беларус, Черногория, Россия каби давлатларда аҳоли даромадлари медиана қийматининг 60 фоизи камбағаллик чегараси сифатида қабул қилинган бўлса, мазкур кўрсаткич мос равишда Польшада 50, Украинада 75 фоизни ташкил этади.
Юқоридаги усуллардан ташқари, амалиётда монетар усулларнинг тўлдирувчиси сифатида аҳолининг моддий ва ижтимоий имкониятлардан қониқишларини баҳолаш (депривация) усулидан фойдаланилади.
Бунда, камбағаллик чегараси инсоннинг маълум бир товар ва хизматлардан фойдалана олиш имкониятини баҳолаш орқали аниқланади. Масалан, Европа Иттифоқида 9 турдаги товар ва хизматларнинг 4 тасидан фойдалана олмайдиган инсон камбағал ҳисобланади.
Санаб ўтилган усулларда кишининг ижтимоий-иқтисодий жараёнларда ҳеч қандай тўсиқларсиз иштирок эта олишини миқдорий баҳолаш чекланган. Шунинг учун жаҳон тажрибасида камбағалликни кўп ўлчамли баҳолаш усулидан ҳам фойдаланилади. Мазкур усулдан Арманистон, Ҳондурас, Доминикан Республикаси, Колумбия, Коста-Рика, Мозамбик, Бутан, Покистон, Панама, Сальвадор, Чили, Эквадор, баъзи ЕИ мамлакатлари ҳамда БМТ Инсон тараққиёти индексини ҳисоблашда фойдаланилади.
Кўп ўлчамли усулда уй хўжалиги ёки кишининг ижтимоий-иқтисодий имкониятлардан фойдаланишини ифодаловчи қатор индикаторларга вазн бериш орқали бинар усулда («ҳа» жавобига-1, «йўқ» жавобига-«0») ҳисобланади.
БМТ Европа Иқтисодий комиссияси томонидан кўп ўлчамли камбағаллик даражасини ҳисоблашда аҳоли турмуш даражаси, хизматлар, соғлиқни сақлаш, таълим, бандлик ва атроф-муҳит кўрсаткичларини ҳисобга олиш тавсия этилади.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Жаҳон банки экспертлари билан биргаликда олиб борилган ўрганишлар натижасида мамлакатимизда камбағаллик даражасини аниқлаш учун озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлардан иборат бўлган ҳамда бир киши учун зарур бўлган минимал истеъмол харажатлари қиймати тушунчаси киритилмоқда. Мазкур усулнинг ўзига хослиги аҳоли реал истеъмоли таркиби ва характеридан (consumption behavior) келиб чиқади.
Минимал истеъмол харажатларига нималар киритилмоқда? Ҳисоб-китоб қандай амалга оширилган?
Мунтазам равишда ўтказиладиган уй хўжаликлари сўрови бўйича олинган маълумотлар асосида аҳоли даромад ва харажатларидан келиб чиқиб, аҳолини 10 та гуруҳга (10 фоизлик) ажратиб, қуйи 30 фоиз учун (чунки ушбу гуруҳларда даромадлар ошишига ҳамоҳанг тарзда озиқ-овқат учун харажатлар деярли бир хил ўсиши кузатилди) озиқ-овқат, ноозиқ-овқат ва хизматларга харажатлар хусусияти ўрганилади.
Ушбу гуруҳда умумий харажатларнинг қарийб 70 фоизи озиқ-овқатларга, қолган 30 фоизи ноозиқ-овқат товарлари ва хизматлар улушига тўғри келади.
Шунга кўра, керакли калория ва озиқ-овқат қийматидан келиб чиқиб, зарурий минимал харажатлар миқдори ҳисоблаб чиқилади.
Маълумот учун, ФАО томонидан Ўзбекистон Республикасида бир киши ўртача кунига 2100-2300 ккал озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмол қилиш тавсия этилган.
Ушбу усул, умумий ёки стандарт ёндашувлардан фарқли равишда кам даромадли аҳолининг реал истеъмоли хусусиятларини акс эттиради.
Бошқача қилиб айтганда, кам даромадли аҳолининг керакли калория ва қийматдаги озиқ-овқат, ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва хизматлар учун минимал харажатлар миқдори аниқланади.
Таъкидлаш лозимки, бу усул ва ёндашув жаҳон амалиётида кенг қўлланиб келинаётган мезонлардан бири бўлиб, халқаро экспертлар томонидан ҳозирда мақбул ва тўғри келадиган ёндашув сифатида таклиф этилмоқда.
Ушбу усул ва мезон бизга келажакда камбағалликни қисқартириш бўйича ишларимизни аниқ ва манзилли ташкил этишда амалий жиҳатдан қўл келадиган инструмент бўлиб хизмат қилади.
Кутилаётган натижалар нималардан иборат?
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2020 йил 29 декабрдаги Олий Мажлисга мурожаатномасида таъкидланганидек, 2021 йилда иқтисодий ислоҳотларнинг пировард мақсади камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида қатор вазифалар белгиланди, жумладан:
1. БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки каби қатор халқаро ташкилотлар билан биргаликда «Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача камбағалликни қисқартириш стратегияси» лойиҳаси ишлаб чиқилади.
2. Камбағалликни қисқартириш борасида комплекс ёндашув ва ностандарт усуллар жорий этилади яъни, камбағал аҳолининг асосий эҳтиёжларини кафолатли таъминлаш бўйича Халқаро экспертлар билан чуқур таҳлил асосида, ҳисоб-китоблар якунига етказилади ва жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб, «Аҳолининг минимал истеъмол харажатлари қиймати» жорий этилади.
Мазкур ёндашув аҳолининг камбағал қатламига кредит, ижтимоий нафақа ёки уй бериш билан биргаликда таълим, соғлиқни сақлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, ичимлик суви, энергия ва йўл инфратузилмаси билан боғлиқ комплекс муаммоларни ҳал этишни назарда тутади.
3. Эҳтиёжманд аҳолини тўғри аниқлаш ва шу асосда, улар билан манзилли ишлаш тизими яратилади.
4. Келгуси йилдан тўлиқ ишга тушадиган «Ижтимоий реестр»да «темир дафтар»даги барча маълумотлар қамраб олиниб, эҳтиёжманд оилаларга 30дан зиёд ижтимоий хизматлар электрон шаклда кўрсатилади.
5. Ижтимоий кафолатларни бир тизимга келтириб, уларни минимал меъёрлар даражасида босқичма-босқич таъминлаш бўйича дастур ишлаб чиқилади.
6. Ҳудудларнинг мавжуд салоҳиятини камбағалликни қисқартириш учун сафарбар этиш йўллари ишлаб чиқилади, жумладан:
- ҳудудлардаги мавжуд махсус индустриал зоналардаги лойиҳаларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилади;
- эҳтиёжманд аҳолини камбағалликдан чиқариш бўйича мотивация, кўникма ва молиявий кўмак тамойили асосида ҳар бир туман ва шаҳар бўйича алоҳида дастурлар ишлаб чиқилади.
7. Ёшлар ва хотин-қизларни касб-ҳунарга ўргатиш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ва доимий даромад манбаини яратишнинг янги механизмини амалиётга жорий этиш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади.
8. Камбағалликни қисқартиришга алоқадор ва масъул хорижий институтлар билан ҳамкорлик янада ривожлантирилади, жумладан:
- 2021 йилда «Қашшоқликка барҳам бериш ва камбағалликка қарши курашиш» масалаларига бағишланган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Глобал саммити ўтказилади;
- 2021 йилда ШҲТга аъзо мамлакатларда соҳага масъул вазирлик ва идоралар билан биргаликда «Камбағалликка қарши курашиш» конференцияси ўтказилади;
- Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Хитой Халқ Республикасининг Халқаро камбағалликни қисқартириш маркази ўртасида англашув меморандуми имзоланади.
Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Мавзуга оид
13:50 / 09.10.2024
Камбағалликни қисқартириш вазирлигида "лойиҳа менежерлари" гуруҳи ташкил этилади
16:17 / 25.09.2024
Шавкат Мирзиёев: “Камбағалликни қисқартириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини яратдик”
11:06 / 14.09.2024
Исроил Адҳамов бош прокурор ўринбосари этиб тайинланди
19:30 / 11.09.2024