Ўзбекистон | 13:38 / 06.05.2022
5967
3 дақиқада ўқилади

2021 йилда 20 нафар ўғил ва 27 нафар қиз бола чақалоқлар савдоси объектига айланган

Сенат 2021 йилда одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида амалга оширилган асосий ишлар ҳақида ахборот берди.

Фото: Shutterstock

Қайд этилишича, 2021 йилда Ички ишлар вазирлигига одам савдоси билан боғлиқ жами 840 та мурожаат, шундан, 144 таси “долзарб алоқа тармоғи” орқали ва 696 таси бошқа манбалардан келиб тушган.

Мурожаатларнинг 162 таси бўйича 195 нафар айбдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган, 300 таси бўйича фуқаровий-ҳуқуқий муносабатлар доирасида ҳал этилиши юзасидан малакали ҳуқуқий тушунтириш берилган, 378 таси амалий ёрдам кўрсатилиши муносабати билан қаноатлантирилган. 

Жиноят кодексининг 135-моддаси бўйича 162 та одам савдоси жиноятлари аниқланган. Шунингдек, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар туркумига кирувчи жиноятлар, хусусан “Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш” (ЖКнинг 128-моддаси) бўйича 338 та ҳамда “Қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш” (ЖКнинг 131-моддаси) бўйича 1 043 та жиноят аниқланган.

Одам савдосига (ЖКнинг 135-моддаси) оид содир этилган жиноятлар бўйича 195 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган бўлиб, улардан 156 нафарини (80 фоиз) аёллар ва 39 нафарини (20 фоиз) эркаклар ташкил этган.

Жиноятларнинг 96 таси шаҳвоний, 11 таси меҳнат эксплуатацияси ва 55 таси чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар.

Сенат раиси Танзила Норбоева 2021 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш  ва айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш кўрсаткичлари ортганини қайд этди.  
"2021 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш ишлари 2020 йилга нисбатан 43 фоизга, айбдор шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш ишлари 47,5 фоизга ортган. Ушбу йўналишларда амалга оширилаётган ишлар халқаро ҳамжамият томонидан ҳам ижобий баҳоланиб, мамлакатимиз имижини оширишга хизмат қилмоқда", дейди Танзила Норбоева.

2021 йилда вояга етмаган шахслардан шаҳвоний мақсадларда фойдаланиш ҳолатлари 2020 йилга нисбатан қарийб 2 бараварга кўп аниқланган бўлиб, ушбу ҳолатлар асосан Бухоро, Самарқанд, Сирдарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳрида қайд этилди. Шаҳвоний мақсадларда содир этилган жиноятдан 120 нафар аёл жабрланган.

20 нафар ўғил ва 27 нафар қиз бола чақалоқ савдоси жабрдийдаси бўлган. 2021 йил давомида чақалоқ савдоси билан боғлиқ 55 та жиноятлар аниқланган бўлиб, 73 нафар шахслар жиноий жавобгарликка тортилган.

Мамлакатда судлар томонидан 155 нафар шахсга нисбатан 107 та одам савдоси билан боғлиқ жиноят иши кўрилган бўлиб, 1 нафар шахсга нисбатан оқлов ҳукми, 154 нафар шахсга нисбатан айблов ҳукми чиқарилган.

Мавзуга оид