«Орол Орзуси» лойиҳаси муаллифлари жаҳон ҳамжамияти эътиборини Оролбўйи муаммосига қаратиш режаси ҳақида маълум қилди
Ўзбекистондаги таниқли ЭЛЕКТРООКО гуруҳи мамлакат тарихидаги энг таъсирчан мусиқий видеолардан бирини тақдим этди. «Эртанги кун» деб номланган мазкур клип Орол денгизининг қайтиши ҳақида бўлиб, у кенг қамровли лойиҳа – «Орол орзуси»га старт берди.
Клип тақдимоти бугун, 30 август куни Туризм ва спорт вазирлиги биносида бўлиб ўтди.
Сценарий муаллифи, режиссёр ва продюсер – журналист Никита Макаренко. Лойиҳа Ўзбекистон Миллий кинокомиссияси билан ҳамкорликда амалга оширилди.
«Биз бу ишга барча мавжуд куч ва ресурсларни сарфладик: Оролбўйи муаммоси, иқлим ўзгариши ва минтақамизда сувни асраб қолишнинг аҳамиятига максимал даражада эътибор қаратиш учун жонли, сохталикдан йироқ санъат асари яратишни истадик. Дунё бўйлаб кўпроқ одамларда бетакрор Қорақалпоғистон, унинг халқи ва маданиятига қизиқиш уйғониши ҳамда уларда бу ерларни кўриш истаги туғилишига умид қилиб қоламиз», дейди Никита Макаренко.
Лойиҳа ташкилотчиларига кўра, мусиқий видео Ўзбекистоннинг барча аҳолиси учун мамлакат мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ўзига хос совға бўлиши ва БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йилда Оролбўйи минтақасини «Экологик инновациялар ва технологиялар зонаси» деб эълон қилиш ҳақидаги резолюциясини қўллаб-қувватлайди.
Муаллифлар учун Ўзбекистоннинг космополитлигини намойиш этиш мақсадида мусиқада бир неча тиллардан иборат полифония яратиш муҳим аҳамиятга эга эди. Келажакда ғарб «юлдузлари »дан бири иштирокида клипнинг инглиз тилидаги версиясини яратиш режалаштирилган.
Мусиқий видеоролик Никита Макаренко ва Ўзбекистон Миллий кинокомиссиясининг кенг қамровли «Орол орзуси» лойиҳасининг бошланиши ҳисобланади. Шунингдек, муаллифлар ва ҳамкорлар Оролбўйи муаммоларини жаҳон оммавий маданияти саҳнасига олиб чиқиш, шунингдек, минтақанинг маданий ва интеллектуал ривожланишига ҳар томонлама кўмаклашиш мақсадида худди шу номдаги нотижорат ташкилотини таъсис этишмоқда.
«Орол Орзуси» лойиҳаси келгусида ҳам Оролбўйи муаммоларини нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида ҳам кўтаришда давом этмоқчи. Хусусан, Нукусда бир неча йўналишда бўлиб ўтадиган ранг-баранг фестиваллар, Игор Савицкий номидаги Қорақалпоқ Давлат музейида ўтказиладиган «Сув ҳақидаги хотиралар» кўргазмаси, АҚШда ўтказиладиган хайрия бали, «Орол орзуси» мангасини чоп этиш ва бошқа лойиҳалар режалаштирилган.