Ўзбекистон | 10:08 / 25.05.2024
4748
3 дақиқада ўқилади

Давлат буюртмаси параметрларини давлат ОТМ кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилинади

Бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этиляпти.

“Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.

Олий таълим ташкилотларида кадрлар тайёрлаш бўйича давлат буюртмасини шакллантириш ва жойлаштириш бўйича шундай тартиб ўрнатиладики, унга кўра:

а) 2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб:

  • давлат буюртмаси параметрларини давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилади, бундан олий ҳарбий ва ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари мустасно;
  • давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанлар билим соҳаларига устуворлик берилади;
  • давлат олий таълим муассасалари учун ўрнатилган тартиб ва шартлар бўйича талабалар қабулини амалга оширувчи олий таълим ташкилотларига давлат буюртмасининг тақсимотида иштирок этишга рухсат этилади. Бунда тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича бир талаба учун ажратиладиган маблағ молиявий мустақиллик берилган давлат олий таълим муассасаларида бир талаба учун тўғри келадиган ўртача харажат миқдоридан ошмаган ҳажмда молиялаштирилади;
  • давлат гранти квоталарининг олий таълим ташкилотлари кесимида тақсимоти тегишли бакалавриат таълим йўналиши бўйича рўйхатдан ўтган абитуриентларнинг танлови ва тўплаган балларига кўра амалга оширилади;
  • олий таълим ташкилотлари моддий-техника базаси, профессор-ўқитувчилари таркиби ва ўқув-методик таъминотига мувофиқ, кейинги ўқув йили учун ўз қабул параметрларини шакллантиради ҳамда Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига тақдим этади;
  • Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги олий таълим ташкилотлари қабул параметрлари асослилигини ўрганади ҳамда уларни Ўзбекистон Республикаси таълим ташкилотларига қабул қилиш бўйича давлат комиссиясига киритади;
  • Давлат комиссияси олий таълим ташкилотлари, таълим шакллари ва тиллар кесимида бакалавриат таълим йўналишлари бўйича умумий қабул параметрларини, имтиёзга эга абитуриентлар учун қўшимча қабул параметрларини, мақсадли қабул квоталарини ҳамда магистратура мутахассисликлари қабул параметрларини давлат гранти ва тўлов-контрактга ажратган ҳолда олий таълим ташкилотлари ва тиллар кесимида тасдиқлаб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигига тақдим этади;

б) 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб ҳар бир таълим йўналиши бўйича олий таълим ташкилотининг умумий қабул параметрига нисбатан давлат гранти квотасининг улуши таълим соҳалари (бакалавриат таълим йўналишлари) кесимида Давлат комиссияси томонидан тасдиқланади;

в) 2025 йилдан бошлаб давлат буюртмаси параметрлари Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан шакллантириладиган олий маълумотли кадрларга бўлган талаб прогнозига мувофиқ равишда 4 йиллик давр учун тасдиқланади.

Мавзуга оид