15:34 / 30.06.2024
20045

СССР ва Россияда қаҳрамон, Полшада эса сотқин — маршал Рокоссовский ким бўлган?

Шундай шахслар борки, бир давлатда қаҳрамон бўлса, бошқасида сотқин деб аталади. Иккинчи жаҳон урушида СССРдаги йирик армиялардан бирига қўмондонлик қилган Константин Рокоссовский бугун Россияда қаҳрамон сифатида эсланади. Ўзи туғилиб ўсган Полшада эса уни сотқин деб аташади. Поляклар Рокоссовскийни Полшада советларга қарши кўтарилган намойишларни куч билан бостириб, ўз миллатдошларини ўлимига сабабчи бўлгани учун кечира олишмайди.

1944 йил баҳорда фронт чизиғи СССР чегарасидан чиқиб, Шарқий Европада жойлашган давлатлар ҳудудига кўчади. Ўшанда Полша, Венгрия, Чехословакия, Болгария, Югославия ва Албания каби давлатлар аҳолиси немисларни қувиб бораётган совет ҳарбийларини хурсанд бўлиб кутиб олади. Бироқ ўша пайтда улар кейинчалик советлар бошларига қандай кунларни солишини билмасди.

1945 йил 8 май куни фашистлар Германияси вакиллари “Фашистлар Германиясининг сўзсиз капитуляцияси ҳақидаги Акт”ни имзолашади ва шу билан Европада уруш тугайди.

Шундан сўнг урушгача дунё сиёсат майдонида унча катта таъсирга эга бўлмаган СССРнинг обрўси ошиб кетади. Урушнинг асосий ғолиби сифатида бу давлат ўзи озод қилган мамлакатларни қўл остида сақлаб қолишга қарор қилади.

Советлар Шарқий Европа давлатларини ўз таъсир доираларида ушлаб қолишларини илк бор Подстам конференциясида маълум қилишади.

Шунда АҚШ, Британия ва Франция раҳбарлари Сталиндан ҳеч бўлмаганда Полшани ўз ҳолига қўйишни ва қувғинликда юрган поляк ҳукуматининг Варшавага қайтишига рухсат беришини сўрашади. Бироқ рад жавобини олишади.

Кўп ўтмай Полша, Венгрия, Чехословакия, Болгария, Руминия, Югославия, Албания ва Германиянинг ярмида зўравонлик билан коммунистик тузум ўрнатилиб “советча” бошқарув усули жорий этилади.

Бу давлатларда ҳам Москванинг ёрдамида билан минг йиллар давомида шаклланган хусусий мулкчиликка асосланган тизимни маҳв этиб, ер-сувлар ва мол-мулкларни тортиб олишади.

Юқоридаги давлатлар орасида айримлари коммунистик тузумга қарши бош кўтариб кўради. Бироқ бундай ҳаракатлар Москва томонидан аёвсиз бостирилади.

Жумладан, 1953 йил 3 май куни Болгариядаги тамакини қайта ишлаш корхонасида, ўша йили 31 май 2 июн оралиғида Чехословакиядаги бир нечта корхоналарда, 15-18 июн кунларида ГДРда ишчилар маошлар камлиги, меҳнат шароити ёмонлиги сабабли коммунистик тузумга қарши намойишлар ўтказишади. Бу намойишларнинг барчаси аёвсиз тарзда бостирилади.

СССРга қарши кўтарилган исёнларнинг учтаси йирик кўламли бўлган ва уларда анча одам ҳалок бўлган, бошқалари тан жароҳатлари олган. Булар:

  • 1956 йил ёзда Полшанинг Познан шаҳрида содир бўлган антисовет ғалаёнлари;
  • 1956 йилда Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида бўлиб ўтган намойишлар;
  • 1978 йилда Чехословакияда коммунистик тузумга қарши қўзғолон.

Ҳар учала ҳодисада ҳам жараёнга совет армияси аралашиб, қўзғолончилар, намойишчилар аёвсиз отиб ташланади.

Познандаги исён советларга қарши кенг кўламда содир бўлган илк қаршилик ҳаракати бўлгани учун алоҳида ўрин тутади. Ўша пайтда бу исённи бостиришда Полша мудофаа вазири маршал Константин Рокоссовский муҳим рол ўйнаган.

Рокоссовский ким эди?

Константин Рокоссовскийнинг миллати поляк бўлиб, унинг туғилган жойи бироз баҳсли. Бир маълумотда Рокоссовский 1889 йилда Псков областида туғилгани айтилса, бошқасида Варшавада туғилгани ёзилган.

Рокоссовский туғилган пайтларда Полша Чор Россияси таркибида эди. У 1914 йилда ҳарбий хизматга чақирилади ва Биринчи жаҳон урушида иштирок этади.

1917 йилда Россияда октябр тўнтариши содир этилгач Рокоссовский советлар томонига ўтади ва қизил армия сафида туриб жуда кўп жангларда қатнашади. Жангларда кўрсатган натижасига қараб унвони ҳам ошиб бораверади. 1920 йилда у дивизия командири ўринбосари даражасига чиқиб борганди.

Россияда фуқаролар уруши тугаб, СССР ташкил этилгандан сўнг 1926 йилда Рокоссовскийни Мўғулистонга юборишади. У Улан-Ботирдаги мўғул дивизиясида йўриқчи вазифасида ишлайди ва 1928 йилда СССРга қайтиб келади. 1929-1936 йилларда армия бригадаларида командирлик қилади.

Партиядан ҳайдалиш ва уч йил қамоқ

1930-йиллар иккинчи ярмида СССРда кенг кўламда қатағонлар бошланади. Бу қатағонлар барча соҳаларни қамраб олади ва оддий одамлардан тортиб йирик давлат арбоблари ҳамда юқори лавозимли ҳарбийларни ҳам четлаб ўтмайди.

Шу жумладан, 1937 йил 27 июн куни Рокоссовский “синфий ҳушёрликни йўқотгани учун” партия сафидан ҳайдалади. 22 июл куни армия сафидан бўшатилади. 17 август куни ҳибсга олинади.

Рокоссовскийни Полша ва Япония разведкаси билан ҳамкорлик қилишда айблашади. Ўшанда у сохта айбловлар билан қарийб уч йил қамоқда ўтиради. 1940 йил март ойида ундан барча айблар олиб ташланади ва апрелда озодликка чиқади.

Шундан сўнг Рокоссовский қайтадан партияга киради. Армиядаги ишини давом эттиради. Ўша йили унга генерал-майор унвони берилади. Турли маълумотларга кўра уни ўлим жазосидан Сталин олиб қолган. Совет раҳбари нега Рокоссовскийни тўсатдан афв этгани сабаблари номаълум.

Рокоссовский уруш йилларида

Рокоссовкий афв этилгандан сўнг советларга садоқат билан хизмат қилишда давом этади. Германия СССРга бостириб киргач, дастлабки кунларда у душманга қарши мардонавор жанг қилади.

1941 йил июл ойининг бошларида Ғарбий фронтдаги 4-армия қўмондони генерал-майор Александр Коробков ҳибсга олинади ва ўрнига Рокоссовский тайинланади (Коробков 22 июл куни қўшин устидан назоратни йўқотганликда айбланиб отиб ташланади. Сталин ўлгандан сўнг оқланади).

17 июл куни Рокоссовкий 4-армия жойлашган жойга етиб боради ва Смоленск мудофааси учун жангларда қатнашади. У шу жойда совет қўшинлари қамалга тушиб қолишининг олдини олади. Ана шу хизмати учун 1941 йил 11 сентябрда Сталин Рокоссовскийга генерал-лейтенант унвонини беради.

Рокоссовский ўз армияси билан Москва ва Сталинград (ҳозирги Волгаград) мудофааларида, Курскдаги машҳур танклар жангида, кейин эса Белоруссия ва Полшани озод қилишда қатнашади.

1944 йил 29 июнда у маршал унвонини олади ва 1944 йил ноябрда 2-Белоруссия фронти қўмондони этиб тайинланади. 1-Белоруссия фронти қўмондони маршал Жуков эди.

Уруш сўнгида Рокоссовкский Берлинни олиш учун бўлиб ўтган жангларда қатнашади. 1945 йил 24 июн куни Москвада ўтказилган ғалаба парадида Сталин Жуковни эмас, уни бош қўмондон этиб тайинлайди.

Полша мудофаа вазири

1949 йилда Полша президенти Болеслав Берут Сталиндан мамлакат мудофаа вазирлигини бошқариш учун Рокоссовскийни Варшавага жўнатишни сўрайди. Шу тариқа Рокоссовский Полша мудофаа вазири этиб тайинланади. Кўп ўтмай унга Полша маршали унвони берилади.

Бундан ташқари, у бир пайтнинг ўзида Полша коммунистик партияси сиёсий бюроси аъзоси, Полша министрлар совети раиси ўринбосари лавозимларида ишлайди.

1956 йил баҳорда Полша раҳбари Болеслав Берут вафот этади ва унинг ўрнига Владислав Гомулка тайинланади. Гомулка Сталин ва коммунистик тузумни ёқтирмасди. Бироқ ўша пайтларда Полша ҳеч қанақасига советлар исканжасидан озод бўлолмасди ва Гомулка буни яхши биларди.

Кўп ўтмай 1956 йилда Познанда ишчилар намойиши билан бошланган тўс-тўполонлар коммунистик тузумга қарши исёнга айланиб кетади. Рокоссовский мамлакат мудофаа вазири сифатида ана шу намойишларни аёвсиз тарзда бостиришга бошчилик қилади.

Гомулка мамлакат раҳбари бўлгандан сўнг “Сталинпараст” бўлган Рокоссовский билан келиша олмай қолади. Мамлакат сиёсатчилари ва раҳбарият иккига бўлинади. Рокоссовский ҳам бўлган “Сталинчилар” ва Гомулка бошчилигидаги Сталинга қаршилар бир-бирини ёқтирмай қолади.

Шундан сўнг Гомулка Рокоссовскийни Москвага қайтариб юбориш пайига тушади. 1956 йил 22 октябр куни Хрушчёв Полша раҳбариятининг сўровини қондиради ва маршалнинг СССРга қайтишига рози бўлади.

СССРдаги фаолият ва Хрушчёвнинг қаҳрига учраш

Рокоссовский Москвага қайтгач Хрушчёв уни СССР мудофаа вазири ўринбосари этиб тайинлайди. Бу вазифада бир йил ишлагач маршал Кавказорти ҳарбий округи қўмондони этиб тайинланади. 1958 йилда яна Мудофаа вазири ўринбосарлигига қайтарилади ва 1962 йилда шу вазифада ишлайди.

1962 йил тўсатдан уни Мудофаа вазири ўринбосарлигидан бўшатишади. Рокоссовский сувости кемалари аварияларини сабабларини ўрганиш давлат комиссияси раҳбари лавозимини сақлаб қолади.

Гап шундаки, 1962 йилда Хрушчёв Рокоссовскийдан компартиянинг 20-съездида сўзлаган нутқидан келиб чиқиб, Сталиннинг ёвуз ишлари ҳақида мақола ёзиб беришни сўрайди.

Рокоссовский “Ўртоқ Сталин мен учун жуда қадрли инсон” дейди ва мақола ёзиб беришни рад этади. Шундан сўнг уни Мудофаа вазирлиги тафтишчилари бош тафтишчиси этиб тайинлашади. Бу амалнинг даражаси жуда паст бўлиб, у Рокоссовский учун сургундай жой эди.

Маълумот учун, компартиянинг 20-съезди 1956 йилда бўлиб ўтади ва унда Никита Хрушчев “Шахсга сиғиниш ва унинг оқибатлари” ҳақида маъруза қилади. У маърузасида Сталин даврида қилинган ишларни кескин қоралайди. “Халқлар доҳийси” деб таърифланадиган Сталиннинг ўзини “қонхўр ва золим эди” деб таърифлайди.

Рокоссовский сўнгги иш жойида 1968 йилгача ишлайди. Ўша йили 3 август куни саратон билан оғриб юрган маршал вафот этади. Уни дабдаба билан Кремл деворлари ёнига дафн этишади.

Маршал вафот этгач СССРда ва Полшада унга ёдгорликлар ўрнатилади, турли муассасалар, кўчалар, кемалар, пароходлар ва бошқа жойларга унинг номи берилади.

Рокоссовский сотқинми?

45 йил советлар зулми остида яшаган Полша 1990 йилда социалистик лагердан чиқиб кетади ва Европа Иттифоқига қўшилиш ҳаракатларини бошлайди.

Шундан сўнг мамлакатда советларга тегишли ҳайкаллар олиб ташланади. Коммунистлар номига қўйилган кўчалар ва бошқа жойлар номлари ўзгартирилади.

Советларга садоқат билан хизмат қилганлар исталмас шахс бўлиб қолади. Рокоссовский эса ошкора сотқин деб аталади.

1939 йил сентябр-октябр ойларида Рокоссовский қамоқда ётгани учун немислар ва советларнинг Полшани биргаликда босиб олиш юришларида қатнашмаганди.

Бироқ поляклар унинг 1956 йилда Познанда социалистик тузумга қарши кўтарилган исённи бостиргани ва поляк халқига кўп азоблар бергани, қонхўр Сталинга содиқ бўлганини кечира олмайди.

Шу сабабли ҳам бугун Полша тарих китобларида Рокоссовский поляк халқини совет зулми остида ушлаб туришга ёрдам берган душман шахс сифатида таърифланади.

Бугун Википедияда Рокоссовский ҳақидаги маълумотларга қаралса Россияда, Беларусда маршалнинг кўплаб ҳайкаллари борлиги, турли ҳарбий билим юртларига, кўчаларга, майдонларга ва бошқа жойларга унинг номи қўйилгани ҳақида маълумотлар бор.

Бироқ Рокоссовскийга Полшада ҳайкал ўрнатилгани ёки кўчаларга ва бошқа жойларга номи берилгани ҳақида маълумот топиб бўлмайди. Чунки поляклар СССР парчаланиб кетгандан сўнг унинг номини барча жойдан ўчиришган. Ҳайкалларини олиб ташлаган.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top