Жаҳон | 07:51 / 28.05.2024
2548
3 дақиқада ўқилади

Донор давлатлар сурияликларга ёрдам бериш учун яна 7,5 млрд евро ажратади 

Донор давлатлар Брюсселдаги анжуманда фуқаролик уруши ва табиий офатлардан жабр кўрган сурияликларга ёрдам бериш учун яна 7,5 миллиард евро ажратишга келишиб олди.

Фото: Petros Karadjias/picture alliance/AP

Донор давлатлар 27 май, душанба куни Брюсселда бўлиб ўтган анжуманда Сурия халқи ва қўшни давлатлардаги суриялик қочқинларга ёрдам бериш учун яна 7,5 миллиард евро ажратишга келишиб олди. 2024 йилда 3,8 миллиард евро грант шаклида, яна 1,2 миллиард евро кейинроқ ажратилади. 2,5 миллиард евро кредит шаклида берилади, дея хабар қилмоқда Associated Press.

Германия бу суммадан 1,053 миллиард еврони ажратади, деди Германия ташқи ишлар вазирлиги давлат вазири Тобиас Линднер анжуманда. Бу пуллар, жумладан, 2023 йил февралида минтақада юз берган ва 59 минг киши, жумладан, Сурияда 6 минг киши ҳалок бўлган даҳшатли зилзила оқибатларини бартараф этишга сарфланади. 

Сурияда фуқаролик уруши 2011 йилда бошланган. Жангларда 500 мингга яқин одам ҳалок бўлган, 23 миллионлик мамлакат аҳолисининг ярмига яқини уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган. Ҳозирда қўшни Туркия, Ливан ва Иорданияда 5,7 миллион суриялик қочқин бор. Башар Асад режими ва унинг мухолифлари ўртасидаги можаронинг мамлакат ичидаги сиёсий ечим истиқболи ҳали кўринмаяпти. 

2023 йилда Брюсселдаги донорлар конференциясида сурияликлар учун 5,6 миллиард евро йиғилган. 

Германия қочқинларни Сурияга мажбуран қайтаришга қарши

Яқинда Европа Иттифоқининг саккиз мамлакати – Австрия, Греция, Дания, Италия, Кипр, Малта, Полша ва Чехия Суриядаги вазиятни қайта кўриб чиқишга чақирди. Уларнинг фикрига кўра, мамлакатда «тўлиқ сиёсий барқарорлик» ҳали «қўлга киритилмаган» бўлса-да, Суриянинг айрим ҳудудлари у ерга қочқинлар қайтиши учун аллақачон хавфсиз деб ҳисобланиши мумкин. Бу ғояни Ливан ҳукумати қўллаб-қувватламоқда, у ерда Суриядан 780 мингга яқин қочқин кичик ҳудудда истиқомат қилади. 

Бироқ халқаро гуманитар ташкилотлар, масалан, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси суриялик қочқинларнинг оммавий қайтиши учун ҳозирча шароит йўқ, деб ҳисоблайди. Линднер, шунингдек, Брюсселдаги анжуманда Германия ҳукумати мамлакатдан қочган сурияликларни ватанига мажбуран жўнатишга қарши эканини айтди. «Биз аниқ айтишимиз керак: Сурияга қайтиш мамлакатдаги вазият хавфсиз бўлгандагина мумкин бўлади ва фақат ихтиёрий асосда амалга оширилиши мумкин», — дея унинг сўзларини келтиради dpa. 

Мавзуга оид