13:11 / 03.05.2024
7689

Касаллик ўчоғига айланаётган Ғазо, Америкада тўхтамаётган намойишлар ва Россияга қайтаётган релокантлар — кун дайжести

Ўтган сутка давомида жаҳон саҳнасида содир бўлган эътиборга молик воқеа-ҳодисалар ва янгиликлар тафсилоти билан одатдагидек таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Ғазо секторининг жанубий қисмидаги Рафаҳ қочқинлар лагерига Исроил ҳужуми уюштирилди. Исроил БМТ конвенцияси томонидан тақиқланган ўқ-дорилардан ҳам фойдаланмоқда. Боз устига бундай ёндирувчи бомбалардан бири қочқинлар лагерига келиб тушган.

Ёзги жазирама келиши билан Ғазодаги мажбурий кўчиртирилган қочқинлар лагерлари эпидемия ва касалликлар ўчоғига айланиш таҳдиди остида қолган.

«Кўчирилган шахсларнинг азоблари кунлар қизиши билан янада кучайиб бормоқда. Бу вазият айниқса ёш болалар ва ҳомиладор аёллар ўртасида турли эпидемиялар ва касалликларнинг тарқалиши мумкинлигидан дарак беради», — деган Ғазо фуқаролик мудофааси агентлиги.

Ғазода кунлар тобора исиб бормоқда. Кундуз кунлари ҳавонинг ҳарорати +37 даражага етмоқда.

Исроил ҳарбийлари Ғазодаги «Носир» касалхонасининг тўққиз шифокорини ўғирлаб кетиб, уларни ўлдиргани иддао қилинмоқда. Ғазо фуқаролик мудофааси агентлигига кўра, врачлар Хон-Юнус шаҳрида тўрт ой давомида ўтказилган ерусти операцияси чоғида ўғирлаб кетилган.

«Биз уларни ўлдириб, кўмиб юборишган, деб ҳисоблаймиз. Жасадларни кавлаб олиш жараёни ҳамон давом этмоқда ва биз улардан айримларини шу ерда топамиз деб ўйлаяпмиз», — деган Ғазо медиабюроси раҳбари Ас-Савабта.

Фаластин фуқаро мудофааси «Носир» шифохонаси ҳудудидаги биродарлик қабристонидан чиқариб олинган жасадлар сони 392 тага етганини маълум қилган. Уларнинг орасида ёш болаларнинг жасадлари ҳам бор.

Урушнинг 209-кунига келиб, Ғазодаги қурбонлар сони 34 минг 596 нафарга етган. 77 минг 816 киши ярадор бўлган. Сўнгги сутка ичида Исроил ҳарбийлари учта оммавий қирғин уюштирган. Унда 28 киши ҳалок бўлиб, 51 инсон яраланган.

Аксилисроил намойишлар

БМТдагилар Америка университетларида Ғазодаги урушга қарши норозилик намойишлари бостирилаётганидан ташвишда эканликларини маълум қилишган.

АҚШ университетлари кампусларидаги норозилик намойишларини тарқатиш ва тугатиш учун қатъий чоралар серияси қўлланаётгани БМТ ташвишига сабаб бўлмоқда.

Колумбия университетида Ғазони қўллаб-қувватлаб намойиш ўтказаётганларга таом ва сув етказиш тўсиб қўйилди. Намойишчилар очдан ўлмаслик учун уларнинг лагерига таом ва сув етказилишини талаб қилишмоқда.

Лос-Анжелес шаҳридаги Калифорния университетида эса исроилпараст талабалар Фаластинни қўллаб-қувватлаш учун барпо этилган лагерга ҳужум қилишган.

АҚШда Фаластин тараф бўлиб ўтказилаётган намойишлар президент Жо Байденга заррача таъсир қилмаган ва у Исроилга нисбатан сиёсатини ўзгартирмаслиги таъкидлаган.

Қайтага Байден бундай намойишларни «тинч намойишлар эмас» деб атаган.

«Намойишлар — демократиянинг ажралмас қисми. Лекин норозилик намойишлари ҳеч қачон тартибсизликларга сабаб бўлмаслиги керак. Америкада мажбурий намойишлар ўтказиш ҳуқуқи йўқ, фақат тинч намойишлар ўтказиш мумкин», — деган у Оқ уйда.

Байденга кўра, норозилик акциялари ўқув жараёни ва битирув тадбирларига салбий таъсир ўтказмоқда, вандализм ва биноларни эгаллашни эса сўз эркинлиги деб атаб бўлмайди.

Бу томонда Саудия Арабистони эса Исроил-Фаластин уруши тўғрисида ижтимоий тармоқларда пост жойлаштирган фуқароларни ҳибсга олишни кучайтирди.

Жумладан, Исроил ҳеч қачон кечирилмаслиги керак, деб ёзган журналист ҳибсга олинган. Америка тез таомланиш ресторанларини бойкот қилишга чақирган фуқаро ҳам ушланган.

Исроил билан савдо-сотиқни тўхтади

Туркия Исроил билан савдо муносабатларини тўхтатгани хабар қилинмоқда. Туркиянинг бу қарори расман эълон қилинмаган, аммо Исроил Ташқи ишлар вазирлиги буни тасдиқлади.

Жумладан, Исроил ташқи ишлар вазири Исроил Кац Туркия президенти Ражаб Эрдўғанни савдо келишувларини бузганликда айблади.

«Турк халқи ва ишбилармонлари манфаатларини менсимай, халқаро савдо келишувларини эътиборсиз қолдирадиган диктатор ўзини айнан шундай тутади», деб ёзган вазир.

Шунингдек, Кац Исроил ҳукумати маҳаллий ишлаб чиқариш ва бошқа мамлакатлардан импортга алоҳида эътибор қаратиб, Туркия билан савдога муқобил йўлларни топиш устида зудлик билан иш бошлашини қўшимча қилди.

Украинанинг дронлар ҳужуми

Украина Россиянинг тўрт ҳудудидаги энергетика объектларига дронлар ёрдамида ҳужум уюштирган.

Улардан бири Смоленск областининг Рославлск районидаги объектни нишонга олган бўлса, Орёл областида иккита район — Глазунов ва Свердлов районларидаги энергетика инфратузилмасига зарар етказилган. Област губернатори Андрей Кличковга кўра, электр узатиш қисман ишдан чиқарилган.

Курск областининг жанубида самолёт типидаги Украина дрони уриб туширилган. Дроннинг ҳужуми Обоянск районидаги электр узатиш линиясига зарар етказиш билан якунланган.

Краснодар ўлкасида маҳаллий аҳоли нефтни қайта ишлаш заводи жойлашган Афипск посёлкасида портлашлар ҳақида хабарлар беришган. Расмий маълумотларга кўра, дронлар заводга ҳужум қилишгача етиб бормасдан уриб туширилган ва радиоэлектрон кураш воситалари билан қўндирилган.

Россия мудофаа вазирлиги 2 май тунида 12 та дрон йўқ қилинганини иддао қилган.

Россия судга берилди

Россия Суриядаги касалхонага амалга оширилган зарба учун судга берилди. Даъво аризаси БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитасига қурбонлардан бирининг қариндоши ва Hand in Hand for Aid and Development хайрия ташкилоти томонидан киритилган.

БМТнинг Женевадаги Инсон ҳуқуқлари қўмитаси даъвогарлар номидан Россияга қарши судга мурожаат қилиб, Россия ҳарбийлари 2019 йилда Суриянинг Идлиб вилояти жануби-ғарбидаги Кафр-Набл шаҳридаги касалхонага қасддан ҳужум уюштиргани, бунинг оқибатида камида икки киши ҳалок бўлганини билдирди.

Шикоятга илова қилинган ҳужжатларда 2019 йил 5 май куни Идлибдаги шифохонанинг портлаши ҳақида батафсил маълумот берилган. Улар орасида Россия самолётларининг фуқаролик нишонига ҳужумни мувофиқлаштириш ва амалга оширишда бевосита иштирок этганини исботловчи видео ва аудио ёзувлар бор. Ҳужжатларда қайд этилишича, ракета зарбаси берилган вақтда шифохона жойлашган ҳудудда ҳарбий ҳаракатлар бўлмаган.

Икки тинч аҳоли вакилини ўлдиришдан ташқари, Россия ҳаво ҳужуми пайтида касалхонада бўлган барчанинг, жумладан, шифокорлар, беморлар ва ташриф буюрувчиларнинг ҳаётини хавф остига қўйганликда айбланмоқда. Судда, шунингдек, Москва Суриядаги тиббиёт муассасаларига қарши бир неча бор ҳарбий куч ишлатгани ҳам таъкидланади.

Қирғизистон Россияга бормасликни тавсия этди

Қирғизистон ҳукумати ҳам ўз фуқароларига Россияга бормасликни тавсия қилди. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Россияга сафар қилиш учун «ўта муҳим сабаблар» бўлмаса Қирғизистон фуқароларига сафардан тийилишни тавсия этмоқда.

Россияда «аввалроқ киритилган қўшимча хавфсизлик чоралари олиб ташланмагунча ва мамлакат ҳудудига киришдаги назорат юмшатилмагунча» сафар қилишдан тийилиш тавсия этилмоқда. Департамент Россияга йўл олган барчани «кириш чекловларини олдиндан текширишга» чақирди.

ТИВ изоҳига кўра, ушбу тавсия Қирғизистон фуқароларининг Россия ҳудудига оммавий равишда киритилмаётгани ҳақидаги маълумотлар пайдо бўлиши муносабати билан берилган.

Бир кун аввал ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупик Россия чегарачилари Тожикистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқароларини оммавий равишда киритмаётганини маълум қилган эди.

Аввалроқ Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз фуқароларини Россияга бормасликка чақирган эди.

Релокантлар Россияга қайтмоқда

Украинага очилган уруш туфайли Россияни тарк этишга қарор қилганларнинг тенг ярми ҳужжатлар ва иш билан боғлиқ муаммолар туфайли яна Россияга қайтишга мажбур бўлишган. «Четда бизни ҳеч ким кўзи учиб кутиб тургани йўқ экан», дейишган улар.

Мамлакатни 2022 йилда тарк этганларнинг 40–45 фоизи аллақачон Россияга қайтган, дейилади хорижга чиқиш хизматини кўрсатувчи Finion фирмаси маълумотларида.

Россияликлар учун хорижда энг катта муаммо — хорижий давлатда яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларнинг муддатини чўздириш бўлган. Ҳаттоки Арманистон ва Қирғизистон каби энг дўстона давлатларда ҳам россияликлар «диққат ва назорат остига тушишган». Боз устига, бир қатор Европа давлатлари ва россияликларга Туркия вақтинчалик истиқомат гувоҳномасини қўлга киритишни қийинлаштирган.

Top