Жамият | 12:46 / 15.09.2021
7645
4 дақиқада ўқилади

Ногирон пенсионер рози қилинадими? — Самарқанд шаҳар ҳокимлиги 12 йил аввалги снос учун ер бериши керак

Таҳририятимизга мурожаат қилган самарқандлик II гуруҳ ногирони, 69 ёшли Нажми Амриев 11 йилдан буён бузилган мулки эвазига компенсация сифатида ер майдони ажратиб берилмаётганини таъкидлади.

«Зора матбуотдаги чиқишдан сўнг ишларим юришиб кетса, мени қийнаётган масала раҳбарлар эътиборига тушса», дейди у.

Нажми аканинг ҳикоя қилиб беришича, 2009 йилнинг бошида у аввалроқ харид қилган сўнгра унинг эгалигида бўлган, Самарқанд шаҳри академик Воҳид Абдуллаев кўчаси ёқасида жойлашган автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси Афросиёб тепалиги яқинида — маданий мерос ҳудудида жойлашгани сабабли (давлат ва жамият эҳтиёжлари учун) бузилади.

Воқеа тарихи нақадар кўҳналигини ҳис қилиб кўришингиз учун таққос: бу воқеа рўй берганда ҳали Лионел Месси бирорта «Олтин тўп» олмаган эди.

Қурилиш ости майдони 37,17 квадрат метр, умумий ер майдони 1389,4 квадрат метр бўлган АЁҚШ ўрнига ўша вақтда на пул, на ер ваъда қилинади. Самарқанд шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган Зойир Мирзаев буйруғи билан бузиб ташланган АЁҚШ ўрнида кўкаламзорлаштирилган майдон ҳосил қилинади.

Нажми Амриев кўрилган зарар, йўқотилган фойдаларини ундира олмаслигига кўзи етиб бўлган, «давлатдан пул олиб бўлмайди», деган хулосага келади.

Нажми Амриев бу борада 2009 йилдаёқ шаҳар ҳокимлиги билан судлашади. Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг 2009 йил 23 июнь кунги ҳал қилув қарорига асосан, Самарқанд шаҳар ҳокимлиги зиммасига шаҳар ҳудудидан 1389,4 кв.м ер ажратиб бериш мажбурияти юкланади, даъвогарнинг моддий зарарни ундириш тўғрисидаги талаблари қаноатлантирилмайди.

Суд компенсацияни қоплаш тўғрисида қарор чиқаради. Ижро ҳужжати 12 йил давомида ижро этилмасдан келади. «Орада 4 марта ҳоким алмашди», дейди Н.Амриев.

Нажми Амриевга кўра бугунги кунга келиб бозор нархи 200 минг АҚШ долларига етиши мумкин бўлган АЁҚШ учун шаҳар ҳокимлиги 12 йил давомида суднинг ҳал қилув қарорини писанд қилмасдан, компенсация тўламай келган. Турли мурожаатлар, музокаралардан сўнг ўтган йили Н.Амриевга Самарқанд шаҳар Шоҳи Зинда маҳалласи ҳудудидан лозим бўлганидан 10 баробар кам - 134 кв.м ер ажратиб берилади.

Н.Амриевнинг ижро муддатини тиклаб, ижро ишидан дубликат бериш тўғрисидаги аризаси 2021 йил 15 июнь куни Фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судида кўрилиб, ажрим чиқарилади ва шу ажримга асосан МИБ Самарқанд шаҳар бўлими 2021 йил 22 июнда ижро ишини қайтадан қўзғатади.

Ҳозирча, Нажми Амриев эриша олган нарсалар — 134 кв.м ер ва ижро варақаси. У шу пайтгача Президент Халқ қабулхонаси, Олий суд, Бош прокуратура, Омбудсман, Самарқанд вилояти ҳокимига 20 мартадан ортиқ мурожаат қилган ва тайинли жавоб ололмаган.

Хўш, Мажбурий ижро бюроси бундай ҳолатларда — қарздор шаҳар ҳокимлиги бўлганда ундириш учун қандай йўл тутади? Самарқанд шаҳар ҳокимлиги бу масалани қандай ҳал қилади? Фуқароларни рози қилиш президент томонидан бош тамойил этиб белгиланган бугунги кунларда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги пенсионер отахонни рози қила олармикан?

Ҳар икки давлат органи бу саволларга жавобни ўзларининг расмий муносабатларида баён этсалар ажаб эмас.

Шуҳрат Шокиржонов, Kun.uz махсус мухбири

Мавзуга оид