Жаҳон | 09:57 / 29.11.2020
17337
7 дақиқада ўқилади

Францияда полициячини суратга олиш тақиқланиб, қоидани бузганлар қамалиши мумкин. Парижда тўқнашувлар бошланди

Икки ҳафтадан буён Франция бўйлаб мамлакат ички ишлар вазирлиги томонидан тайёрланган «Глобал хавфсизлик тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кенг муҳокама қилинмоқда. Бу қонун қабул қилингач, Францияда полиция ходимларини суратга ва видеога олиб бўлмайди. Қоидани бузганлар 45 минг евро жаримага тортилади ёки 1 йилгача қамалиши мумкин.

Фото: Thomas Coex / AFP / AFP / Scanpix / LETA

Қонун лойиҳаси парламентда муҳокама қилингач, унга қарши намойишлар бошланди. Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ташкилотлар Францияни бу қонунни қабул қилишдан қайтармоқда.

Қонун қабул қилинишига қаршиларнинг фикрича, у журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларига полиция томонидан содир этилган қонунбузарликларни ошкор қилишда қийинчилик туғдиради. Бироқ ҳукумат бундай фикрда эмас. Жумладан, Франция ички ишлар вазири Жеральд Дарманен 20 ноябрь куни журналист ва оддий фуқаролар полиция ходимларини юзларини ёпмасдан суратга олишлари мумкинлиги, қонундаги санкциялар фақат фото ва видеотасвирлар ҳуқуқ-тартибот органлари вакилларига қасддан зарар етказиш ёки зўравонликка чақирадиган изоҳлар билан тарқатилган тақдирдагина амал қилишини айтди.

Европа комиссиясининг расмий вакили Кристиан Виганд 23 ноябрь куни жамоат хавфсизлиги кафолатлари ва фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш ўртасида мувозанат бўлиши лозимлигини билдирди. Виганд ўз баёнотида Еврокомиссия турли мамлакатларда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳаларига изоҳ беришдан тийилишини, аммо журналистларга ўз ишларини эркин ва хавфсиз бажариш имкониятини бериш жуда муҳимлигини таъкидлаган. Шунингдек, у Еврокомиссия Европа Иттифоқига кирувчи мамлакатларнинг қонунчилик ҳужжатлари Европа қонунчилиги нормаларига мувофиқлигини текшириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолганини эслатди.

Фото: Thomas Coex / AFP / AFP / Scanpix / LETA

Франция бош омбудсмани Клэр Эдон қонундан полициячиларни суратга олган шахсларга жазо чораларини қўллаш ҳақидаги бандлар олиб ташланишини талаб қилди. Шунингдек, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари бошқармаси ҳам Францияда муҳокама қилинаётган қонун лойиҳасидан «чуқур ташвишдалиги»ни билдирган.

Мамлакатнинг ўзида ва халқаро ташкилотлар томонидан билдирилган кўплаб эътирозларга қарамай, 20 ноябрь куни тунда Миллий ассамблея депутатлари «Глобал хавфсизлик тўғрисида»ги қонунни қабул қилишни ёқлаб овоз беришган. Шундан сўнг Франциянинг кўплаб шаҳарларида бу қонунга қарши кенг кўламли намойишлар бошланиб кетди. Айрим ҳудудларда аҳоли вакиллари ва полиция ўртасида тўқнашувлар содир бўлди.

Сўнгги йилларда Францияда полиция ходимларининг обрўсини туширадиган воқеалар кўп содир бўлмоқда. Аҳоли вакиллари Ички ишлар вазирлиги касбига нолойиқ бўлганларни тизимдан четлатиш ўрнига уларнинг айбини ёпиш учун уларни суратга олишни тақиқлаётганидан норози.

Фото: Philippe Lopez / AFP / Scanpix / LETA

Парижда қора танли продюсер калтаклангани ҳолатни янада мураккаблаштирди

21 ноябрь куни 4 нафар полициячи Париждаги офислардан бирига бостириб кириб, қора танли шахсни калтаклаган. Кейинроқ жабрланувчи продюсер Мишел Зеклер экани маълум бўлди. У ўз машинасида тиббий ниқоб тақмаган ҳолда офисига келган. Орқасидан кузатиб келаётган полиция ходимлари офисга бостириб кириб, уни ҳақорат қилиб калтаклашган. Шундан сўнг продюсерни полиция бўлимига олиб кетиб, унга қарши бир қанча моддалар билан жиноий иш очишган.

Орадан бир неча кун ўтиб, 26 ноябрь куни Loopsider сайтида полиция ходимларининг Зеклерни калтаклаётгани акс этган видео пайдо бўлиб, тезда тарқалди ва уни кўрган одамлар полициянинг зўравонлигига қарши намойиш уюштириб яна кўчага чиқишди.

Натижада полиция Мишель Зеклерга қўйилган айбловларни бекор қилиб, уни қўйиб юборди. Унга зўравонлик қилган полиция ходимларининг хатти-ҳаракати устидан суриштирув бошланди. Аммо энди намойишларни тўхтатиб бўлмасди.

Франция президенти Эммануэль Макрон полиция ходимларининг қора танли фуқарога қилган зўравонлигини қоралади. «Полициячиларнинг Мишел Зеклерга қилингани каби ҳаракатларига йўл қўйиб бўлмайди. Бу уят. Францияда, ким билан содир бўлишидан қатъи назар, зўравонлик ва шафқатсизлик бўлмаслиги керак. Франция нафрат ва ирқчиликка йўл қўймайди», деган у.

Макрон ҳукуматдан полицияга ишончни тиклаш чораларини зудлик билан ишлаб чиқишни сўраган. «Вазифаси қонунлар бажарилишини назорат қилиш бўлган одамлар аввало ўзлари ўша қонунларни ҳурмат қилишлари керак», деган Франция президенти. У ушбу масалани ички ишлар вазири билан ҳам муҳокама қилган.

Зеклернинг калтакланишига оид кадрлар французларнинг ғазабини қўзғатди. Париж мэри Энн Идалго полициянинг Зеклерга нисбатан қилган ҳаракатларини қабул қилиб бўлмайдиган ҳолат деб атади. Ички ишлар вазири Жеральд Дарманен Зеклерни калтаклаганлар полиция формасига доғ туширишганини ва улар ишдан бўшатилишини айтди.

Зеклернинг полициячилар томонидан калтакланишини Франциядаги кўплаб таниқли кишилар ҳам қоралаб чиқишди.

Жумладан, Парижнинг «ПСЖ» клуби ҳужумчиси Килиан Мбаппе Зеклерни калтаклаган полициячиларни ирқчиликда айблаб чиқди. «Тоқат қилиб бўлмайдиган кадрлар. Чидаб бўлмас зўравонлик. Ирқчиликка йўл қўйманг», деб ёзган у твиттердаги саҳифасига Заклернинг қонга ботган юзи суратини жойлаб.

Франция полицияси шафқатсизликда айбланмоқда

Фото: Geoffroy van der Hasselt / AFP / Scanpix / LETA

Сўнгги пайтларда Франция полицияси тез-тез зўравонликда айбланмоқда. Зеклернинг калтакланишидан ташқари, Париж полицияси ходимлари шу ҳафта Париж марказидаги Республика майдонида жойлашган 500га яқин муҳожирлар лагерини тарқатишда шафқатсизлик қилган. Полиция ходимлари бу вақтда қаршилик билдирган муҳожирларни аёвсиз равишда калтаклаган. Бу ҳолатга тоқатсизлик қилган Франция фуқароларидан иборат фаоллар ҳам полицияга қаршилик кўрсатган ва ўртада тўқнашув келиб чиққан.

Полиция ходимларининг муҳожирларга нисбатан қилган ҳаракатлари акс этган видеотасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалди ва бу ҳам фуқаролар ғазабига сабаб бўлди. Ҳолатга изоҳ берган ички ишлар вазири твиттердаги саҳифасида видеотасвирларда муҳожирларга шафқатсиз муносабатда бўлаётган ходимларнинг хатти-ҳаракатидан ҳайратга тушганини, бу иш бўйича суриштирув бошлаб, айбдор ходимларга чора кўрилишини ёзди.

Фото: Benoit Tessier / Reuters / Scanpix / LETA
Фото: Joel Saget / AFP / Scanpix / LETA
Фото: Joel Saget / AFP / Scanpix / LETA
Фото: Christophe Petit Tesson / EPA / Scanpix / LETA
Фото: Thomas Coex / AFP / AFP / Scanpix / LETA
Фото: Francois Mori / AP / Scanpix / LETA
Фото: Alain Jocard / AFP / Scanpix / LETA
Фото: Benoit Tessier / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид