Жаҳон | 23:51 / 21.07.2024
15149
3 дақиқада ўқилади

«Мамлакат тарихидаги энг ёмон президент». Трамп — Байден ҳақида

У ўзи учун Камала Ҳаррисни енгиш Байденни енгишдан ҳам осонроқлигини айтган.

Фото: Bill Pugliano / Getty Images

Доналд Трамп Жо Байден президентлик пойгасини тарк этиши юзасидан муносабат билдирди.

Байден ўз номзодини қайтариб олишини эълон қилганидан кейин CNN телеканали учун берган изоҳида Трамп уни «мамлакат тарихидаги энг ёмон президент» деб атаган.

Трампнинг фикрича, демократларнинг эндиги номзоди сифатида кўрилаётган вице-президент Камала Ҳаррисни енгиш Байденни енгишдан кўра осонроқ бўлади.

Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ҳам Байденнинг сайловда иштирок этишдан воз кечиш қарорига муносабат билдирган.

У Байден «президентлик сайловида иштирок этишга лойиқ номзод бўлмагани ва бу лавозимга умуман муносиб эмаслиги»ни таъкидлаган.

«У президентлик лавозимига фақат ёлғон, сохта хабарлар ва ўз ертўласидан чиқмасдан эришганди. Унинг атрофидагиларнинг барчаси, жумладан унинг шифокори ва оммавий ахборот воситалари у президент бўлишга лаёқатли эмаслигини биларди ва шундай бўлди ҳам», — дея ёзган у.

Трамп бирор далил келтирмасдан мунтазам равишда 2020 йилги сайловларда ғолиб чиққани, аммо натижалар Байден фойдасига ўзгартирилганини айтиб келади.

Байден президентлик пойгасини тарк этиши ҳақидаги баёнотида Демократик партиянинг янги номзоди ҳақида ҳеч нарса демаган, аммо кейинроқ Камала Ҳаррисни тўла қўллаб-қувватлашини билдириб твит ёзган.

«2020 йилда [Демократик] партия номзоди сифатидаги илк қарорим Камала Ҳаррисни вице-президент сифатида танлаш бўлганди. Бу менинг энг яхши қарорим эди. Бугун мен Камаланинг бу йилги сайловда партиямиздан номзод бўлишини тўлиқ қўллаб-қувватлашим ва маъқуллашимни билдирмоқчиман. Демократлар, бирлашиш ва Трампни мағлуб этиш вақти келди. Келинглар, шундай қиламиз», — дея ёзган Байден.

  • Ҳар икки партиянинг президентлик учун номзодлари қурултойларда расман тасдиқланади. Ўтган ҳафтада Республикачилар партияси ўз қурултойини ўтказган ва унда Доналд Трамп номзоди президентлик учун расман илгари сурилганди. Бир ярим соат давом этган нутқида Трамп Байден номини фақат бир марта тилга олган ва уни мамлакатга «АҚШ тарихидаги ўнта энг ёмон президент» биргаликда етказганидан кўпроқ зарар етказишда айблаганди.
  • 27 июн куни Трамп ва Байден ўртасида дастлабки дебатлар ўтказилган, уни Демократик партиянинг кўплаб тарафдорлари амалдаги президент учун «муваффақиятсиз» деб баҳолаганди. Шундан кейин демократлар Байденни номзодини қайтариб олишга чақира бошлаган, аммо у шу кунга қадар сайловда иштирок этиб, ғалаба қозонмоқчи эканини таъкидлаб келаётганди.

Мавзуга оид