Ўзбекистон | 18:43 / 01.05.2024
8509
3 дақиқада ўқилади

Эксперимент: “квартплата”дан қарзи борларнинг свети ўчириб қўйилади

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятовга кўра, бундай тартиб ишлаб чиқилган ва “Ҳудудий электр тармоқлари” билан интеграция ишлари бажарилган. Бу тартиб тегишли қонунга ўзгартириш киритилгач, эксперимент тариқасида Навоий шаҳрида синаб кўрилади.

Кўп квартирали уйларнинг умумий мулкини сақлашдаги мажбурий бадаллар ва тўловлардан қарздорлиги мавжуд мулкдорлар электр тармоғидан узиб қўйилиши мумкин. Бу ҳақда АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Шерзод Ҳидоятов маълум қилди.

Вазирнинг биринчи ўринбосари Kun.uz журналистининг бу тартиб ва эксперимент учун нега айнан одамларнинг тўлов қобилияти юқори бўлган Навоий шаҳри танлаб олингани ҳақидаги саволга жавоб қайтарди.

“Президентимизнинг қарори билан шундай тартиб ишлаб чиқиш бўйича топшириқ бўлган ва тартиб ишлаб чиқилган. Нима учун Навоий шаҳри танланган? Сабаби Навоий вилоятида одамлар тўлов борасида бошқа ҳудудларга қараганда тартибли, ўз вақтида тўлаш фоизи юқори. Тўламаган фуқароларнинг эътирозларини ўрганишда бирданига катта резонанс бўлмаслиги учун Навоий танланган.

Бизда биллинг тизим ишлаб чиқилган, тизимга боғлаганмиз, электр тармоқлари билан интеграция ишларини ҳам тайёрлаб қўйганмиз. Ҳаммаси бўлган. Лекин ҳозирги кунда бу ишни амалга ошириш учун тегишли қонунга ўзгартиришлар киритилиши керак. Энергетика вазирлиги ҳозирда бу билан ишлаяпти. Биласиз, чиқиндини ҳам электр энергиясига боғлаш масаласи турганди. Қонунга келганда бу ишлар тўхтаб турибди. Қонун тасдиқлангандан кейин интеграция бўлиб, бу иш амалга ошади.

Бу жуда ҳам яхши самара беради, деб ўйлайман. Сабаби, битта кўп қаватли уйда 50 та хонадон бўладиган бўлса, 40 та хонадон ўз вақтида тўласа ва 10 та хонадон тўламагани учун хизмат кўрсатилмаса. Нега 40 та хонадон эгалари тўламаган 10 та хонадон учун бу хизматдан фойдалана олмаслиги керак? Кўп қаватли уйларда яшовли аҳолига хизмат қилишни хоҳлаймиз, лекин тўлов масаласида кўп нарсалар келиб чиқяпти. Шу муаммоларни бартараф этиш учун ҳам қилинган бу”, дея таъкидлади Шерзод Ҳидоятов.

У вазирнинг буйруғи билан мажбурий бадалларнинг энг кам миқдори тасдиқлангани, ушбу миқдор ҳудудлардаги уй-жой мулкдорлари ширкатлари томонидан оширилиши мумкинлигини айтиб ўтди.

Матбуот анжуманида маълум қилинишича, бугунги кунда республикада 42 057 та кўп квартирали уйлар бор. Шундан 38 686 та уйга 819 та бошқарувчи ташкилот, 836 тасига 156 та уй-жой мулкдорлари ширкати хизмат кўрсатади. 1 130 та уй ўзини ўзи бошқариш ва 1 405 та уй идора ва ташкилотлар балансида.

2023-2024 йиллар республикадаги 5 684 та кўп квартирали уйларда жами 278,6 млрд сўмлик таъмирлаш ишлари амалга оширилган. 2024 йил 30 апрел ҳолатига аҳолининг бошқарув органлари олдидаги мажбурий бадал тўловидан 207 млрд сўм қарздорлиги мавжуд.

Аввалроқ қурилиш ва уй-жой хўжалиги вазирининг буйруғи билан кўп квартирали уйлардаги мажбурий бадалларнинг энг кам миқдорлари тасдиқлангани, тўловлар ҳудудлар кесимида бинода коммуникация тармоғи, лифт бор ёки йўқлиги ҳамда қаватлар сонига қараб турлича бўлиши хабар қилинганди.

Мавзуга оид