Ўзбекистон | 20:48 / 27.01.2021
15095
2 дақиқада ўқилади

Когон шаҳри тўртлиги ишдан кетиши мумкин. Президент шаҳарда ёшлар билан ишлаш даражасини танқид қилди

Президент Шавкат Мирзиёев 27 январь куни ёшлар бандлиги масаласида селектор ўтказди. Селекторда ёшларнинг кўплаб муаммолари ечилмай қолаётгани танқид қилинди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Мисол учун, Когон шаҳар 2-сектор раҳбари (шаҳар прокурори Ярашев) ёшлар билан учрашувда уларнинг 3 нафарини бир ҳафта муддатда иш билан таъминлайман, деб ваъда берган. Лекин орадан бир ой вақт ўтган бўлса-да, натижа йўқ», деди президент.

Давлат раҳбарига кўра, бу шаҳардаги бирорта сектор раҳбари жойларга тушиб ишламаяпти. Шу туфайли президент Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зариповга эртагача Когон шаҳри сектор раҳбарларининг лавозимга лойиқлигини ўрганиш бўйича топшириқ берди.

Ўзбекистонда 844 минг нафар ёшлар – ишсиз

Селекторда айтилишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 18–30 ёшлилар орасида расмий ишсизлик 17 фоиз ёки 844 минг нафарни ташкил этмоқда. Бу – умумий ишсизлик даражасидан 1,5 бараварга кўп.

«Ҳисобга олинмаган ишсизлар сони эса бундан-да юқори», – таъкидлади президент.

Таъкидланишича, ёшлар муаммоларини тизимли ҳал этиш мақсадида, Республика ишчи гуруҳи жойларда ўғил-қизларнинг таклифларини «маҳаллабай» ўрганмоқда.

Бугунги кунга қадар Бухоро, Жиззах, Навоий, Қашқадарё, Самарқанд, Тошкент вилоятлари ва пойтахтимизда 50 мингга яқин ёшлар билан мулоқотлар ўтказилган.

Билдирилган таклиф ва истаклар асосида, туман ва шаҳарлар кесимида «Ёшлар дастурлари» тасдиқланган.

Маълумот учун, Когон шаҳрига 2018 йил февралидан буён Ҳаким Ҳошимов ҳокимлик қилиб келмоқда.

Мавзуга оид