Россия ҳарбий кемалари сўнгги 30 йилда илк бор тактик ядро қуроллари билан жиҳозланмоқда
Норвегия разведкаси маълумотларига кўра, Россия ҳарбий-денгиз флоти кемалари 30 йил ичида биринчи марта тактик ядро қуроллари билан денгизга чиқишни бошлаган.
Норвегия махсус хизмати 23 январ куни эълон қилган йиллик ҳисоботда айтилишича, ядровий кучларнинг асосий қисми Шимолий флотнинг сувости кемалари ва кемаларига жойлаштирилган. «Одатий мудофаа салоҳияти заифлашиши фонида Россия учун ядро қуролининг аҳамияти сезиларли даражада ошди», деб ёзган ҳисобот муаллифлари.
«Тактик ядровий қуроллар НАТО давлатлари иштирок этиши мумкин бўлган бир қанча оператив сценарийларда айниқса жиддий хавф туғдиради», деган Норвегия разведкаси.
Норвегиянинг The Barents Observer портали ҳисоботга изоҳ берар экан, бу тахминни «сенсацион янгилик» деб атади.
«Совет даврида Шимолий денгиздан чиққан кемалар тактик ядро қуроллари билан денгизда юрарди, бироқ унча кучли бўлмаган ядро қуролларининг денгизга чиқиши совуқ уруш даври тугаганидан бери кузатилмаганди», дейди нашр.
Норвегия разведка хизмати раҳбари ўринбосари Ларс Нордрам Россия яқин йилларда янада «авторитар ва ҳарбийлашгани» бўлишини таъкидлади.
У пропаганда ва жамоатчилик фикрини манипуляция қилиш яқин йилларда янада кучайиши ва Москва бутун дунёдаги авторитар режимлар билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга интилишини тахмин қилган.
Нордрам Украинадаги урушни «Россия учун фалокат» деб атаган. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, Россиянинг 100 мингдан ортиқ аскари ҳалок бўлган ёки яраланган.
Россия мудофаа вазирлиги Норвегия разведка хизматининг ҳисоботига ҳозирча изоҳ бермади.
Олти кема бирданига
Тактик ядро қуроли (ТЙҚ) — бу жанг майдонида ёки фронт ортидаги катта нишонларни ёки душман қўшинларининг концентрациясини йўқ қилиш учун мўлжалланган кичик ядро қуролидир.
Денгиз флотида уларни артиллерия қуроллари, кема қанотли ракеталари, қирғоқ ва палуба авиацияси, шунингдек сувости қуроллари – торпеда, чуқурлик бомбаси, денгиз миналарига жойлаштириш мумкин.
Совуқ уруш даврида кўпчилик, ҳатто кичик кемалар ҳам бортида ядровий арсенал олиб юрган, масалан, фрегат (патрул) синфидаги кемалар.
Тактик ядро қуролининг потенциал кучини 1957 йил 10 октябрда СССР томонидан ўтказилган ядровий торпеда синови кўрсатади. Ўшанда 10 км масофада жойлашган битта сувости кемаси зарбаси билан бир вақтнинг ўзида олтита ўқув нишони – тўртта сувусти ва иккита сувости кемаси йўқ қилинган. Шундай синовлар АҚШда ҳам ўтказилган.
1990 йил 29 майда СССР ва АҚШ президентлари Михаил Горбачёв ва Жорж Буш (каттаси) Европада тактик ядро қуролларини камайтириш ва уларнинг жанговар тайёргарлигини пасайтиришга келишиб олди. Тактик ядровий қуролларни камайтириш истаги икки томонда ҳам бор эди, аммо ташаббус АҚШдан чиққанди.
1991 йил 17 сентябрда Буш АҚШ ҳудудидаги барча артиллерия снарядлари ва тактик ракета каллакларидан ядровий ўқ-дориларни олиб ташлаш, уларни кейинчалик йўқ қилиш, кемалар, сувости кемалари ва денгиз авиациясидан ҳам тактик ядро қуролларини олиб ташлаш ва денгиздаги баъзи жанговар каллакларни йўқ қилиш ҳақида эълон қилди. Орадан 10 кун ўтиб Горбачёв Москва ҳам худди шундай чоралар кўришга тайёрлигини маълум қилди.
1992 йил бошида, СССР парчаланганидан сўнг Россия президенти Борис Елцин дарҳол келишувга содиқлигини тасдиқлади. Хусусан, Россия ерусти кемалари ва кўп мақсадли сувости кемаларидан тактик ядро қуролларини олиб ташлаш, уларнинг учдан бир қисмини йўқ қилиш, зенит-ракета ва авиабомба каллаклари сонини икки баравар камайтириш мажбуриятини олди.
Иккала давлат ҳам ўз мажбуриятларини бажаргани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Аммо шу пайтгача Россия ва АҚШ ҳарбий-денгиз кучларида ядровий қурол фақатгина ядровий сувости кемаларида жойлашган баллистик ракеталардагина бор эди.
«Жентльменча келишув»
Тактик ядро қуролларини Россия кемаларига қайтариш зарурлиги ҳақида 2022 йил августида Саров ядро марказининг фахрий илмий директори, академик Радий Илькаев айтган эди. Унинг сўзларига кўра, у бу ҳақда Россия ҳарбий-денгиз кучларининг марҳум бош қўмондони, адмирал Владимир Висоцкий билан гаплашган.
«Биз буюк денгиз давлатимиз ва мудофаамиз учун шундай кучли флотга эга бўлишимиз лозим. Аммо бундай флотни қуриш учун 100 йил керак бўлади ва бу жуда қимматга тушади. Ҳозир эса биз мавжуд имкониятлардан фойдаланган ҳолда мудофаамизни кучайтиришимиз керак. Бу имконият – тактик ядро қуролларидир. Улар ҳозир омборларда ётибди, нимага? Кўпчилик бизнинг флотимиз ҳозир аввалгидек кучли эмаслигини айтади», деган Илькаев.
Унинг эслатишича, тактик ядровий қуролларни қисқартириш қарори СССР президенти Михаил Горбачёв томонидан америкаликлар билан тузилган «жентльменча келишув» асосида қабул қилинган.
«1991-1992 йиллардан бери АҚШ ва Россия стратегик бўлмаган ядро қуролларини марказий омборхоналардан олиб ташлаган деб тахмин қилинади, бу президентнинг ядровий ташаббуслари эди», деган россиялик ҳарбий эксперт BBC нашрига. У ўз исми сир қолишини сўраган.
«Бу текшириб бўлмайдиган ва мажбурий бўлмаган келишув эди», дейди мутахассис.
Дунёда қанча тактик ядро қуроли мавжуд?
Мустақил экспертларнинг маълумотларига кўра, 2000-йиллар бошига келиб, Россияда 2000 га яқин стратегик бўлмаган ядро қуроли мавжуд бўлган.
Улардан беш юздан ортиғи сувусти ва сувости кемалари ҳамда зенит ракеталарига қарши қуроллар, шунингдек, кемалар ва сувости кемалари учун торпедалар, жумладан 250 тагача КР-55 «Гранат» ядровий қанотли ракеталаридир. Бундан ташқари, денгиз авиацияси томонидан ишлатилиши мумкин бўлган бир неча юзлаб тактик ядровий авиация ракеталари ва чуқурлик бомбалари мавжуд.
Худди шу ҳисоб-китобларга кўра, АҚШ беш юзга яқин тактик ядровий қуролга эга. Улардан 400 га яқини Б-61 бомбалари, юзтаси эса ядровий каллакларга эга денгиздан учирилувчи қанотли ракеталардир. Пентагон авиабомбаларни йўқ қилишга тайёрланаётганди, аммо энди, эҳтимол, бу режа қайта кўриб чиқилади.
Бешта расмий ядровий давлатдан фақат Буюк Британияда тактик ядро қуроллари мавжуд эмас. Лондон фақат стратегик кучларга эга. Францияда ҳаводан учириладиган 60 та тактик каллак бор. Хитой бўйича тасдиқланган маълумотлар йўқ, аммо Пекинда тактик ядро қуроллари борлиги аниқ. Ҳиндистон, Покистон, эҳтимол Исроил ва Шимолий Корея ҳам тактик ядро қуролига эга.
Кўпгина ядро қуроллари 1950-1960-йилларда ишлаб чиқарилган ва уларнинг фойдаланиш муддати тугаган. Россия расмий маълумотларига кўра, 2000-йиллар бошларида уларнинг барчаси марказлаштирилган сақлаш жойларига кўчирилган ва 30 фоизи утилизация қилинган.
«Аммо бу ҳисоб-китобларнинг методологияси жиддий шубҳаларни келтириб чиқаради», деб ёзган эди 2011 йилда Россия Фанлар академиясининг Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар институти Халқаро хавфсизлик маркази раҳбари, академик Алексей Арбатов.
Унинг сўзларига кўра, тактик ядро қуроллари икки мақсадли ташувчилардан фойдаланади, яъни махсус ва оддий қуролларни олиб юрувчи ташувчилар. Шу сабабли, тактик ядро қуролларини қисқартириш ёки йўқ қилиш жараёнини йўқ қилинган ракеталар, ташувчилар ёки платформалар сонини ҳисоблаш орқали назорат қилиб бўлмайди.
Бундан ташқари, тинчлик даврида тактик ядро қуроллари одатда ҳеч қандай ташқи кузатувчилар кўришига рухсат берилмайдиган омборларда сақланади. Ядровий портловчи қурилмаларни йўқ қилиш пайтида уларнинг конструкцияси тўғрисидаги махфий маълумотлар тарқалишининг олдини олиш учун қуролсизланиш бўйича бирор шартномада хорижий инспекторларнинг йўқ қилиш жараёнида иштирок этиши назарда тутилмаган.
Мавзуга оид
09:55
Кошта: Украинани ЕИга қабул қилиш бўйича музокаралар 2025 йилда бошланади
21:44 / 01.12.2024
АҚШ ядро қуролини Украинага қайтариш имкониятини кўриб чиқмаяпти
20:54 / 01.12.2024
Украина ҳеч қачон НАТОга қисман аъзоликка рози бўлмайди — Зеленский
23:12 / 30.11.2024