18:47 / 01.05.2024
10231

Тошкент вилоятида экология инспекторлари браконерлар ҳужумига учради 

Балиқни ноқонуний овлаб юрган шахслар экология инспекторларига ҳужум қилиб, қочиб кетишгани айтилмоқда. 

Фото: Экология вазирлиги

29 апрел куни Тошкент вилояти Экология бошқармаси Сирдарё сув ҳавзаси шуъбаси инспекторлари томонидан дарёнинг ўнг қирғоғида назорат тадбирлари ўтказилди. Шунда инспекторлар браконерлар ҳужумига учраган. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди. 

Қайд қилинишича, рейд давомида Сирдарё дарёсининг Оққўрғон туманидан оқиб ўтувчи ҳудудида инспекторлар номаълум фуқаролар томонидан тақиқланган ов қуроллари, яъни лескали тўр, моторли қайиқ ёрдамида балиқ овланаётгани ҳолатига дуч келган. Сирдарё сув ҳавзаси шўбаси бошлиғи Д.Зоҳидов ва бош давлат инспектори Т.Бўриев ҳуқуқбузарлик ҳолатига чек қўйиш мақсадида балиқ овлаётган фуқаролар ёнига қайиқда сузиб борган. Аммо ҳуқуқбузарлар инспекторларга ҳужум қилиб, уларни сувга итариб юборган. Шунингдек, браконерлар инспекторларнинг резина қайиғини ёришган. 

Таъкидланишича, инспекторлар дарё қирғоғига сузиб чиққан. Ҳуқуқбузарлар инспекторларни ҳақоратлаб, ов қуролларини олиб, қочиб кетгани айтилмоқда. 

Мазкур ҳолат бўйича ҳуқуқбузарларнинг шахсига аниқлик киритиш ҳамда ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тегишли ҳужжатлар Тошкент вилояти прокуратураси ва вилоят ИИБга юборилган.

Top