Жаҳон | 00:01 / 26.05.2023
15889
2 дақиқада ўқилади

Хитой газни Россиядан эмас, Туркманистондан олишни афзал кўрмоқда – Reuters

Хитой Россиянинг «Сила Сибири - 2» лойиҳаси ўрнига Туркманистон газини экспорт қилишга мўлжалланган янги қувурга устунлик бермоқда.

Фото: Reuters

Хитой газни Туркманистондан олишни афзал кўриб, Россиядан газ етказиб беришга мўлжалланган «Сила Сибири – 2» газ қувури қурилишини атайин чўзиши мумкин. Бу ҳақда Reuters ёзди. Хитойнинг «Сила Сибири – 2» газ қувури қурилишини кечиктиришга тайёрлигини Financial Times ҳам ўз манбаларига таяниб тасдиқлаган.

Россия 7 йилдан бери илгари сураётган 50 млрд кубометр қувватли «Сила Сибири - 2» лойиҳаси ўрнига Хитой Туркманистон газини экспорт қилишга мўлжалланган янги қувурга устунлик бермоқда.

Гарчи, туркман гази россияникидан 30 фоизга қимматроқ бўлса-да, Пекин йилига 30 млрд куб метр импорт қилинадиган «Туркманистон-Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой» газ қувурининг D (тўртинчи) линияси қурилиши лойиҳасига яшил чироқ ёқди.

«Марказий Осиё қувурлари Хитойнинг энергетика ва геосиёсий маконига асосий сармоя сифатида қаралади. Бу стратегик аҳамиятга эга таъминот занжири бўлиб, тижорат жиҳатларидан устун туради», деди исмини ошкор этмаган хитойлик расмий Reuters агентлигига.

Британиянинг Financial Times газетаси маълумотларига кўра, Хитой Мўғулистон орқали Россия газини етказиб беришни таъминлайдиган «Сила Сибири - 2» қувури қурилиши бўйича музокараларни чўзади. Яқинда бош вазир Михаил Мишустиннинг Хитойга ташрифи давомида ушбу газ қувури бўйича аниқ мажбуриятлар ҳақидаги ҳужжат имзоланмай қолган. Хитой Россиянинг Украинадаги ҳарбий амалиёти чўзилиб кетгани боис, лойиҳани амалга оширишга шошилмаяпти.

Мавзуга оид