Жаҳон | 14:40 / 10.06.2024
27648
9 дақиқада ўқилади

Россия Кариб денгизига ҳарбий кемалар юборди. Бундан мақсад нима?

Вашингтоннинг Украинани қўллаб-қувватлаши кучайган бир пайтда, Россия ҳарбий кемалари ҳам АҚШ биқинидаги Кариб денгизига йўл олди. РФ ҳарбий-денгиз кучлари 12-17 июн кунлари Куба пойтахти портида бўлади ва икки давлатнинг денгиз машғулотлари ташкил этилади. “Геосиёсат”да таҳлилчи Шуҳрат Расул мавзу юзасидан ўз фикрларини ўртоқлашди.

Совет иттифоқининг муҳим иттифоқчиси бўлган Куба билан Россиянинг яқиндан муносабатларни тиклаш жараёнида муҳим нуқталар нималар?

— 1962 йил октябрдаги Кариб инқирозида ҳам, ҳозир ҳам мана шу Кариб ҳавзаси урғуланяпти, бунинг ўзига хос маъноси бор. Совуқ уруш даврида 1962 йил дунё ядро уруши ёқасига келиб қолган эди. Ўша пайтдаги воқеаларни бироз очиб бермасак, бугунги бўлаётган ишларни тушуниш қийин бўлади. 1962 йили 24 майда СССР сиёсий бюроси Куба билан келишиб, Кубага ядро ракеталарини жойлаштириш бўйича қарор қабул қилади. Буни амалга ошириш учун «Анадырь» операцияси ташкил қилинади. Операция доирасида Кубага 90 ортиқ ядро зарядлари, 100 га яқин ракеталар ўрнатилиши керак бўлади ва операция муваффақиятли бўлади.

АҚШ разведкаси ўша пайтда фаоллик кузатилганини сезади, аммо аниқ билолмайди. Россия томони савдо кемаси ниқобида бир неча ой давомида ракета ва ядро каллакларини жойлаштиради. АҚШ разведка самолётлари ракеталар стартга тайёр ҳолатга келгандан кейин аниқлаган 14 октябрда. Маълумотлар тўлиқ йиғилиб 16 октябрда президент Кеннедига маълум қилинади, АҚШ ҳукумати шок ҳолатига тушади. Бу воқелик Кариб инқирози деб аталади ва ядро урушига энг яқин келган вазият ҳисобланади. 27 октябрда Кубани блокада қилиб, барча томондан ҳарбий флот ўраб олади. АҚШнинг разведка самолёти Куба устидан учиб ўтаётганда СССР томонидан уриб туширилади ва мана шу ҳолат Кариб инқирозининг кулминацияси бўлади, икки томон ҳам ядро ракеталарни ҳужумга тайёр ҳолатга келтиради.

Жон Кеннедининг укаси Роберт Кеннеди СССР элчиси билан гаплашади Жон Кеннедининг топшириғига кўра ва шу суҳбат билан уруш хавфининг олдини олиш бўйича амалий қадамлар қўйилади.

Ҳозир Россия худди шу эскалация сценарийсини қайтармоқчи бўляпти. 4 та кема, 1 та сувости кемаси 12 июнда Гавана портларига боради. Бу кемалар Россиянинг сўнгги турдаги қуроллари билан қуроллантирилган. Эски Оникс ракеталар тизими ҳам замонавийлаштирилган.

Куба томони бу кемаларда ядро қуроли йўқ, деб алоҳида урғулаяпти. Лекин Россия ОАВлари Кариб инқирози билан таққослаб, ҳозир ҳам эскалация шу даражада, АҚШдан таклифлар кутяпмиз, деб ёритяпти. Сценарий бўйича «Кеннеди» пайдо бўлиб, эскалацияни тўхтатайлик дейиши керак, яъни бунинг учун Украинага ёрдамни тўхтатиши керак режа бўйича. Аммо АҚШ Хавфсизлик кенгаши координатори Жон Келби Россия кемалари келишини қизиқ ҳолат ва биз буни кузатамиз, ўзимизга хавф кўрмаяпмиз, бу орқали Россия бизга эмас, ўзининг ички жамиятига сигнал юборяпти, деб баҳолади. Бу баҳо билан Россия мантиғини йўққа чиқариб бўлди. Агар кемаларда ядро қуроллари бўлса, АҚШ эскалацияни жиддийроқ қабул қилган бўларди. Лекин Россия томони бу кемаларга ядро каллаклари жойлаштирмади. Россия сценарийси ўтмай қоляпти, мақсад — Кариб инқирози даражасига кўтариб, музокаралар бошлаш эди.

Россиянинг мақсадлари тушунарли, Кубанинг манфаатлар нимада? Сўнгги вақтларда АҚШ билан алоқалари яхшиланиб бораётганди.

— 80 йиллар охири, 90 йиллар бошида социалистик блок қулади, лекин марксизмдан воз кечмай қолган давлатлар ҳам қолганди, шулардан бири Куба. Куба бугун ҳам шу ғоялар билан яшаяпти ва яккаланиб қолди, марксизмни қўллаётган давлатлар 2-3 та қолди холос.

Куба наздида Россия билан ҳамкорлик қилиш уларнинг манфаатига тўғри келади, Россияни ўзига ҳимоячи деб билади. АҚШ билан яқинлашиш охиригача етмай қолди, Обама ҳам Куба ҳали ўзгаришларга тайёр эмас экан, деб баёнот берганди.

Россиянинг Кариб денгизидаги ҳарбий машғулотлари Ғарб учун жавоб юришими?

— Россия май ойида тактик ядро қуролларини компьютер синовидан ўтказди. Бунга жавобан 11 та Ғарб давлати ўз қуролларидан Россия ичкарисига зарба беришга рухсат берди Украинага. Бу давлатлар ичида Франция, Германия каби лидер давлатлар бор. Байден ҳам қисман фойдаланишга, яъни фақат Харков йўналишига рухсат берди. Россия эса мана шу Кубага ҳарбий кемалар юбориш билан жавоб беряпти. Лекин бунга ҳам Ғарбнинг жавоби тайёр: НАТО Болтиқ денгизида катта ўқув машғулотлари ўтказиш арафасида. Бунда 9 мингта ҳарбий, 50 тадан зиёд самолёт (24 та тактик ядро қуроли олиб юра оладиган 2 та B52 самолёти ҳам бор) иштирок этади.

Айтиб ўтиш керак. Украина уруши масаласида БМТда Россиянинг ёнини олаётган 3-5 та давлат ичида Куба ҳам бор.

Путин Санкт-Петербургдаги иқтисодий форумда Украина бўйича ҳам баёнотлар берди. Бошқа давлатлар қуроллари Россия ичкарисига ҳужум қилиш учун ишлатилса, бунинг жавоби ассиметрик кўтарилиш даражасида бўлади, деди Путин. Бундан нимани тушуниш керак?

— Ғарбга душман бўлган кучлар бор, кўпроқ террорчилар. Агар қурол берилса, уларга фарқи йўқ, ишлатаверади Ғарбга ҳам, АҚШга ҳам. Россия булар қайси ташкилотлар эканини билади. Бу нарса эскалациянинг кейинги босқичи бўлиши мумкин, ҳозирча фақат риторикада айтилди. Агар Искандар, Оникс ракеталари (2,5 минг км) берилса, имконияти жуда ошади ва Яқин Шарқда НАТОга муаммолар келтириб чиқариши мумкин. АҚШдан «Роберт Кеннеди»ни кутаётган бўлса, Европадан «Чемберлин»ни кутяпти, яъни кимдир чиқиб, бўлди, эскалация ошиб кетяпти, Украинага ёрдам бермайлик, дейиши керак.

Россия ядровий доктринасига ўзгартиришлар киритилиши мумкин, деган Путин. Бу билан нима демоқчи?

— Россия ядро доктринасида Россия давлатчилигининг асосларига хавф туғилса, ядро қуроли қўлланади, дейилган. Путин мана шуни ўзгартириш мумкин, деяпти, бу ҳам эскалациянинг бир босқичи ҳисобланади. Лекин бу нарсага ҳозирча эҳтиёж йўқ, деб кетди. Менимча, Россия ядро урушини бошлаш учун риторикадан бошқа ҳеч нарса қилаётгани йўқ. Украина ва Ғарбни ҳолсизлантириш тактикасида турибди ҳалиям. Уруш тугатишда эгаллаган ҳудудларни олиб қолмоқчи ёки урушни музлатайлик, деяпти. Собиқ СССРда бунақа музлатиш бўйича тажриба катта. Караганов биз тезроқ тактик ядро қуролини ишлатишимиз керак деяпти, бу риторикадан Путиннинг ўзи ҳам чўчиб қолди.

Россия машғулотларда қандай қуроллардан фойдаланмоқчи?

— СССР ҳарбий флоти билан Россия ҳарбий флотини солиштирсак, СССР флотининг 30 фоизини ҳам ташкил қилмайди. СССР флоти жуда қудратли, АҚШники билан деярли тенг флот эди. Бошқа давлатларга бўлиниб кетгани учун шундай камайиб кетган, масалан, Қора денгиз флотининг ярмини Украина олиб кўйган. СССРда Болтиқ денгизи флоти, Шимолий Муз океани флоти, Тинч океани флоти, Қора денгиз флоти, Каспий ва Ўртаер денгизи флотиялари бор эди. Флотиялар ҳам деярли флот эди, масалан, Ўртаер флотилиясида 60 та кема бўлган, Сурияда базаси ҳам бўлган. Ҳозир Қора денгиз флоти деярли яксон бўлди, Украина флоти устун келди. Сувости кемаларини модернизация қилинади деб бузиб, ҳали 4 тасини қилди фақат. СССР сувости флотидан тахминан 5 баробар кучсиз ҳозирги Россия сувости флоти.

Жон Келли айтганидек, битта сувости ва 4 та сувусти кемаси Кубага бориши қизиқ ҳолат ўзи. АҚШ ҳам Россия ва СССР флотлари орасида катта фарқ борлигини яхши билади. Қўрқаётгани йўқ АҚШ.

Бу миссия таркибидаги масъуллардан фақат адмирал Горшков ҳарбий одам. Денгизда энг қудратли кемалар — крейсерлар, уларда турли қуроллар бўлади, ҳатто ҳаво ҳужумларига қарши тура олади. Бу таркибда шу крейсер ҳам йўқ, фрегатлар боряпти.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид