Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил ҲАМАСни тўлиқ йўқ қилади олмайди, чунки у шунчаки ҳаракат эмас, мафкурадир. Бу ҳақда ЦАҲАЛ вакили Даниэл Ҳагари айтиб ўтган.

Унга кўра, Исроилнинг ҲАМАСни узил-кесил йўқ қилиш бўйича ҳарбий режасига эришиб бўлмайди.

“ҲАМАСни йўқ қилишга бўлган уринишлар, ҲАМАСни йўқ бўлишга мажбурлаш — буларнинг барчаси жамоатчилик кўзига қум сепишдан бошқа нарса эмас”, — деган Ҳагари 13 янгиликлар телеканалига берган интервюсида

“ҲАМАС — бу ғоя, ҲАМАС — бу партия. У одамлар қалбидан мустаҳкам ўрин олган. Биз ҲАМАСни йўқ қила оламиз, деб ўйлаётган ҳар қандай одам адашади”, — деган Ҳагари.

Ҳагарининг бу чиқиши Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳунинг қонини қайнатган. Бу Нетаняҳунинг Ғазода уруш олиб бориш бўйича Мудофаа вазирлигининг олий мансабдор шахслари билан муносабатларида таранглик кузатилаётганидан далолат беради.

Исроил мудофаа вазири Йоав Галлант Нетаняҳудан Ғазони урушдан кейин бошқариш режасини ишлаб чиқишни сўраган. ҲАМАС ўрнига бошқа бирор нарса топа олмаслик Исроилнинг ҳарбий муваффақиятларини йўққа чиқариши, гуруҳ тезда қайта тикланиб, анклав устидан назорат ўрнатишини айтган. Бундан ташқари, Галлант Нетаняҳудан уруш тугагач Ғазода ҳарбий ва фуқаролик бошқарувини ўрнатиш фикридан қайтишни сўраган. Буни Нетаняҳу коалициясининг ултраўнг вакиллари Итамар Бен Гвир ва Бецалел Смотрич талаб қилиб келишмоқда.

Ғазодаги нохуш статистика: урушнинг 258-кунига келиб ўлдирилган фаластинликлар сони 37 минг 431 нафарга етган, ярадорлар сони 85 минг 653 кишини ташкил этмоқда.

Сўнгги сутка ичида исроиллик ҳарбийлар 4 та оммавий қирғин уюштириб, 35 кишининг ўлими ва 130 кишининг яраланишига сабабчи бўлишди.

Исроилнинг Ливанга ҳужум режаси

АҚШ президенти администрацияси Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ҳаракати ўртасида кенг кўламли можаро юз берадиган бўлса, Исроил шимолида жойлашган ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари Ливандан учириладиган ракеталар ва пилотсиз парвоз қурилмаларини уриб туширишга улгурмай қолишидан ташвишда эканини билдирган, деб хабар бермоқда CNN ўз манбаларига таяниб.