Ленин – XX асрдаги энг машҳур сиёсий арбоблардан. Дунёдаги биринчи социалистик давлат асосчисини бу давлат қуламагунча “пролетариат доҳийси” деб келишган. Аслида эса Ленин нафақат СССР, балки бутун дунё тарихида ҳам энг шафқатсиз ҳукмдорлардан биридир. Унинг даврида кўплаб рус зиёлилари мамлакатдан чиқиб кетган, суд тизими оммавий отувга ҳукм қилишга алмаштирилган.

СССР пайтида миллионлаб ўзбек болалари мактабларда “ўқинг аъло, бўлинг доно, деган бизга Ленин бобо” деган шеърларни ўқиб савод чиқарди. Ҳар йили собиқ иттифоқда Ленин туғилган кун оммавий равишда нишонланарди. Унинг номига минглаб шеърлар битилган, уни улуғловчи кинофильмлар ишланган. Аслида эса “пролетариат доҳийси” нафақат СССР, балки бутун дунё тарихида ҳам энг шафқатсиз ҳукмдорлардан бири ҳисобланади.

Владимир Уляновнинг болалиги

Лениннинг асл фамилияси – Улянов. Ленин – унинг тахаллуси. Сиёсатчи 1870 йилда Россиянинг Симбирск шаҳрида туғилган. Отаси – мактаб таълимини назорат қилувчи инспектор, онаси эса ўқитувчи бўлиб ишлаган. Улянов мактабда аъло баҳоларга ўқиган ҳамда тенгдошларидан кучли хотираси, тартиб-интизомли ва қизиқувчанлиги билан ажралиб турган.

Уляновлар оиласи

Ленин ўсмирлик вақтида унинг акаси Александр подшо ҳукуматига қарши бўлган “Халқ иродаси” ноқонуний ташкилотига аралашгани ва император Александр III'га суиқасд уюштиришни режалаштирган гуруҳ билан тил бириктиргани учун ҳибсга олинади ва осиб ўлдирилади. Бу воқеа 17 ёшли йигитнинг хотирасида чуқур из қолдиради ва дунёқарашини тамом ўзгартириб юборади. Шу вақтдан эътиборан Уляновнинг инқилобий фаолияти ривожлана бошлади.

1887 йилнинг кузида Ленин Қозон университетининг юридик факультетига ўқишга киради, аммо уч ой ичида талабаларнинг ноқонуний йиғилишида қатнашганликда айбланиб, ўқишдан ҳайдалади. У ҳибсга олиниб, Қозондан бобосининг Кокушкино қишлоғидаги уйига сургун қилинади. Бир йилдан сўнг Қозонга қайтишига рухсат беришади, лекин университет Уляновни қайта ўқишга қабул қилмайди. Бекорчи бўлиб қолгач, инқилобий сиёсий адабиётларни ўргана бошлайди. Айниқса, Карл Маркснинг “Капитал” асари унга жуда кучли таъсир ўтказади. Кейинчалик оиласи билан Самарага кўчиб келади ва бу ерда яна қайта юридик факультетга ўқишга киради. Маълум муддат адвокат бўлиб ишлайди.

Владимир Ленин инқилобий фаолиятининг бошланиши