Фан-техника | 10:28 / 10.01.2017
6551
3 дақиқада ўқилади

Норвегия FM-радиодан воз кечмоқда

Норвегияда 11 январдан FM-диапазонда ишловчи радиостанциялар секин-аста ёпила бошланади, бир неча ойдан кейин эса оддий радиоприёмник тутиши мумкин бўлган катта радиостанциялар қолмайди. Гап шундаки, Норвегия рақамли радиога тўлиқ ўтаётган ва FM диапазонни ёпаётган дунёдаги биринчи давлат бўлмоқда. Бироқ кўпчилик норвеглар бу қарорни қўллаб-қувватлашмаяпти. Қуйида бу батафсил кўриб чиқилган.

Норвегияда FM-радиодан воз кечишга 2 йил аввал қарор қилинган. Буни амалга ошириш учун бир неча муҳим шартларни бажариш керак бўлган. Биринчидан, умуммиллий NRK радиоси рақамли радио билан мамлакатнинг 99,5 фоиз ҳудудини қоплаб олиши керак. Иккинчидан, радиотингловчиларнинг камида ярми ҳар куни рақамли форматдаги радиони тинглашлари керак. Учинчидан, бозорда рақамли радиони автомобилларда қабул қилиш учун арзон адаптерлар пайдо бўлиши лозим. Шу тариқа, Норвегия унинг аҳолиси рақамли радиога тайёрлигига ишонч ҳосил қилган ҳолда FM-радиодан воз кечмоқда.

Ушбу скандинав давлатида барча радиоэшиттириш рақамли бўлади. Ҳозирда FM-диапазонда 5 та миллий ва яна бир нечта ҳудудий радиостанциялар ишламоқда. Рақамли DAB формати эса 40 дан кўпроқ станция сигналини узатишга имкон беради. Ҳозирнинг ўзидаёқ рақамли форматда 20 та станция ишламоқда. Норвегияда рақамли радиосигнални қабул қилувчи стационар қабул қилгичлар билан муаммо йўқ, бироқ автомобиллар борасида бундай деб бўлмайди, чунки 20 фоиз автомобилгина DAB-сигнални қабул қиладиган приёмниклар билан жиҳозланган.

Норвегия ҳукуматининг таъкидлашича, рақамли сигналнинг бир неча афзал жиҳатлари бор: унда радиоэшиттириш арзонроқ ва ишончлироқдир, айниқса, оддий сигналнинг ўтишига ҳалақит қилувчи тоғли ҳудудларда. DAB форматининг овози яхшироқ. Бундан ташқари, Норвегиядаги мавжуд радиоэшиттириш тизими анчагина замондан ортда қолган ва унга хизмат кўрсатиш қимматдир.

FM-радио секин-аста ўчирилади. 11 январдан бошлаб мамлакат шимолидаги Бодо шаҳри, кейин 2017 йил давомида қолган ҳудудларда анъанавий радиосигнал амал қилмай қўяди. Йил охирига келиб миллий станциялар FM’да умуман фаолият кўрсатмайди, маҳаллий радиостанциялар эса ундан яна бир неча йил фойдаланишлари мумкин бўлади.

Бироқ сўровномаларга кўра, норвегларнинг учдан икки қисми бу қарордан норози. Баъзилар FM-радиостанцияларда узатилувчи фавқулодда вазиятлар ҳақидаги сигналлардан маҳрум бўлишларидан хавотирланмоқдалар, бошқалар эса рақамли радиони машинада ушлаш учун қиммат адаптер сотиб олиш кераклигидан шикоят қилишмоқда. Маълум қилинишича, аҳолиси 5 млн киши бўлган Норвегияда 15 млн та FM-приёмник бор ва яқинда улар умуман керакмас бўлиб қолади. Нашрнинг таъкидлашича, бунга қарши чиқаётганларнинг аксариятини кекса ёшлиларни ташкил қилади, ёшлар эса бунга қаршимас.

Мавзуга оид