Жаҳон | 09:32 / 10.06.2024
11701
4 дақиқада ўқилади

Исроилда вазир Бени Ганц Нетаняҳу кабинетини тарк этяпти

Бени Ганц май ойида Ғазо сектори учун урушдан кейинги тартибга солиш стратегияси 8 июнгача тақдим этилмаса, истеъфога чиқишга ваъда берган эди. У бош вазир Бинямин Нетаняҳуни янги сайловлар ўтказишга чақирди.

Фото: Amir Levy / Getty Images

Исроилда мухолифат етакчиларидан бири Бени Ганц истеъфога чиқишини, бош вазир Бинямин Нетаняҳу ҳарбий кабинетини тарк этишини эълон қилди. «Нетаняҳу бизни ҳақиқий ғалабага (Ғазо секторидаги ҲАМАС ташкилоти устидан) олдинга силжишимизга тўсқинлик қилмоқда», деди Ганц 9 июн, якшанба куни телевизион чиқишида.

Сиёсатчи ҳукуматни тарк этиш қарорини «қийин ва оғриқли» деб атади. Бинямин Нетаняҳунинг асосий сиёсий рақиби ҳисобланган Ганцга кўра, у саккиз ой аввал, 2023 йил 7 октябрда ҲАМАСнинг Исроилга қарши ҳужумидан сўнг тузилган ҳарбий кабинетдаги вазирлик лавозимини тарк этмоқда, «чунки мамлакатдаги вазият ва қарор қабул қилиш хонаси ўзгарди». 

Шу билан бирга, Ганц Нетаняҳуни Ғазо сектори учун урушдан кейинги стратегияни ишлаб чиқиш заруратидан шахсий сиёсий манфаатларини устун қўйганликда айблади. «Муҳим стратегик қарорлар сиёсий сабабларга кўра қатъиятсизлик ва кечикишлар билан қабул қилиняпти», деб таъкидлади мухолифатчи сиёсатчи ва бош вазирни яқин ойларда сайлов ўтказишга чақирди. 

«Мен Нетаняҳуга мурожаат қиламан: сайловлар учун келишилган санани белгиланг», - дея Ганц сўзларини келтирган CNN. 

Ғазо сектори учун урушдан кейинги стратегияни тақдим этиш талаби

Май ойи ўрталарида Бени Ганц Нетаняҳуга ултиматум қўйиб, агар мамлакат бош вазири 8 июнгача Ғазо секторида урушдан кейинги вазиятни тартибга солиш режасини тақдим қилмаса, истеъфога чиқишини маълум қилган эди. 

Вазирлар маҳкамаси олтита стратегик мақсадга эришиш учун шунга ўхшаш режани ишлаб чиқиши керак, деди Ганц. Улар орасида - гаровга олинганларни ҲАМАС қўлидан озод қилиш, Ғазо секторида ҲАМАС ҳокимиятини ағдариш, бу ҳудудни қуролсизлантириш ва у ерда Исроил хавфсизлик назоратини ўрнатиш. Шунингдек, ушбу минтақада АҚШ, Европа Иттифоқи, араб давлатлари ва фаластинликлар иштирокида «фуқаролик бошқарувининг халқаро механизмини» яратиш зарур, деди май ойида Ганц.

Бундан ташқари, 1 сентябргача Шимолий Исроил аҳолисини уйларига қайтариш, Саудия Арабистони билан муносабатларни нормаллаштиришга интилиш, аҳолининг барча тоифаларига тааллуқли ҳарбий ёки миллий хизмат тузилмасини ривожлантириш зарур, деди сиёсатчи. 

CNN таъкидлаганидек, сиёсатчи Исроил Мудофаа армияси (ЦАҲАЛ) томонидан ҲАМАСдан яна тўрт нафар гаровга олинган шахс озод этилгани фонида ваъда қилган санасида истеъфога чиқишини эълон қилмаган. 

Ўз навбатида, 8 июн куни Бинямин Нетаняҳу Бени Ганцни ҳарбий кабинетда ишлашни давом эттиришга чақирди. «Ҳозир бўлиниш эмас, бирдамлик вақти», — деб ёзди Исроил бош вазири X ижтимоий тармоғида. 

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди. 

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган. Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 37 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

Мавзуга оид